Арнасой туманидаги BMB AGRO далаларида қовоқ сайли ташкил этилди. BMB HOLDING тизимига кирувчи корхоналар ходимлари учун уюштирилган ушбу сайил кўтаринки кайфиятда, анъанавий руҳда ўтди.
Айтиш жоизки, бу йил Арнасой далаларида етиштирилган қовоқлар нафақат миқдор, балки сифат жиҳатидан ҳам ажралиб турди. Катта-катта ва ранги ёрқин қовоқлар ташриф буюрганларнинг диққатини тортди.

Арнасойда асосан қовоқнинг истеъмолбоп ва қайта ишлашга мўлжалланган навлари парваришланмоқда. Бунда кимёвий воситалар мутлақо ишлатилмайди. Одатдаги қовоқлардан фарқли равишда 10 килограмдан 35-40 килограмгача тош босади. Улар шаклан ва вазн жиҳатидан катта бўлганлиги билан бирга ўзининг ширинлигини сақлаб қолади. BMB HOLDING корхоналарида қайта ишланиб, қуритилган, музлатилган маҳсулотлар Германия, Бельгия ва Европанинг бошқа давлатларига экспорт қилинаяпти.

Сайил давомида иштирокчилар қовоқ ҳосили билан яқиндан танишиш, табиат қўйнида дам олиш ҳамда бирдамликни мустаҳкамлаш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Шунингдек, гулхан атрофида таниқли эстрада хонандаси Шуҳрат Дарёнинг жонли ижросидаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

Бир сўз билан айтганда, қовоқ сайли – жамоа ўртасидаги дўстона муҳитни кучайтириш, маҳаллий хўжаликда етиштирилаётган маҳсулотларни кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим тадбир сифатида катта аҳамият касб этди.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.