10 август куни Париж-2024 Олимпиадасида илк бор брейк-данс бўйича эркаклар ўртасида мусобақалар ғолиби номи эълон қилинди. Олимпиада чемпионлиги Канададан Фил Визард, иккинчи ўрин Франциядан Дани Дан ва учинчи ўрин АҚШдан Викторга насиб этди.

Фил Визард – Олимпиада чемпиони
Халқаро Олимпия қўмитасининг баёнотига кўра, брейк-данс йўналиши Олимпиадага ёшлар аудиториясини кўпроқ жалб этиш мақсадида киритилган.
Брейк-данс — бу кўча рақсининг спортча услуби бўлиб, АҚШда афроамерика ва Лотин Америкаси ёшлари томонидан оммалаштирилган. Бу рақс ярим асрдан зиёд тарихга эга ва кўпчилик мамлакатларга ёйилиб улгурган. Профессионал жамоалар пайдо бўлган, бадиий фильмлар учун саҳналар ва катта стадионларда концертлар ҳам уюштирилади. Шу даражадаки, у дунё маданиятига етарлича таъсир ўтказиб улгурди. Профессионал рақс кишига эстетик завқ улашади.
9 август, мусобақанинг илк кунидаёқ бу спорт турининг Олимпиадага мос эмаслиги ҳақида таъналар янгради. Айниқса, австралиялик Рэйчел Ганн – Рейган тахаллуси билан майдонга чиққан аёл иштирокчининг чиқиши жуда катта танқидларга сабаб бўлди. У учта баттлнинг бирортасида ҳам очко ололмади.

Рэйчел Ганн
Рейганнинг омадсизлигига нима сабаб бўлди? Россиялик машҳур брейк устаси, ёшлар ўртасида брейкинг бўйича Олимпиада чемпиони Сергей Чернишев sport-express.ru сайтида бунга ўз муносабатини билдирди:

Сергей Чернишев
-Оммавий ахборот воситаларининг спортчи чиқишига масхараомуз ёндошуви спортчиларга ҳурматсизликдир. Интернетда Австралиядан келган икки қизнинг чиқишлари муҳокама қилинмоқда. Тўғрироғи, 36 ёшли ўқитувчи аёл – Рейганнинг кийимидан бошлаб, хатти-ҳаракатлари ҳам икир-чиқиригача гапирилди. Агар биз тижорат турнири ҳақида гапирадиган бўлсак, бундай даражадаги спортчи унга кирмаган бўларди. Бу қиз шунчаки танловдан ўтмаган, уни таклиф қилишмаган бўларди. Аммо бу Олимпия ўйинлари ва у максимал географияни қамраб олишлари керак. Журналистлар энг заиф спортчини танлаб олиб, уни танқид қилишлари орқали мазкур спорт турига нисбатан салбий реакцияни шакллантирдилар. Бу мутлақо нопрофессионаллик. Бундай нашрлар спортнинг обрўсига путур етказади. Спортчиларнинг меҳнатини ҳурмат қилинг.
Натижалардан қатъи назар, мусобақа муваффақиятли ўтди деб ҳисоблайман. Йигитларнинг чиқишларини кузатиш 90 фоиз қизиқ эди. У қадар танқидий нарса содир бўлмади. Баъзи иштирокчилар яхшироқ тайёргарлик кўришлари мумкин эди.
Олимпиадада афғонистонлик брейкдансчи қиз
Манижа Талашнинг Кобул рақс зали фундаменталистлар томонидан таъқиб қилинган. Унга қочқин сифатида шахсий квота берилди. Бу мамлакатда замонавий хип-хоп ҳаракатлари билан шуғулланадиган аёлни тасаввур қилиш қийин. Толибон ҳаракати вакиллари ҳам буни тасаввур қила олишмади.

Манижа Талаш
Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари қийин мавзу. Уларнинг аёлларни жисмоний тарбия билан шуғулланишни тақиқлаш сиёсати мамлакатнинг Олимпиададан четлатилишига олиб келган. Талаш қочқинлар жамоаси таркибида Париждаги ўйинларда иштирок этди ва табиийки Афғонистон номидан эмас. У акаси билан Испанияга кўчиб ўтган. Европа Иттифоқининг кўмаги билан Талаш ушбу мамлакатда сиёсий бошпана олди, яна мусобақаларда қатнаша бошлади.
У қочқинлар жамоасида Афғонистондан ягона эмас. Олимпиаданинг энг ноодатий жамоаси афғонистонлик бешта спортчини ўз ичига олади. Ушбу делегацияда 11 спорт тури бўйича жами 12 мамлакат иштирок этади. 36 спортчидан бир нафари Олимпия ўйинлари совриндори бўлган. Фернандо Даян Токио-2020 да каноэда эшкак эшиш бўйича олтин медални Куба учун қўлга киритди. У ҳозир ҳам АҚШда яшайди ва бу давлат паспортини олишга шошмасдан, ўзини қувғиндаги кубалик деб ҳисоблайди.
Экзотик спорт турининг келажаги қандай?
Афсуски, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, Лос-Анжелес-2028 Олимпиада ўйинлари дастурига брейк-данс киритилмади. Унинг 2032 йилда Брисбендаги ўйинларга қайтариш эҳтимоли бор. Ҳаммаси жамоатчиликнинг Париж-2024 дан кейин бу спорт турига муносабатига боғлиқ.
ХОҚ олдида эса бу йиллар мобайнида брейкинг мусобақалари нуфузини ошириш, муносабатларни юмшатиш каби вазифалар турибди. Томошабинлар учун мураккаб акробатик фокуслар, тана эгилувчанлиги мўжизалари ва ғайриоддий рақслардан баҳраманд бўлиш, спортчилар учун ўзларини спортдаги инноватор, энг ижодий раққос деб тасаввур қилувчиларнинг интилиши сифатида юзага чиқариши керак бўлади.
Муқаддас САПАРОВА тайёрлади.