Огоҳлик – давр талаби
Молиявий фирибгарлик мавзусидаги навбатдаги мақола ўзгалар маблағига кўз тиккан яна бир фирибгарлик тури – “Нигерия мактублари”га бағишланади.
Бундай хатларни олишга улгурмаган бўлсангиз, эҳтимол, улар ҳақида эшитган чиқарсиз. Фирибгарлик хатларининг оммавий тарқалиши Нигериядан, ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган. Ўша пайтда бундай хатлар оддий почта, баъзан факс орқали юборилган. Уларда “нолойиқ” Нигерия шаҳзодасининг мактубида мамлакатдан қочиш учун маълум миқдорда қарз бериш сўралган. Эмишки, шаҳзода Швейцария банкларида жуда катта миқдорда маблағга эга бўлиб, унга фақат номаълум одамлардан олинган пул ёрдамида эришиш мумкин ва “маблағ” олингач, кўрсатилган ёрдам эвазига шаҳзода пулни ўн баравар қайтаришга қасам ичади.
Ақли расо одамнинг бундай чўпчакларга ишонмаслиги аниқ, аммо ишонтириш услублари шу қадар табиийки, пулни тортиб олишнинг бу усули пайдо бўлганидан бери эгаларига катта фойда келтирган. Фирибгарлар “иш” сюжети ва қаҳрамонларини ўзгартириб боришган. Нигериядан ташқари бошқа Африка мамлакатларида ҳам унинг тармоқлари пайдо бўлди. Хабарлар секин-аста Қироллик оилалари аъзоларидан ташқари ишбилармонлар, банк ходимлари, сиёсатчилар ва бошқалар номидан юборила бошланган. Бироқ, моҳият ўзгармади – фуқаролар ишончига кириб, уларнинг пулини ўмариш.
Интернет пайдо бўлгач ушбу турдаги фирибгарлик бошқа мамлакатларга катта тезликда кириб келди ва бутун дунёда мустаҳкам ўрнашди. Қизиғи шуки, 2005 йилда “Нигерия мактублари”нинг қаҳрамонларига ақл бовар қилмайдиган сюжетлари учун Шнобел мукофоти берилган. Бу нуфузли халқаро мукофот бўлиб, Нобел мукофотининг пародиясидир. Шнобел мукофоти 1991 йилдан бери ҳар йили илмий тадқиқотларда ғалати ёхуд аҳамиятсиз кашфиёт қилганларга ҳазил тариқасида берилади.
Мактубларнинг яна бир кенг тарқалган номи ” SCAM 419″ бўлиб, бунинг сабаби Нигерия қонунчилигига мувофиқ, фирибгарлик ҳаракатлари учун 419-модда бўйича жавобгарлик кўзда тутилган. Scam инглиз тилидан таржима қилинганида “фирибгарлик” деган маънони англатади. Бизнинг қонунчилигимизда эса бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасига тўғри келади.
Тадқиқотларга кўра, вақт ўтиши билан ўзгаришга энг мослашувчан кишилар фирибгарлар экан. Одамларнинг қайси соҳаларда алданишга кўпроқ мойиллигини ўрганилиб, хатлар кейинчалик қуйидаги мазмун касб этган:
- Лотереяда ютиб олиш. Қабул қилувчига совринни қўлга киритганлиги тўғрисида хат келади. Уни олиш учун суғурта ёки солиқни олдиндан тўлаш керак. “Ғолиб” қувонч билан хабарда кўрсатилган ҳисоб рақамига пул киритади ва … танловнинг “ташкилотчиси” билан алоқа шу заҳоти йўқолади.
- “Нотариус” ёки “адвокат”дан мавжуд бўлмаган узоқ қариндошининг ўлими тўғрисида хабар берувчи ва васият қилувчидан пул ўтказиш учун банк ҳисоб рақамларига киришни сўраган хатлар. “Меросхўрлар” ҳеч қандай қариндош йўқлигини ҳисобварақлардан пул йўқолганидан кейин билиб олишади.
- “Севги” хатлари. Ушбу усул ўз ҳаёт романига қаҳрамонлик қилишни истайдиган, романтик, меҳрибон ва оқкўнгил одамлар учун мўлжалланган. Танишув сайтидан маълумот олгандан сўнг, фирибгарлар кўпинча романтик хатлар ёзадилар, севги билан қасам ичадилар, кутишга ишонтирадилар. Аммо учрашув учун доим нимадир халақит беради. Ёки яқин қариндоши оғир касал бўлиб қолади. Даволаниш учун ёки виза, парвоз ва ҳоказолар учун етарли пул йўқ. Ёзишмалар жуда узоқ вақт давом этиши мумкин. Натижада севгилиси ёки дилдош дўстига айланган кишисининг қийинчиликларига ҳамдард бўлган жабрланувчи унинг ҳисобрақамига пул ўтказишга қарор қилади. Ва “севгилиси”ни бутун умрга йўқотади.
- Текширувларсиз, кафилларсиз, гаровсиз кредит таклифлари. Хизмат учун одатда банк харажатларини тўлаш сўралади. Қоида тариқасида, ушбу операциядан сўнг алоқа йўқолади.
- Чет элда катта даромадли иш таклиф қилиш. Сиз яшаш харажатларини олдиндан тўлашингиз ва ишлаш учун рухсат олишингиз керак. Анъанага кўра, пул ўтказилиши биланоқ “алоқалар” тўхтайди.
Бу мазмундаги мактуб белгиларига катта миқдордаги маблағни олиш ваъдалари ҳамда фидойиларча хизмат кўрсатиш хосдир. Шахсий маълумотлар: тўлиқ исмдан тортиб банк ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, ПИН-код маълумотлари сўралиши, ҳамма ёзишмаларнинг қатъий махфий бўлиши, кўплаб имло хатоларга эга матнлар ёки бошқа тилда ёзилган бўлиши фирибгарлик мактубларининг яққол кўриниб турган белгиларидир.
Қандай қилиб фирибгарлар панжасига тушмаслик мумкин? Электрон почта, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтингизга шундай мазмундаги хатлар келадиган бўлса, (тўсатдан келадиган бойлик ҳақидаги эртаклар эртак бўлиб қолсин) энг аввало, шошиб қолманг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсий маълумотларингизни, ундан ҳам кўпроқ банк ҳисобварағи маълумотларини берманг. Ҳатто қизиқиш сабаб жавоб берадиган манзиллар фирибгарлар базасига тушади. Мулоқотни тўхтатсангиз ҳам бошқа спамерлар сизни таъқиб қилишни бошлашади, улар сиз ҳақингизда “ҳамкасбларидан”маълумот олишган. Бундай ҳолатларнинг ошкор этилиши эҳтимоли деярли нолга тенг. Шунинг учун, бундай хатни очишдан ва жавоб йўллашдан олдин ўйлаб кўринг.
“Менинг исмим Бакаре Тунде, мен биринчи нигериялик космонавт Нигерия ҳаво кучларининг майори Абак Тунденинг укасиман. Менинг акам Совет Иттифоқининг “Салют-1979” станциясига махфий топшириқ билан борган биринчи африкалик космонавт бўлди. Кейинчалик у Союз Т-16 махфий космик станциясида парвозда иштирок этди. 1990 йилда, СССР парчаланганида у космик станцияда эди. Экипажнинг россиялик барча аъзолари ерга қайтишга муваффақ бўлишди, аммо космик кемада акамга етарли жой йўқ эди. Ўшандан бери ва бугунги кунгача у орбитада қолишга мажбур. Ноёб Progress юк кемалари уни керакли озуқа ва материаллар билан таъминлайди. Космосда узоқ муддат қолишга қарамай, акам ақлини йўқотгани йўқ – у фақатгина ватани Нигерияга қайтишни орзу қилади. Космосда ўтказган йиллар давомида унинг маоши 15 000 000 АҚШ долларини ташкил этди. Айни пайтда бу маблағ Лагосдаги банкда сақланмоқда. Агар биз бу маблағни қўлга киритишга муваффақ бўлсак, “Роскосмос”га керакли миқдорни тўлашимиз ва акам учун ерга парвозни ташкил қилишимиз мумкин. “Роскосмос” томонидан сўралган миқдор 3 000 000 АҚШ долларини ташкил қилади. Бу суммани олиш учун Сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз, чунки биз, Нигерия давлат хизматчиларига, чет эл ҳисоб операциялари билан боғлиқ барча операциялар тақиқланган. Сизга чексиз ҳурмат билан,
доктор Бакаре Тунде, космонавтика бўйича етакчи мутахассис”.
Шунга ўхшаш кўплаб бемаъни сюжетлар, тўқималарни фош қилиш учун озгина медиасаводхонлик, билим, огоҳлик керак бўлади. Унутмангки, осмондан пишлоқ тушмайди. Осон пул топиш иштиёқингиздан фирибгарлар усталик билан фойдаланишлари мумкинлигини “Нигерия мактублари” мисолида кўриш мумкин.
Санжар НОРБЕКОВ.