МИНТАҚАВИЙ ҲАМКОРЛИК ЯНГИ БОСҚИЧДА

  • Муносабат

 Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтказилган навбатдаги саммитда Президент Шавкат Мирзиёев туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Муҳим таклифлар қаторида стратегик шериклик, адабий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилиниши, Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясининг ишлаб чиқилиши ташаббуси янада аҳамиятли.

Зотан, 2024 йил ноябр ойида Бешкек шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳам Юртбошимиз томонидан Туркий дунёни янада жипслаштириш, унинг мавқейини ошириш, ўзаро манфаатли, дўстона алоқаларни чуқурлаштириш ва ҳамкорликларни янги босқичга кўтариш тўғрисида бир қатор таклифлар айтилган эди.

Теранроқ фикр юритилганда бу икки мамлакатнинг кўп йиллик ҳамкорликлари Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва интеграция жараёнларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2023-2024 йилларда Бакуда Ўзбекистон Маданият кунлари, Ўзбекистонда Озарбайжон Маданият кунлари ўтказилганлиги, иккала юртнинг Хива ва Шуша, Самарқанд ва Ганжа, Бухоро ва Ланкарон, Қўқон ва Шеки каби тарихий шаҳарлари билан қардошлик шартномалари имзолангани бир неча йиллар мобайнида давом этаётган ҳудудлараро муносабатларнинг янада мустаҳкамланаётганидан даракдир.

Қолаверса, Боку шаҳрида – Озарбайжон Президенти кутубхонасида “Озарбайжон адабиёти ўзбек тилида” номли лойиҳа тақдимоти ўтказилгани, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Озарбайжон адабиёти ва маданияти хонаси, Ўзбекистон давлат консерваториясида Узайр Ҳожибеков номидаги Озарбайжон — Ўзбекистон мусиқа маданияти хонаси ташкил этилгани замирида ҳам маърифий уйғунликлар мужассам.

XX аср бошларида асос солинган, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Маннон Уйғур каби ҳурриятсевар зиёлиларни бирлаштирган “Турон” кутубхонаси ҳамда XIX аср охирларида дастлабки қироатхона сифатида ташкил этилган Шуша кутубхонаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми ҳам бунга яққол мисолдир.

Кўриниб турибдики, ҳам сиёсий, ҳам дўстона муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликлар туркий давлатларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўз навбатида ёш авлод вакилларининг онгу шуурида қардош халқлар ҳақидаги билимларини бойитиб, ҳурмати ва муҳаббатининг юксалишига сабаб бўлмоқда. Минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичларда давом этиши халқаро қадриятларнинг, уйғунлашган маданий тизимларнинг тинчликсевар тамойиллар асосида янада мустаҳкам шаклланишига замин бўлади.

Бугунги кунда дунёнинг бир қанча мамлакатлари сиёсий низоларга, ижтимоий-иқтисодий инқирозларга юз тутиб бораётган даврда тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, хавфсизлик чоралари борасида қўшни мамлакатлар билан биргалик қудратини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий ва амалга ошиб бораётган мақсадларидан бири бўлиб қолаётир.

 

Назира МУХТОРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва

ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.    

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *