2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди. Шундан буён ҳар йили “14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни” сифатида кенг нишонланади. Юртимизда ҳам ушбу санага бағишланган турли тадбирлар, хайрия акциялари ўтказиш эзгу анъанага айланган.
Маълумотларга кўра, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур.
Ўзбекистонда эса бу рақам 5 нафарга тўғри келади. Агар мазкур кўрсаткич 10 нафарга ошса, халқимизнинг қонга бўлган талаби 100 фоизга қопланади. Агар 50 нафар одам қон топширса, нафақат талаб қондирилади, балки қон плазмасини қайта ишлаш орқали альбумин, иммуноглобулин каби дори препаратлари тайёрлаш имкони пайдо бўлади.Қон ва унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳим воситадир. Қон, унинг компонентлари ва перепаратлари инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Бир қатор қон тизими касалликларида жумладан оғир даражали камқонликларда, лейкозлар (халқ тилида “оққон” деб юритилади), қон ивиш тизими бузилган касалликларда, патологияли оғир кечадиган туғруқлар, катта операциялар, куйишнинг оғир даражалари ва турли хил фавқулодда ҳолатларда қон беморлар учун ўта зарур бўлади. Зеро, инсон ҳаётини асраб қолишдан ҳам муҳим, маъсулиятли вазифа бўлмаса керак. Керакли миқдордаги қонни доимо ва ҳар ерда бўлишини таъминлаш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб қилиш лозим.
Қон гуруҳи – инсоннинг ўзига хос ажратиб турадиган белгиси бўлиб, ота-онадан болага ўтади. Инсоннинг қон гуруҳи умри давомида ўзгаришсиз қолади. 18 дан 60 ёшгача бўлган вазни 50 кг.дан юқори бўлган, жинси, касби, миллатидан қатъий назар соғлом ҳар қандай инсон донор бўла олади. Улар қон марказларида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки, одам организмида 4,5-5 литр қон бўлиб, ундан 400 мл. олинганда организм 36 соат ичида йўқотилган ушбу суюқликнинг ўрнини тиклаб олади. Қон топширилиши ва унинг инсон ҳаётини сақлаб қолиши – инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш эса савоб ишнинг энг олий ифодаси.
Қон хизматини, албатта, донорларсиз тассаввур қилиш мумкин эмас. 2023 йилда вилоятда умумий донорлар сони 8347 нафар бўлган, 2024 йилнинг тўрт ойи мобайнида 3285 нафар донор қон тоширди. Жорий йилнинг 1 январидан 30 майгача 73903 литр эритроцитар масса, 38000 литр қон плазмаси тайёрланиб, беморларга қуйилди.
Бугунги кунда юртимизда донорликни, жумладан, беғараз донорликни ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида беғараз донорликни ривожлантириш Дастури” асосида барча вилоятлардаги олий ўқув юртлари талабалари орасида донорлик тарғиб қилинмоқда. Ёшлар мамлакат умумий аҳолисининг 60 фоизини ташкил қилади ва энг соғлом кишилар ҳисобланади. Донорлик жамиятимизнинг ҳар бир соғлом аъзоси учун масъулиятли ва инсоний бурч бўлиб қолиши учун уни кенг тарғиб қилиш зарур.
Охмурод ХУДОЙНАЗАРОВ,
Жиззах вилояти қон қуйиш станцияси врачи.