Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанпарварлик карвони” тантанали юриши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, спортчилар, фаол ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этган тадбир шаҳримиздаги Давлат хизматлари маркази олдида старт олди. Тантанали юриш Шароф Рашидов шоҳ кўчаси бўйлаб давом этиб, буюк давлат арбоби ҳайкали қаршисигача етиб борди.

Юртимиз байроғини баланд кўтарган ҳарбийлар саф тортиб қадам ташлар экан, улар сафига ҳарбий техникалар ҳамда 20 тадан ортиқ хизмат отларидан иборат гуруҳ қўшилиб, тадбирга янада тантанавор руҳ ва виқор бағишлади. Юртдошларимиз, айниқса ёшлар, Ватан ҳимоячиларини фахр ва ҳаяжон билан кузатиб боришди.
– Миллий армиямиз, юртимиз посбонларининг тантанали юриши ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотди, – дейди Жиззах Политехника институти талабаси Муҳайё Ҳасанова. – Ҳар бир ёш ҳарбийларимизнинг виқор ва ишонч билан қадам ташлашига ҳавас билан қараяпти. Ватанимиз посбонлари бор экан, ҳаётимиз тинч ва осуда.

Тадбир мобайнида ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди, ҳарбий оркестр ижросида куй-қўшиқлар янгради.
Юртимизнинг ҳарбий қудрати, тинчлик ва барқарорлик рамзи бўлган ушбу юриш, аввало, ёшлар орасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий ғурур ва фидойилик ҳиссини янада юксалтиришга қаратилди. Иштирокчилар тинчлик, тараққиёт ва барқарор келажак йўлида бирдамлик руҳини яна бир бор ҳис қилишди.

“Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ўтказилаётган “Ватанпарварлик карвони” тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)