Спорт устаси, кўплаб таниқли дзюдочиларнинг устози, самимий ва жонкуяр инсон Наргиза Азимовани спорт жамоатчилиги яхши билади. Айниқса, яқинда унинг давлатимиз раҳбари томонидан “Соғлом турмуш” медали билан мукофотлангани мураббийнинг узоқ йиллик меҳнатларига берилган улкан рағбат бўлди.
–Президентимиз томонидан берилган юксак мукофот мен учун катта шараф ва масъулиятдир,—дейди Наргиза Азимова.— Бу мукофот фақат шахсий меҳнатим эмас, балки бутун жамоамиз, ўқувчиларим ва ҳамкасбларимнинг саъй-ҳаракатлари самарасидир, десам адашмайман. Дзюдо спорт тури орқали ёшларга соғлом ҳаёт тарзини сингдириш, уларни маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш менинг асосий мақсадим бўлиб келган. Ҳукуматимизнинг бундай эътибори биз мураббийларга янада кўпроқ куч ва шижоат бағишлайди.
Наргиза Азимова 1982 йили Пахтакор туманида туғилган. У дзюдо тури билан профессионал тарзда шуғулланиб, салкам 15 йил давомида мамлакат ва халқаро миқёсдаги турли нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлди. 1998 йилда самбо бўйича Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Ёш бўлишига қарамай бир неча марта мамлакат биринчиликларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Умидли спортчининг меҳнатлари кейинчалик эътироф этилиб, 1999 йилда унга спорт устаси даражаси берилди. Изланувчан мураббий билимларини ошириш мақсадида Жиззах давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетига ўқишга кириб, уни 2003 йили муваффақиятли тамомлади. Айни дамда у халқаро дзюдо академиясида таҳсил олаяпти.
Мураббийликдаги 25 йиллик фаолияти давомида Наргиза шогирдларига аввало, дзюдо фалсафасини ўргатишга ҳаракат қилди. Жисмоний тайёргарликдан кўра, руҳий хотиржамлик муҳимлигини уқтиради.
Иқтидорли мураббий ҳозирда Пахтакор туман спорт мактабида фаолият олиб бориш билан бирга терма жамоамизнинг ёш спортчиларига ҳам ушбу соҳанинг сир-асрорларини ўргатиб келади. Дзюдодан ташқари самбо бўйича ҳам шогирдлар тайёрлайди. Туман спорт мактабида 50 га яқин ёш қизлар унинг қўлида тарбияланмоқда. Бу ерда яқин орада махсус дзюдо зали фойдаланишга топширилади. Бу эса ушбу спорт турига қизиқувчи ёшлар учун яна бир катта имконият.
Иқтидорли ва интизомли шогирдлари Динора Ҳасанова, Гулмира Холмирзаева, Севинч Исроилова, Деспина Бочкова, Севинч Исакова, Дилруҳ Ҳасановалар мамлакат ҳамда қитъа чемпионатларида бирин-кетин ўз маҳоратларини кўрсатиб келишаётир. Медалларнинг сон ва сифат жиҳатидан салмоғи йилдан-йилга ортаяпти. Ўтган йили ўтказилган турли миқёсдаги турнирларда Наргиза Азимованинг шогирдлари жами 34 та медаль жамғаришди (10 та олтин, 6 та кумуш, 18 та бронза).
Жумладан, яқинда Болгариянинг София шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида умидли ёшларимиздан Динора Ҳасанова ҳамда Гулмира Холмирзалар терма жамоа сафида кумуш медалларни қўлга киритишганди. Шундан сўнг вилоят ҳокимлигининг анжуманлар залида ўтказилган спортчи ва мураббийларни тақдирлаш маросимида Наргиза Азимова ҳамда унинг шогирдларига пул мукофотлари топширилди. Жонкуяр мураббий вилоятимиз раҳбари Улуғбек Мустафоевнинг қўлидан “Соғлом турмуш” медалини қабул қилиб олди.
–Устозим нафақат дзюдо соҳасида билимли ва тажрибали мураббий, балки ёш спортчилар иқтидорини тўғри йўналтира оладиган меҳрибон инсон сифатида ҳам алоҳида ажралиб туради, – дейди шогирдларидан бири Динора Ҳасанова. – Наргиза опа ҳар бир шогирди билан алоҳида дастур асосида ишлай олади. Кимнинг қайси жиҳатлари кучли, қаерда камчиликлари борлигини кўриб, шу йўналишда машқларни ташкил этади. Машғулотларда қачон жиддий бўлиш, қачон руҳлантириш ва рағбатлантириш беришни яхши билади. Устозимиздан нафақат спорт, балки ҳаёт йўлида ҳам катта сабоқ оламиз, тартиб-интизомни ўрганиб борамиз.
Ҳозирда Наргиза Азимова шогирдлари билан жорий йилда 5-7 октябрда Перуда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Жонкуяр мураббий фаолияти давомида жамиятимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва шакллантириш, келажак авлод эгаларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши йўлида ўз меҳнатини аямай келмоқда. Спортдаги бундай устозлар нафақат чемпионлар, балки кучли ирода ва юксак мақсадларга интилувчи инсонларни ҳам тарбиялайди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.