Ўзбекистонда суд тизимида коррупцияга қарши курашнинг янги босқичи бошланмоқда. Мамлакатимиз Президенти томонидан «Судларда комплаенс назорати тизими самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон имзоланди. Мазкур ҳужжат судлар фаолиятида шаффофлик, адолат ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, судлар тизимида махсус Комплаенс назорати хизмати ташкил этилади. Ушбу хизматнинг асосий вазифалари коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, суд аппарати ходимлари томонидан қонунчилик ҳамда касб этикаси талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, кадрлар сиёсати очиқлигини таъминлашдан иборат бўлади.
Кадрларни танлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суд аппаратидаги лавозимларга номзодлар коррупцияга қарши текширувдан ўтказилади. Ходимлар учун манфаатлар тўқнашуви ва хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қўшимча талаб ва чекловлар жорий этилади.
Муҳим янгиликлардан бири сифатида суд аппарати ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилади. Бу суд органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Фармонда замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳам назарда тутилган. Йил якунига қадар бўш иш ўринлари учун очиқ танловларни ўтказишга мўлжалланган vacancy.sud.uz портали ҳамда кадрлар жараёнларини бошқариш учун SudHR электрон платформаси ишга туширилади. Номзодларни танлаш ва баҳолашда сунъий интеллект элементларини ўз ичига олган замонавий рақамли ечимлардан фойдаланилади.
Суд тизими ходимларининг малакасини ошириш масаласига ҳам катта аҳамият берилмоқда. Судьялар ва суд аппарати ходимлари коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича мунтазам равишда ўқитиб борилади, судлар фаолиятига комплаенс назоратининг халқаро стандартлари жорий этилади.
Бундан ташқари, суд ишларини автоматик тақсимлаш тизими янада такомиллаштирилади. Бу судьялар ўртасида ишларни тақсимлаш жараёнига асоссиз аралашувларнинг олдини олиб, судлар фаолиятининг қўшимча шаффофлигини таъминлайди.
Мазкур Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашнинг янги институционал моделини шакллантиради. Комплаенс назоратининг кучайтирилиши, жараёнларнинг рақамлаштирилиши, кадрлар сиёсатининг такомиллаштирилиши ҳамда замонавий мониторинг механизмларининг жорий этилиши судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Толибжон Ҳайдаров,
Жиззах вилояти суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.