ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ ВА ПАРЛАМЕНТ МАСЪУЛИЯТИ

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ижтимоий сиёсат соҳасида эришилган натижаларга назар ташлар эканмиз, энг катта ўзгаришни фақат статистик кўрсаткичлардан эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларнинг мазмун-моҳиятидан излашимиз керак. Бугун ижтимоий ҳимоя — марҳамат эмас, ҳуқуқ; давлат ёрдами — ихтиёрий ҳаракат эмас, конституциявий мажбурият; парламент назорати эса мазкур ҳуқуқларнинг қоғозда эмас, ҳаётда таъминланишини кафолатлайди.
Янги босқич: ижтимоий давлат ғоясининг ҳуқуқий мазмуни
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида улкан трансформация жараёнини бошдан кечирди. Аммо бу жараённинг энг муҳим натижаларидан бири — инсон, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларга бўлган ёндашувнинг тубдан ўзгарганидир. Бугун биз ижтимоий сиёсат ҳақида гапирар эканмиз, масалани фақат нафақа, пенсия, моддий ёрдам ёки имтиёзлар доирасида кўриш билан чекланмаслигимиз лозим. Замонавий ижтимоий сиёсатнинг моҳияти инсонга тайёр ёрдам беришдан кўра, унинг муносиб ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, таълим олиши, соғлом бўлиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барқарор ҳуқуқий ва институционал муҳит яратишдан иборат.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида белгиланиши ана шу тарихий ўзгаришнинг ҳуқуқий ифодасидир.
Бу, менинг назаримда, оддий декларация эмас. Бу — давлат сиёсати учун аниқ конституциявий мезон. Яъни ижтимоий сиёсат энди муайян давр ёки муайян дастур билан чекланиб қолмайди. У давлатнинг узоқ муддатли конституциявий мажбуриятига айланди. Шу маънода, Мустақилликнинг 35 йиллик тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, ижтимоий соҳадаги энг муҳим натижани қуйидаги формула билан ифодалаш мумкин: марҳаматдан — ҳуқуққа, ёрдамдан — имкониятга, ваъдадан — конституциявий мажбуриятга.
Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормаларнинг уч баробардан ортиқ кўпайгани ҳам бежиз эмас. Масалан, Асосий қонунимизнинг 47-моддасида инсоннинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи кучли кафолатлар билан мустаҳкамланди. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, мулкдорга етказилган зарар ва уй-жой қиймати олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши белгилаб қўйилди. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб яшашини таъминлаш талаби қўйилди.
Бу нормаларнинг ҳуқуқий аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки ижтимоий сиёсатнинг барқарорлиги энди фақат иқтисодий имконият ёки сиёсий иродага эмас, Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқий кафолатларга таянади. Демак, ижтимоий давлат ғоясининг энг муҳим хусусияти — инсоннинг давлатга боғлиқлигини кучайтириш эмас, аксинча, инсоннинг ҳуқуқларини давлат зиммасидаги аниқ мажбуриятлар билан кафолатлашдир.
Қонун — конституциявий ғояни ҳаётга татбиқ этувчи асосий механизм
Конституциядаги ҳуқуқ ва кафолатлар ўз-ўзидан ишламайди. Уларнинг амалий мазмуни қонунлар, қонуности ҳужжатлари, институтлар ва самарали парламент назорати орқали таъминланади. Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси зиммасидаги вазифалар алоҳида аҳамият касб этади.
2024 йил ноябридан буён қўмита томонидан жами 28 та қонун лойиҳаси устида иш олиб борилди. Шундан 26 таси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Бир қарашда бу рақамлар оддий статистикадек кўриниши мумкин. Аммо уларнинг ортида инсон ҳаёти, оила фаровонлиги, меҳнат ҳуқуқи, тиббий хизмат, ижтимоий ҳимоя ва муносиб турмуш билан боғлиқ жуда катта ҳуқуқий ўзгаришлар турибди.
Масалан, «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун ижтимоий суғурта тизимида муҳим институционал ўзгаришларни бошлаб берди. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда ишдан бўшатиш нафақаларини ягона суғурта тизими орқали кафолатли молиялаштириш механизмининг жорий этилиши фуқаронинг ижтимоий ҳуқуқини амалга оширишда янги босқични англатади.

2026 йилда ушбу тизим орқали қарийб 180 минг фуқарога ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши, 1 июлдан эса қарийб 600 минг суғурталанган шахс вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ариза бермасдан, проактив тарзда олиши режалаштирилган. Бу ерда масаланинг энг муҳим жиҳати рақамларда эмас. Энг муҳим жиҳат — ҳуқуқни амалга ошириш юкининг фуқаро зиммасидан давлат зиммасига ўтаётганида.
Аввал фуқаро ўз ҳуқуқини амалга ошириш учун ҳужжат тўплаши, идораларга мурожаат қилиши, маълумотнома олиши талаб этилган бўлса, замонавий давлат бошқаруви «давлатда мавжуд маълумотни яна фуқаронинг ўзига талаб қилмаслик» тамойили сари бормоқда. Бу — рақамлаштиришдан ҳам кенгроқ тушунча.
Бу — инсон қадрини давлат бошқарувининг марказига қўйишдир.
Ижтимоий ёрдамдан профессионал ижтимоий хизматга

Ижтимоий давлат қуриш жараёнида яна бир муҳим ўзгариш — ижтимоий ёрдам тизимининг профессионал ижтимоий хизматлар тизимига айланишидир.
«Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун ижтимоий ходимнинг касбий мақоми, малака талаблари ва масъулиятини қонун даражасида белгилаб берди.
Бу, аввало, ижтимоий ҳимоя соҳасига профессионал ёндашувни мустаҳкамлайди.

Чунки эҳтиёжманд инсонга фақат моддий ёрдам бериш унинг муаммосини тўлиқ ҳал қилмайди. Инсонни оғир вазиятдан чиқариш, уни меҳнат бозорига қайтариш, таълим ва тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, оилавий ва ижтимоий муҳитини тиклаш — комплекс ёндашувни талаб қилади.
Шу боис ижтимоий хизматларнинг профессионаллашуви ижтимоий давлатнинг муҳим институционал белгисидир.

Қонунчиликда ижтимоий хизмат кўрсатиш тартибини бузганлик, ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратмаганлик учун маъмурий жавобгарликнинг белгиланиши ҳам ижтимоий ҳуқуқларнинг реал ҳимоя механизмлари билан мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Бугун инклюзия ҳақида гапирар эканмиз, масала фақат бинога пандус ўрнатиш ёки махсус шароит яратишдан иборат эмас. Инклюзия — инсоннинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашдир.
Парламент — ҳукумат қарорларини тасдиқловчи эмас, мустақил назорат институти
Ижтимоий давлатнинг барқарорлиги фақат яхши қонунларга эмас, уларнинг ижросини таъминлайдиган назорат механизмларига ҳам боғлиқ. Парламент назоратини шу маънода ижтимоий сиёсатнинг «иккинчи таянчи» деб аташ мумкин. Жорий йилнинг етти ойида қўмита томонидан 11 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Улар доирасида 7 та эшитув, қонун ва қонуности ҳужжатлари ижроси бўйича 2 та, палата қарорлари ижроси бўйича 2 та мониторинг амалга оширилди.
Соғлиқни сақлаш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарларининг бюджет маблағларидан фойдаланиш ва белгиланган индикаторлар ижроси юзасидан ахборотлари эшитилди. Вазирлик раҳбарларининг самарадорлик кўрсаткичлари — KPI ижроси ҳам муҳокама қилинди. Онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ҳолати юзасидан соғлиқни сақлаш вазирига парламент сўрови юборилди.
Буларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади: қонун қабул қилингани билан иш битмайди; қонуннинг инсон ҳаётида қандай ишлаётгани асосий мезон бўлиши керак. Шу боис қўмита назорат-таҳлил ишларини фақат кабинетларда эмас, ҳудудларга чиққан ҳолда амалга оширмоқда.
Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ижроси Сурхондарё вилояти мисолида, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари мисолида, дори воситалари муомаласи эса Бухоро ва Самарқанд вилоятлари мисолида ўрганилди.
Бу амалиётнинг сиёсий аҳамияти шундаки, парламент қонун ижросини рақамлар орқали эмас, одамларнинг реал ҳаёти орқали баҳолай бошламоқда.
Жорий йилда қўмита кўриб чиққан бир қонун лойиҳасининг рад этилиб, ташаббускорларга қайтарилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Парламентнинг вазифаси фақат қонун қабул қилиш эмас. Керак бўлса, сифатсиз ёки етарлича асосланмаган қонунни қабул қилмаслик ҳам парламент масъулиятидир.
Бу — парламент институтининг мустақиллигини таъминлайдиган муҳим сиёсий маданият.
Соғлиқни сақлаш: конституциявий ҳуқуқнинг ҳаётий мазмуни
Конституциямиз ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Аммо бу ҳуқуқнинг амалдаги мазмунини қонун белгилайди. Қайси хизматлар кафолатланган? Қайси хизматлар давлат томонидан молиялаштирилади? Дори воситаларидан фойдаланиш қандай тартибда таъминланади? Тиббиёт ходими қандай мезонлар асосида касбий фаолият юритади? Беморнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади? Мана шу саволларга аниқ ҳуқуқий жавоб бўлмаса, конституциявий кафолатнинг ўзи етарли эмас.
Шу сабабли қўмита ҳисобот даврларида аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми ва ундан ташқари кўрсатиладиган хизматларни ҳуқуқий тартибга солиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолият юритиш ҳуқуқини бериш, дори воситалари муомаласи, донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ҳамда йод етишмаслиги касалликларининг олдини олишга оид лойиҳаларни кўриб чиқди.
Тамаки маҳсулотлари ва никотин истеъмол қилиш мосламалари, жумладан электрон сигареталар муомаласини чеклаш ҳамда бу борада жавобгарлик белгилашга қаратилган ташаббуслар ҳам инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг замонавий ёндашувларига мос келади. 2 апрель куни тиббий суғурта тизимида гематологик ва онкогематологик беморларни дори воситалари билан таъминлаш ҳолати юзасидан эшитув ўтказилди.
Сифатсиз ва қалбаки дорилар савдоси учун жавобгарликни кучайтириш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Буларнинг барчаси бир ҳақиқатни кўрсатади: соғлиқни сақлаш соҳасида парламент фаолиятининг марказида тизим эмас, инсоннинг ҳаёти ва саломатлиги туриши керак.
Камбағалликни қисқартириш: рақам ортидаги инсон
Ижтимоий сиёсат самарасини баҳолашда камбағаллик кўрсаткичи алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2023 йилда 11 фоизни, 2024 йилда 8,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизга тушди. Ишсизлик даражаси 4,9 фоизни ташкил этди. 2026 йилги Давлат бюджетида ижтимоий соҳага 220 триллион сўм, яъни умумий харажатларнинг қарийб 55 фоизи йўналтирилгани ҳам ижтимоий сиёсат давлат сиёсатининг марказий йўналишларидан бири эканини кўрсатади.
Бироқ сиёсатчи сифатида мен учун ҳар қандай статистик рақамнинг ортида инсон тақдири борлиги муҳим. Камбағалликнинг бир фоизга камайиши — бу фақат ҳисоботдаги рақам эмас. Бу фарзандининг таълими учун янги имконият пайдо бўлган оила, ишга жойлашган инсон, даромади ошган хонадон, ўзини ўзи таъминлаш имкониятига эга бўлган фуқародир. Шу сабабли камбағалликка қарши курашни ижтимоий тўловлар билан чеклаш мумкин эмас.
Замонавий ёндашув камбағалликдан фаровонликка ўтиш учун инсонга даромад манбаи, касб, таълим, соғлиқ, уй-жой ва ҳуқуқий кафолатларни бир вақтнинг ўзида таъминлашни талаб қилади.
Ўзбекистоннинг халқаро ижтимоий кун тартибидаги ўрни
Ижтимоий давлат қурилиши миллий чегаралар билан чекланмайди. Бугун мамлакатларнинг тараққиёт даражаси нафақат ялпи ички маҳсулот ёки экспорт ҳажми билан, балки инсон капитали, ижтимоий адолат, муносиб меҳнат, гендер тенглик ва аҳоли фаровонлиги билан ҳам баҳоланмоқда. БМТ Тараққиёт дастурининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон 0,740 индекс билан инсон ривожланиши юқори бўлган давлатлар қаторида қолди. 2000 йилдан буён ушбу индекс қиймати 22,7 фоизга ошган.
Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда 2021 йилги пахта йиғим-теримида тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилганини қайд этди. Шундан кейин ўн бир йил давом этган халқаро бойкот бекор қилинди. Бу натижа Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ислоҳотлари халқаро майдонда ҳам эътироф этилганини кўрсатади. 2025 йилги Глобал очлик индексида Ўзбекистон очлик даражаси энг паст бўлган 25 давлат қаторида қайд этилгани ҳам аҳоли фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишидаги ўзгаришларнинг яна бир кўрсаткичидир. Бироқ халқаро рейтинглар — мақсад эмас. Улар бизга ўзгаришларни ташқи мезонлар билан таққослаш имконини беради, холос. Асл мақсад — ҳар бир фуқаронинг ҳаётида сезиладиган фаровонлик ва инсон қадрини таъминлаш.

Барқарор ривожланиш мақсадлари — парламент назоратининг амалий мезони
Бугун дунё мамлакатлари олдида турган умумий вазифалар — камбағалликни бартараф этиш, муносиб меҳнат, сифатли тиббий хизмат, тенгсизликни камайтириш, инсон капиталини ривожлантириш — Барқарор ривожланиш мақсадларида ўз ифодасини топган. Ўзбекистон учун ҳам ушбу мақсадлар декларатив ҳужжат эмас.
2026 йил 3 июнь куни қўмитада «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг ижроси тўғрисида» эшитув ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларининг ахборотлари тингланди. Камбағалликка барҳам бериш, соғлом ҳаётни таъминлаш, муносиб меҳнат ва тенгсизликни камайтиришга оид мақсадлар қўмита ваколатлари билан бевосита боғлиқ.
Шу боис мен миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини парламентда мунтазам, камида йилда бир марта кўриб бориш амалиётини ҳуқуқий норма даражасида мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблайман. Чунки мақсад белгиланиши — биринчи қадам. Унинг ижросини ўлчаш, масъулларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш ва натижаларни парламент муҳокамасига олиб чиқиш — иккинчи ва ҳал қилувчи қадамдир.

Аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар иштироки — ижтимоий сиёсатнинг ўзидаги инклюзия
Инсон қадри тамойили вакиллик институтининг ўзида ҳам намоён бўлиши керак. 2024 йилги сайловларда хотин-қизлар учун белгиланган квота 30 фоиздан 40 фоизга оширилди. Натижада Қонунчилик палатасида хотин-қизлар улуши 38 фоизга етди — тарихимиздаги энг юқори кўрсаткич. Илк бор ногиронлиги бўлган уч нафар шахс Қонунчилик палатасига, 138 нафар шахс маҳаллий Кенгашларга депутат этиб сайланди. Бизнинг қўмитамиздаги 13 нафар депутатнинг 8 нафари аёллар. Бу рақамларнинг сиёсий мазмуни жуда чуқур.
Чунки ижтимоий сиёсат ҳақида қарорлар қабул қилаётган парламентнинг ўзи жамиятнинг турли қатламлари вакиллигини таъминлаши зарур.
Инклюзия ҳақида гапираётганда фақат ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини эмас, қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиш имкониятини ҳам назарда тутишимиз керак.
Қонун қаердан бошланади?
Қонуннинг ҳаётийлиги уни қабул қилиш жараёнидан олдин бошланади. Шу боис қўмита ҳузурида олимлар, амалиётчилар ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат 15 нафардан ташкил топган Жамоатчилик кенгашининг фаолият юритаётгани муҳим. Тошкент тиббиёт академияси, Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти, Камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлари институти ҳамда бошқа илмий муассасалар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Бу механизмлар қонун ижодкорлигини далилга, илмий таҳлилга ва реал эҳтиёжларга яқинлаштиради. Сайловчиларнинг мурожаатлари эса бу жараённинг яна бир муҳим манбаидир. Ҳар бир мурожаат — алоҳида инсоннинг муаммоси бўлиш билан бирга, қонунчиликдаги бўшлиқ ёки тизимдаги муаммо ҳақида парламентга берилган сигналдир. Масалан, Хоразм вилоятида ўтказилган учрашувлар асосида паллиатив ёрдамнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича иш бошланди.
Кам учрайдиган орфан касалликлар бўйича III миллий конференциянинг шу йил май ойида ўтказилгани ҳам мазкур масаланинг жамоатчилик ва парламент кун тартибидаги ўрнини кўрсатади. Демак, парламент фаолиятининг ҳақиқий самараси баъзан қабул қилинган қонунлар сонида эмас, одамларнинг мурожаати қонунчилик ўзгаришига сабаб бўлаётганида намоён бўлади.
Келгуси босқич: ижтимоий сиёсатни янада мустаҳкамлаш бўйича тўрт таклиф
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги — эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш билан бирга, кейинги босқич вазифаларини белгилаш учун ҳам муносиб фурсат.
Шу нуқтаи назардан, ижтимоий давлат институтларини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор ташаббусларни илгари суришни муҳим, деб ҳисоблайман.
Биринчи. Ижтимоий қонунчиликни кодификация қилиш.
Ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимояга оид нормалар бугун ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тарқоқ ҳолда мавжуд. Фақат икки ҳисобот даврида ушбу соҳада 26 та қонун қабул қилинган. Энди уларни тизимлаштириш, ҳуқуқий нормалар ўртасидаги такрорланиш ва зиддиятларни бартараф этиш, фуқаронинг ўз ҳуқуқини тушуниши ва ундан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида Ижтимоий кодексни ишлаб чиқиш имкониятини илмий жамоатчилик билан биргаликда чуқур ўрганиш вақти келди.
Иккинчи. Ижтимоий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини институционаллаштириш.
Бугун бу иш қўмита иш режаси асосида амалга оширилмоқда. Бироқ ижтимоий соҳадаги давлат мажбуриятларининг кўламини ҳисобга олган ҳолда Ҳукуматнинг палата олдидаги йиллик ижтимоий ҳисоботини жорий этиш ва уни ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ. Бу ҳисобдорликни кучайтиради, муаммоларни эрта аниқлаш ва уларни парламент даражасида муҳокама қилиш имконини беради.
Учинчи. Қонунларнинг ижтимоий ва гендер таъсирини мажбурий баҳолаш.
Ижтимоий соҳага дахлдор ҳар қандай қонун лойиҳаси қабул қилинишидан олдин унинг аҳоли турли қатламларига, айниқса эҳтиёжманд гуруҳларга таъсири баҳоланиши керак. Гендер таъсирини баҳолаш ҳам қонун ижодкорлигининг ажралмас қисмига айланиши зарур. Чунки яхши қонун — фақат ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал қонун эмас. Унинг жамиятга таъсири ҳам олдиндан ҳисобланган бўлиши лозим.
Тўртинчи. Марказий Осиё парламентлари ўртасида ижтимоий ҳуқуқларни уйғунлаштириш.
Минтақамизда меҳнат миграцияси катта кўламга эга. Шу боис миграцияда бўлган фуқароларнинг пенсия, ижтимоий суғурта ва меҳнат ҳуқуқларини ўзаро тан олиш механизмларини такомиллаштириш Марказий Осиё давлатлари парламентлари учун долзарб вазифадир. Бугун меҳнат бозори миллий чегаралар билан чекланмаётган бир шароитда ижтимоий ҳуқуқлар ҳам трансмиллий ҳимоя механизмларини талаб қилмоқда. Бу масалани парламентлараро мулоқотнинг доимий кун тартибига киритиш зарур.
Ўзбекистон — 2030: натижадан барқарор институтларга
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар ижтимоий сиёсатнинг кейинги босқичини белгилаб бермоқда. Мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим қамровини 50 фоизга етказиш, ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга олиб чиқиш каби марралар — оддий статистик мақсадлар эмас.
Улар инсон капиталига инвестиция қилиш, ижтимоий тенгликни кучайтириш ва мамлакатнинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган.
Шунинг учун келгуси йилларда ижтимоий сиёсатнинг самарасини нафақат қанча маблағ сарфлангани, балки ушбу маблағ инсоннинг ҳаёт сифатига қанчалик таъсир қилгани орқали баҳолашимиз керак.
Бюджет харажати — ресурс.
Қонун — механизм.
Парламент назорати — кафолат.
Инсоннинг муносиб ҳаёти эса — якуний натижа.
Хулоса ўрнида: Мустақилликнинг энг катта мезони — инсон қадри
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги биз учун нафақат тарихий сана, балки тараққиёт йўлимизни холис баҳолаш имкониятидир. Ўтган даврда Ўзбекистон ижтимоий соҳада катта йўлни босиб ўтди.
Бугун биз камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнатни таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий суғуртани янги босқичга олиб чиқиш, инклюзияни кенгайтириш, хотин-қизларнинг сиёсий иштирокини кучайтириш, инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларини конституциявий кафолатлаш каби йўналишларда тизимли ислоҳотларни кўряпмиз. Бироқ тараққиётнинг ҳақиқий қиймати эришилган натижалар билан бирга, уларнинг қай даражада барқарор институтларга айлантирилгани билан белгиланади. Биз бугун ижтимоий ҳимояни давлат марҳамати сифатида эмас, инсоннинг қонуний ҳуқуқи сифатида кўришимиз керак. Фуқаро давлат эшиги олдида ёрдам сўраб турган инсон эмас. У — Конституция билан ҳуқуқлари кафолатланган шахс. Давлат эса унинг ҳуқуқларини таъминлаш учун масъул институтдир.
Парламентнинг вазифаси эса ана шу муносабатларнинг ҳуқуқий мувозанатини таъминлаш, қонунларни такомиллаштириш, ҳукумат фаолиятини назорат қилиш ва энг муҳими, инсоннинг овозини давлат қарорларига етказишдан иборат. Мен депутат сифатида ижтимоий сиёсатнинг келажагини айнан шу мезон билан баҳолайман: инсон давлатдан қанча ёрдам олгани эмас, давлат инсонга ўз ҳуқуқ ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун қанча шароит яратиб бергани муҳим.
Ўтган 35 йил бизга бир ҳақиқатни исботлади: кучли давлатнинг энг муҳим белгиси — унинг инсонга қанча ваъда берганида эмас, инсон ҳуқуқларини қай даражада кафолатлай олганида. Эндиги вазифа — эришилган натижаларни қайтарилмас ҳуқуқий ва институционал кафолатларга айлантириш.
Чунки Мустақилликнинг энг юксак маъноси ҳам, давлат сиёсатининг энг олий мезони ҳам — инсон қадри.

Назира МУХТОРОВА
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *