Арнасой туманида таълимга эътибор, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича республикага намуна қилиб кўрсатса арзийдиган ишлар қилинмоқда.
Туман ҳокими соврини учун умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида инглиз тили билимдонлари аниқланди. Туман раҳбари ғолибга Дубай, 2-ўринга Зомин ва 3-ўринга Бўстонлиқ туманига саёҳат мукофотини ваъда қилган эди. Аммо якунда барча ўрин соҳиблари ҳамда уларнинг ота-онаси, мактаб директори ва фан ўқитувчиси Дубай шаҳрига бир ҳафталик таълим саёҳатига юборилди. 8-16 сентябрь куни 14 нафар арнасойликлар мазкур саёҳатда бўлиб қайтишди.
-2024 йилда туманимизда инглиз тилидан В2 даража сертификатига эга ўқувчилар сони атиги 8 нафар эди, – дейди туман ММТБ бошлиғи Гулчеҳра Турлибекова. – Улар сафини тўлдриши мақсадида пойтахтдаги йирик ўқув маркази билан ҳамкорликда Мосk тест – синов имтиҳонлари ўтказдик. 100 нафардан зиёд тил ўрганаётган ёшларнинг 20 нафарида юқори кўрсаткич аниқланди ва улар ҳақиқатда миллий сертификат олиш учун имтиҳон топширганда кўзланган натижага эришдилар. Бу усулда ҳар икки ойда иқтидорли ўқувчиларни саралаб бордик ва бугунга келиб инглиз тилидан В2 даражага эга мактаб ўқувчилари сони 70 нафарга яқинлашиб, умумий тўплаган балли ҳам ошиб борди.
Туман ҳокими Одил Мусанов бу ташаббусга рағбат ҳиссасини қўшди. Август ойигача миллий сертификат имтиҳонида энг юқори балл тўплаган ўқувчиларни таълим саёҳатига юбориш таклифини билдирди. Бу рағбат ўқувчилар, устозлар, ота-оналарни янада кўпроқ изланишга чорлади.
2024-2025 ўқув йили давомида Multi level имтиҳонларида Арнасой туманидан мактаб ўқувчилари ўртасида энг юқори – 66 балл тўплаган 20-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шаҳризода Ҳафизова биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар 8-мактаб ўқувчилари Рухшона Рустамова, Бахтиёр Бобоёровга тегишли бўлди.
-Менинг тил ўрганишга қизиқишим шу даражада юқори баҳоланади, деб ўйламаган эди, – дейди Шаҳризода Ҳафизова. – Ота-онам, устозим ва мактаб директоримиз бирга хорижда бир ҳафта мириқиб саёҳат қилдик. Бу рағбат менга илм олишнинг фойдаларини амалда кўрсатди. Юртимизда ёшларга эътиборнинг энг ёрқин мисолидир бу.
Муваффақиятли ўтган илк танловдан сўнг туманда янги ташаббуслар билдирилмоқда. Энди инглиз тилидан тегишли даража бўйича юқори балл тўплаган ўқувчиларнинг 10 нафари ота-онаси билан бирга Туркия давлатига, математика фанидан шундай натижага эришган 20 нафар ўқувчи Хитой давлатига таълим саёҳатига юборилади. Тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари бу саёҳатга ҳомий бўлиш таклифини билдиришди.
Туман ММТБга кўра, Арнасойда бирорта ўқув маркази мавжуд эмас эди. Яқинда илк шундай марказ очилди, мактабларда фан тўгараклари жонланди. Ота-оналарнинг фарзандлари таълимига эътибори янада кучайди. Яқинда бўшаб қолган бино ўрнида яна бир ўқув маркази ишга тушиши режалаштирилган.
Муқаддас САПАРОВА.