ЭКОЛОГИК ТАРБИЯ БОЛАЛИКДАН БОШЛАНСИН

Тарбия кўп омиллидир. У фақат панд-насиҳат, устозлар ва ота-оналар ўгити билан эмас, вазиятлар, ҳолатлар, таъсирларнинг хилма-хиллиги орқали ҳам шаклланиб боради. Шу маънода катталар оғзидан чиқаётган ҳар бир сўз, бажараётган ҳар бир хатти-ҳаракат ўзига яраша жавобгарликка эга. Чунки ёш авлод сезги аъзолари орқали ҳар бир ахборотни қайта ишлаш ёки танқидий фикрлашсиз борича қабул қилади.

Маълумки, 2019 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан юртимизда экологик таълимни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Унда мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимида экологик таълим узлуксизлиги, аҳолининг экологик саводхонлигида давлат, жамоат ва ёшлар ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги белгиланган.

Шу маънода экологик маданиятни шакллантиришда ўзаро ҳамкорлик, узвий боғлиқлик катта аҳамиятга эга. Чиқинди, сувни тежаш, тупроқни ифлослантирмаслик, жониворларга ғамхўр муносабатлар айнан кундалик ҳаётимизда учрайдиган кўп сонли мисоллар орқали шаклланади. Дарс жараёнида мавзуга боғланган ҳолда сув тежаш ҳақида тушунтириш берилса, уйда ота-она ичимлик сувини амалда тежаб-тергаб фойдаланса бу тарбия уйғунлигига мисол. Аммо акси бўлса-чи? Кўча-куйда егулик ўрамлари, босма реклама маҳсулотлари, ишлатилган нам салфеткаларнинг ташлаб кетилиши назарий жиҳатдан берилган чиқиндини табиатга ташламаслик ҳақидаги тарбиянинг таъсирини камайтиради. Экологик тарбия ижтимоий тарбиянинг таркибий қисми ҳисобланади. Экологик тарбияни болаликдан шакллантириш ёш авлдоднинг ахлоқий қиёфаси, ижобий хулқи,  ижодий қобилиятининг тараққий этишига катта таъсир кўрсатмай қолмайди.

Бугунги кунда атроф-олам, экологияга оид билимлар бошланғич синфларда фақатгина бир фан орқали эмас, бошқа фанларга ҳам интеграция қилинган ҳолда ўқитилмоқда. Демак, ҳар бир фанни ўзлаштириш жараёнида ўқувчи экология масалаларига юзма-юз келади. Бу илмнинг нақадар муҳимлиги шу тариқа онгига сингиб боради. Аммо амалда қўлланмас экан, қимматли билимларнинг қиймати пасийб кетади.  

Бугунги кунда ҳар бир умумий ўрта таълим муассасасида  “Ота-оналар боғи” ташкил этилди. Баҳор-куз мавсумида ота-оналар жалб этилиб, кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Бу ҳаракат ота-оналарнинг мактаб ҳудудида ободонлаштиришга қўшадиган ҳиссаси бўлиш билан бирга экологик тарбия учун масъулиятини ҳам ёдга туширади. Маълумки, битта дарахтнинг кўкариб, баркамол дарахт бўлиши учун камида уч йил муддат керак. Экологик тарбия эса ҳар бир дақиқада хатти-ҳаракат билан ҳам бериб бориладиган жараёндир.

Шу сабаб экологик тарбияни олиб бориш чоғида шахс, жамият ва табиат бирлиги, алоқадорлиги равшанлашади. Болаликдан табиатга нисбатан дўстона муносабатни шакллантириш экологик муаммоларни ҳал этишда  муҳим босқич саналади. Бу борада “Ёш экологлар” ҳаракати, Экология, атроф-муҳитни муҳфоаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган тадбир ва ташаббуслар ҳам ўз ўрнига эга. Жумладан, шу кунларда Жиззахдаги ҳар бир туман мактабларида табиат ҳимоясига бағишланган кўчма фото ва санъат асарлари кўргазмаси ташкил қилинмоқда. Умумтаълим мактаби ўқувчилари бундай тарғибот воситалари орқали борлиқни англаш, унинг нақадар кенглиги, инсон ва табиат муносабатлари ҳақида теранроқ тушунчага эга бўлишади.

Мавзуга қараб табиат қўйнида дарс ташкил этиш, экскурсия, пикник тадбирлари ҳам яшил оламга меҳр уйғотишга хизмат қилиши аниқланган. Айниқса, кузги қуёшли кунларда дарс машғулотларини шу тарзда ташкил этиш фойдали бўлади. 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари ҳар қандай давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолар экан, экологик таълим-тарбияни болаликдан шакллантириш масаласи юртимиз учун бундан буён ҳам долзарб масала бўлиб қолаверади.   

 

Хадичабону Ҳамрақулова

Жиззах давлат педагогика университети

Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси

(Бошланғич таълим) мутахассислиги 2-босқич магистранти.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *