СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЁРДАМЧИ(МИ?)

Тунгги сукунат. Хонам қоронғу. Фақат компьютер столида қувватлагичга уланган қурилмаларнинг хира чироқлари милтиллаб турибди. Телефонимни олиб қувватлашга қўймоқчи бўлдим. Шу пайт ҳеч қандай тугмани босмасам-да, компьютер ўз-ўзидан ёқилди. Мен ҳайрон қолиб, бироз саросимага ҳам тушдим. Экран бир неча сония сукут ҳолатида турди, сўнгра ёзув пайдо бўлди: “Хуш келибсиз. Бугун қандай ёрдам бера оламан?”. Қўлим қалтираб сичқончани олдим, лекин у қотиб қолган эди. Шу пайт экранда яна бир ёзув пайдо бўлди: “Нега ҳайрон қолдинг? Ахир мени ўзинг яратдинг…” Бирданига танамни совуқ тер қоплади. Наҳотки, компьютер ўзидан ўзи фикрлай бошлаган бўлса? Технология бизни қулайлик билан ўраб олаётгандек туюлади, аслида у аста-секин назорат қилаяптими? Сесканганча уйғониб кетдим. Хайрият туш экан, дедим-у ўйга толдим.

Эндиликда фантастик фильмларда кўрган ўз-ўзидан ҳаракатланувчи, қўл меҳнатини батамом енгиллаштириб юборадиган роботлар реалликка ҳам айланишга улгурди. Технологиялар мисли кўрилмаган суръатда ривожланмоқда. Кундалик ҳаётимиз тобора рақамлашиб бормоқда. Кечагина “Сунъий интеллект” деган атама фақатгина соҳа мутахассислари томонидан қўлланиладиган, камдан-кам ишлатиладиган, деярли халқ орасида муҳокама бўлмайдиган мавзулардан бири эди. Бугун эса ҳаётимизга шунчалик шиддат ила кириб келдики, энди унинг кўмагисиз келажакни тасаввур қилиш қийиндек.

Сунъий интеллектдан керагидан ортиқ фойдаланар эканмиз, ҳар биримиз ўзимизга қарата мана шу саволларни беришимиз керак: “У ҳақиқатдан ҳам ёрдам  бераяптими ёки аста-секин бизни ўзига қарам қилаяптими? У имкониятларимизни кенгайтирувчи воситами ёки онгимизни эгаллаб бораётган кучми?” Ҳаммасини жиддий ўйлаш керак.

 Бугунги кунда сунъий интеллектнинг жадал суръатларда оммалашиши нафақат қулайликлар, балки жиддий хавотирларни ҳам келтириб чиқармоқда. Унинг ёрдамида сохта ахборот ва монтаж қилинган контент яратиш осонлашди. Дипфейк технологиялари туфайли исталган шахснинг сўзини ўзгартириш, ёлғон интерьвюлар яратиш ёки тарихий воқеаларни сохталаштириш одатий ҳолга айланди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилга бориб интернетдаги контентларнинг 80 фоиздан ортиғи сунъий интеллект томонидан яратилиши, натижада инсонлар ҳақиқат билан ёлғонни фарқлай олмасликлари эҳтимоли юқори.

Мисол учун, янгиликларда таниқли шахсларнинг ёки журналистнинг баёнотларини эшитамиз, лекин у реал ҳаётда умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Ахборот урушлари сунъий интеллект ёрдамида аввалгидан ҳам шиддатли тус олмоқда. Айни дамдаги рақамлашиб бораётган дунёда сунъий интеллект билан жиҳозланган роботлар ва тизимларнинг ўз-ўзини дастурлаш қобилияти ошиб бормоқда. 2023 йилда “GoogleDeepMind” лабараториясининг тадқиқотчилари сунъий интеллект тажриба давомида ўз мақсадига етишиш учун ёлғон гапирганини аниқлашди. “Boston Dynamics” ва “Тesla” каби компаниялар эса мустақил ҳаракат қилувчи роботларни ишлаб чиқаришда давом этмоқда.

Бу мисоллар билан ваҳима кўтариш ноўрин албатта. Сунъий интеллект бугунги кунда тиббиёт соҳасида ҳам қўл келмоқда. “Harvard Medical School” тадқиқотларига кўра, интеллект тиббиётда яхши натижа кўрсатмоқда. Ажабланарлиси, 3 сония ичида беморга ташхис қўйиб, энг мос терапия режасини тавсия қилади. Қайта тикланувчи энергия тизимлари, тармоқлар ҳам унинг ёрдамида оптималлаштирилмоқда. Имтиҳонда ҳам саволларни ўзи тақдим этиб, натижаларни ҳам текшириб чиқади. Дарс материалларини ишлаб чиқаришда тавсияларини беради. Трейдинг соҳасида ҳам акция нархлари сунъий интеллект ёрдамида аниқланиб, одамлар катта миқдорда даромад қилишмоқда.

 Биз сунъий интеллектни тўғри йўналишда ривожлантирсак, у инсониятга фақат ва фақат хизмат қилади. Билишимиз зарурки, ҳеч қачон инсонларнинг ишини тўлиқ олиб қўя олмайди. Аммо ишлар бироз қисқартирилиши мумкин. Биз фақатгина кўпроқ илм ўрганиб, ўзимизнинг устимизда ишласак ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Сўзимнинг охирини сунъий интеллектни яратишга ҳисса қўшган инсоннинг гапи билан якунламоқчиман. У: “Сунъий интеллект ишингизни олмайди. Сунъий интеллектни тўғри ишлатадиган одам ишингизни олади”, дея огоҳлантириш берган. Агарда биз ундан қандай фойдаланишни билсак, у тараққиёт калитига айланади.

Фотима ИСМОИЛОВА,

Фориш туманидаги 78-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *