Ўзбекистон – қадимий тарихга эга, кўп миллатли мамлакат. Бу ерда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч ва тотув ҳаёт кечираётгани бағрикенглик ва инсонпарварлик сиёсатининг натижасидир. Ҳар жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар даври рамзий маънода “Янги Ўзбекистон” деб аталаётган экан, унинг тараққиётида бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат жамиятнинг барча соҳалари учун асосий қадриятга айланди.
Бугун Ўзбекистон дунёга бағрикенгликнинг ҳақиқий намунаси сифатида тақдим этилмоқда – бу ерда миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик сўздагина эмас, балки амалий ҳаётда ҳам яққол кўринади. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, натижада Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан тинчлик ва бағрикенглик маркази сифатида эътироф этилди.
Мамлакатдаги бағрикенглик тамойилининг ҳуқуқий асослари яратилганини ҳам эътироф этиш жоиз. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида барча фуқаролар тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, улар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамлаб қўйилган. Бош қомусимизнинг 35-моддаси фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлайди, ҳар ким ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга[1].
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 ноябрь куни “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармон билан миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.
Бундан ташқари, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Концепция инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлашга йўналтирилган[2].
Шунингдек, 2021 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги”ги қонун ҳам бағрикенгликнинг муҳим ҳужжатидир. Унда динлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, динга эътиқод қилувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва камситишнинг олдини олиш каби нормалар ўз ифодасини топган. Бу ҳужжатлар халқаро стандартларга мос келиб, Ўзбекистоннинг тинчлик ва ҳамжиҳатлик сиёсатининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда 2025 йил август ойи ҳолатига мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ортиқ бўлиб[3], унда ўзбеклар 84,6 фоизни, тожиклар 4,8 фоизни, қозоқлар 2,3 фоизни, қорақалпоқлар 2,2 фоизни, руслар 2,1 фоизни ва бошқа миллатлар 4 фоизни ташкил этади[4]. Бу нафақат рақамлар, турли миллат вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдаги турмушидан далолат қилишини унутмаслик керак.
Жиззах вилояти мисолида ҳам миллатлараро ҳамжиҳатликнинг амалий намунасини кўриш мумкин. Вилоят аҳолисининг асосий қисмини ўзбеклар ташкил этса-да, рус, тожик, қозоқ, татар, қирғиз, корейс ва бошқа миллат вакиллари ҳам тинч-осойишта, аҳил ҳаёт кечириб келмоқда. Жумладан, ҳудуд аҳолисининг 85,6 фоизи ўзбеклар, 4,5 фоизи руслар, 2 фоизи тожиклар, 1,8 фоизи қозоқлар, 1,2 фоизи татарлар, 0,7 фоизи қирғизлар, қолган 4,2 фоизи эса бошқа миллат вакилларидан иборатдир. Бу кўрсаткичлар вилоятда миллатлараро тотувлик ва дўстона муносабатлар амалда таъминланганидан далолат беради.
Янги Ўзбекистонда ҳар бир миллат ўз тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиши учун зарур шароитлар яратилган бўлиб, бу бағрикенгликнинг ҳақиқий намунасидир. Мамлакатимизда миллатлараро бағрикенгликни таъминлаш ва ривожлантириш мақсадида бир қатор муҳим ташкилотлар фаолият юритмоқда. Жумладан, “Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси” бу йўналишдаги давлат сиёсатини амалга оширувчи муҳим орган ҳисобланади[5]. Ушбу қўмита мамлакатимиздаги 157 та миллий маданий марказ, хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда[6].
Жиззахда қозоқ, қирғиз, тожик, татар, корейс ва рус миллий маданий марказлари фаолият юритиб, улар ўз ўрнида турли этник гуруҳлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш баробарида тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини сақлашда муҳим ўринга эга ҳисобланади.
Мамлакатимизда 30-июль – “Халқлар дўстлиги” куни деб эълон қилинган бўлиб, бу байрам ҳар йили кенг нишонланади[7]. Мазкур байрам кенг миқёсли сайлга айланиб, Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакиллари ҳам сайллар, маданий тадбирлар, гастрономик кўргазмалар орқали ўз маданияти, тили, урф-одатларини тарғиб қилиш имконига эга бўлади. Байрам бир неча миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим ўринга эга ҳисобланади. Шу билан бирга, “Бағрикенглик ҳафталиги” каби тадбирлар ҳам турли миллат вакилларининг маданияти, санъати ва анъаналари кенг намойиш этиш имкониятини беради[8]. Шунингдек, 2024 йилда Тошкентда ўтказилган “Ислом тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция дунё раҳбарларини жалб этиб, глобаллашув шароитида бағрикенгликни тарғиб қилишнинг муҳимлигини намоён этган[9].
Давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси ҳам дин эркинлигини таъминлаш ва камситишнинг олдини олишга қаратилган[10]. Бу чора-тадбирлар нафақат миллатлараро, балки динлараро ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлайди, чунки Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлса-да, бошқа динлар вакиллари ҳам эркин фаолият юритади.
Бағрикенглик – буюк тарихимизнинг ажралмас қисми. Буюк аждодларимиз амалга оширган ишлар бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, давлатчилик тарихида муҳим ислоҳотлар билан ёд этилувчи саркарда Амир Темур ўз давлатида турли дин ва миллат вакилларига эркинлик бергани, буюк алломаларимиз, жумладан, Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий каби зотлар ўз асарларида инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этишгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги Янги Ўзбекистон аждодлар тажрибасига таяниб, бу анъаналарни давом эттирмоқда.
Масалан, юртимизда 16 та диний конфессия ва 2 276 та диний ташкилот фаолият юритиб, уларнинг 166 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоийлик, 1 таси кришна жамияти ва 1 таси будда ибодатхонаси ҳисобланади[11]. Буларнинг барчаси мамлакатимизда диний эркинликлар тўла таъминланганидан далолат беради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари 7 та тилда фаолият юритади. Мавжуд 10 мингдан ортиқ мактабнинг 245 таси қорақалпоқ, 143 таси қозоқ, 92 таси тожик, 88 таси рус, 23 таси туркман, 21 таси қирғиз тилида таълим берадиган мактаблар ҳисобланади[12]. Шу жумладан, Жиззах вилоятининг Фориш, Дўстлик, Бахмал, Зомин ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги мактабларда дарслар ўзбек, рус, қозоқ, тожик ва рус тилларида олиб борилади.
Миллий телерадиокомпания томонидан ТВ ва радио дастурлари узатишда ўзбек, рус, инглиз, корейс, тожик, қозоқ, туркман, қозоқ, қирғиз, татар каби тиллардан фойдаланган ҳолда эфирлар, кўрсатувлар узатилади. Шунингдек, турли миллатларнинг миллий театрлари ва газета-журналлари фаолият юритаётганини ҳам қайд этиш керак. Буларнинг барчаси мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида миллатлараро тотувликка эътибор қаратаётганидан дарак беради.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Бу сиёсат ҳуқуқий асослар ва маданий марказлар фаолияти билан қўллаб-қувватланмоқда, ҳамкорлик иқтисодиёт, маданият ва таълим соҳаларида ҳам кўринади. Жиззах вилояти мисолида ҳам турли миллат ва элат вакиллари аҳил ҳаёт кечириб, жамият барқарорлигига ҳисса қўшмоқда. Шу ислоҳотлар туфайли бугун Ўзбекистон тинчлик ва бағрикенгликнинг ҳақиқий намунасига айланганини кўриш мумкин.
Ёрқин САДИКОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
[1] https://lex.uz/docs/6445145
[2] https://uza.uz/uz/posts/totuvlik-va-hamzhihatlik-eng-katta-boyligimiz_189616
[3] https://t.me/statistika_rasmiy/6256
[4] https://t.me/statistika_rasmiy/1250
[5] https://gov.uz/oz/icc
[6] https://parliament.gov.uz/oz/news/milliy-madaniy-markazlar-bilan-hamkorlikni-kengaytirish-boyicha-takliflar-berildi
[7] https://kun.uz/kr/10985665
[8] https://yuz.uz/news/mamlakatimizda-bagrikenglik-haftaligi-boshlandi
[9] https://uza.uz/uz/posts/islom-tinchlik-va-ezgulik-dini_646028?q=%2Fposts%2Fislom-tinchlik-va-ezgulik-dini_646028
[10] https://yuz.uz/news/bmtning-marifat-va-diniy-bagrikenglik-rezolyutsiyasining-mohiyati-va-ahamiyati
[11] https://strategy.uz/index.php?news=1014
[12] https://aniq.uz/yangiliklar/maktab-talimi-tizimi-muammolar-va-istiqbollar