ОДАМ САВДОСИ—АСР ВАБОСИ
Одам савдосидек жирканч иллатга қарши бутун дунёда кескин кураш олиб борилмоқда. Афсуски бу иллат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Нафс балосига йўлиққан айрим кимсалар ёнгинамизда юрган одамларни алдаб, сотмоқчи бўлаётгани нақадар ачинарли ҳолат. Халқимиз “Ўзингдан чиққан балога—қайга борай давога” деб бежизга айтмаган экан. Разолат ботқоғига ботган бундай кимсалар охир-оқибат панжара ортига равона бўлмоқда. Яқинда ички ишлар ходимлари яна бир ана шундай жиноятни фош этишди.
Бахмаллик Парвона Зиёдова (исми-шарифи ўзгартирилган) қизларни Дубай шаҳрига фоҳишаликка юбориш билан шуғулланиб келаётган Сония Абишева билан танишиш қолади.
—Турмуш шароитинг яхши эмас экан, пулдан қийналаётганинг кўриниб турибди. Кўпроқ пул топишни истасанг мен билан ишла.
—Сиз нима иш қиласиз?
—Қизларни Дубайга жўнатаман, ишлашга…
—Қизларнинг ота-оналари қўядими, у ёққа боришга?!
—Соддагина экансан, сен ота-онаси йўғини топ ёки турмушидан ажрашган, қийналганини топсанг, улар дарров рози бўлади. Шунгаям катта калла керакми? Дубайда ойига минг ёки икки минг доллар пул топасан, десанг сени ёнингдан кетмай қолади.
—Топсам неча пул берасиз?
—200-300 АҚШ долларидан бераман ҳар бирига, топиб мен билан таништирсанг бўлди, кейин буёғини менга қўйиб бер…
Парвона билан Сония худди опа-сингилдек бўлиб кетишди. Парвона бир-икки марта турмушидан ажралган аёлларни топиб келди ва Сониядан белгиланган пулларни санаб олди. Ошиғи олчи бўлган аёлнинг ишлари юришиб кетди. Ҳаром пул топиш унга ёқиб қолди шекилли, у қизларни “овлашга” устаси фаранглардан бирига айланди. У 2023 йилнинг 14 февраль куни навбатдаги мижозини Сония билан таништиришга олиб келди. Учрашув Жиззах шаҳридаги “Star Burger” номли кафеда ўтказилиши белгиланган эди. П.Зиёдова мижоз учун 2 миллион сўм пулни С.Абишевадан санаб олаётганда вилоят ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Икки жиноятчи ҳам қилмишига яраша жазосини олди. Аёл—аввало она, севикли ёр, кўплаб соҳаларда эркаклар билан бирдек меҳнат қилаётган етук мутахассис. Уни жиноятчилар сафида кўриш кўпчиликнинг ақлу шуурига сиғмайди. Ноилож, гуруч кўрмаксиз бўлмаганидек, аёлларнинг орасида ҳам ор-номусини сотаётганлар ҳам учраб турибди. Лекин уларнинг ҳам ота-онаси, қариндошлари, фарзандлари бор-ку! Разолат ботқоғига ботган қизини кўрган ота-она қай аҳволга тушади?! Қариндошу фарзандлари-чи? Бундай аёллар номига тушган доғни юваолармикан?!
Рустам РАХМАТОВ,
вилоят ИИБ ходими, капитан.