“Сунъий йўлдош кемасида Ер атрофида учиб, сайёрамиз қанчалик гўзал эканлигини кўрдим.
Эй одамлар, келинг, бу гўзалликни асраб-авайлайлик, кўпайтирайлик, уни бузмайлик”
Юрий ГАГАРИН
ХХ аср инсоният учун юксак тараққиёт асри бўлди. Бу асрда инсон сув остига тушди, осмонда учди, ундан ошиб ўтиб очиқ коинотга чиқди. Гап коинот ҳақида кетганда ҳар қандай инсоннинг хаёлига аввало дунёда биринчи космонавт учувчи бўлган Юрий Гагарин келади.

Телескоп кашф этилгандан кейин одамлар у орқали юлдузларни томоша қилиб, коинотга саёҳат қилишни орзу қилишдан тўхтамадилар.
Инсонларнинг бу азалий орзуси ХХ асрга келиб рўёбга чиқди ва космонавтика эраси бошланди, очиқ космик фазога чиқиш имкониятлари яратилди. Ернинг тортиш кучини енгиб очиқ коинотга чиқиш ва улкан натижаларни қўлга киритишга имкон берадиган ракеталарни яратиш борасида, дунёнинг кўп давлатларидаги олимлар бош қотиришган. Ниҳоят, дунёдаги биринчи космик ракета собиқ Совет Иттифоқида С.Королёв раҳбарлигида яратилиб, у 1957 йил 4 октябрда илк маротаба икки радиоузатгичли Ернинг сунъий йўлдоши орбитага олиб чиқилди. Радиоузатгичлар таратган «бип-бип-бип» товуши сайёрамизнинг барча манзилларида яшаётган инсонларига эшиттирилди.

1960 йил 19 августда фазога ичида Белка ва Стрелка номли итлар бўлган йўлдош-кема учирилди. Бу итлар сайёрамизнинг коинотга чиққан биринчи жонзотлари эди. Уларнинг саёҳати муваффақиятли якунланиб, инсониятнинг космик кемаларда коинотга чиқишига йўл очиб берди. 1961 йил 12 апрель куни бутун дунёда Космонавтика куни деб тан олинди. Aйнан шу куни “ВОСТОК” космик кемаси Байконур космодромидан (космик кемалар учириладиган майдондан) Ер атрофидаги орбитага учирилди. Кемани фазогир Юрий Aлексеевич Гагарин бошқарди. 108 дақиқалик парвоз давомида кема Ер куррасини бир маротаба айланиб чиқди ва унинг инсон жойлашган капсуласи муваффақиятли равишда Ерга қайтиб тушди. Космик кеманинг биринчи учувчиси Юрий Гагарин эса Ердан бир неча километр баландликда катапулта ёрдамида капсуладан отилиб чиқиб, парашютда капсуладан узоқ бўлмаган масофада шудгор қилинган далага муваффақиятли қўниб тушди. Aтрофида ҳаддан зиёд кўп ускуналар билан ўралган, ёпиқ капсулада узоқ давом этган парвоз, коинотни забт этган биринчи фазогирлар учун оғир синов бўлди. Космик кеманинг кабинаси жуда тор бўлиб, фазогирлар ташқи дунёни кичкинагина деразачадан (иллуминатордан) кузатишган. Бундай шароитда кузатув ва изланишлар олиб боришнинг имкони йўқ эди ва космик кемалар яшаш учун бирмунча яроқсиз эди. Шундан сўнг олимлар ҳақиқий «космик уй» – орбитал станцияни ишлаб чиқишди. Фазогирлар бундай станцияларнинг бортида узоқ вақт давомида яшаб ишлашлари мумкин бўлди.

Станцияда ёқилғи, ҳаво, сув ва озиқ-овқат заҳиралари ҳам етарли бўлиб, бу зарурий эҳтиёжга эга бўлган нарсаларни станцияга юк кемалари олиб чиқади, электр энергиясини эса станцияда ўрнатилган қуёш батареялари ишлаб чиқаради.
Ҳозирги ривожланган фан техника асрида фазогирлар замонавий жиҳозланган космик технологиялар ёрдамида илмий изланишлар олиб боришмоқда. Бугунги кунда космик технологиялар иқтисодиёт, тадқиқот ва маълумотлар таҳлили учун янги ечимларга йўналтирилган. Бугун инсониятнинг аксар қисми Гагаринни коинотга илк парвоз қилган инсон деб билади, уни космик технологияларни, космик тадқиқотларни, космик эрани бошлаб берган фидойи инсон сифатида ёдга олишади.
Юрий Aлексеевич Ўзбекистонда 1961 йилдан 1968 йилгача олти марта меҳмон бўлган. У серқуёш юртимизни, меҳнатсевар, самимий ўзбек халқини жуда ҳурмат қилган, сафарлари давомида кўплаб жамоат, маданият ва санъат арбоблари, ёшлар, оддий одамлар, пахтакорлардан дўстлар орттирган. Ўша даврнинг газета ва журналларида, кинолавҳаларда унинг ўзбек дўпписини кийиб, ўзбекча рақсга тушаётган суратларини кўплаб учратиш мумкин.
Вилоятимизнинг Мирзачўл тумани маркази бўлган Гагарин шаҳрида биринчи космонавт учувчи Юрий Гагариннинг ҳайкали ўрнатилганлиги ва космик тадқиқотларга бағишланган музей очилганлиги билан фахрланамиз.
A.МУСТАФАҚУЛОВ,
Н.ЖЎРАЕВА,
Жиззах политехника институти Физика кафедраси профессор-ўқитувчилари