Бугун бозорда нархлар кўтарилганидан нолимайдиган киши йўқ. Озиқ-овқат, кийим-кечак, ижара, контракт — ҳаммаси қиммат. Аммо шунча қимматлашув орасида бир нарса арзонлашиб кетаётгандек – инсонийлик, ҳурмат ва ҳалоллик.
Жамиятдаги энг оғриқли муаммолардан бири моддийликнинг маънавиятдан устун қўйилишидир. Одамни кийимига қараб баҳолаймиз, телефонини қанақалигига қараб ҳурмат қиламиз, машинасига қараб эътибор берамиз. Инсоннинг қалби, фикри, тарбияси эса иккинчи ўринга тушиб қолмоқда.
Кўпчилик ўз ҳаётини эмас, бошқаларнинг кўзини ўйлаб яшаяпти. Тўйлар дабдабали, лекин оилада тинчлик йўқ. Суратлар чиройли, лекин ички ҳолат чарчаган. “Одамлар нима дейди?” деган қўрқув кўплаб нотўғри қарорларнинг илдизига айланган.
Бу босим айниқса ёшлар орасида кучли. Улар муваффақиятни меҳнат билан эмас, тезкор натижа билан ўлчай бошлашмоқда. Машҳур бўлиш — мақсад, фойдали бўлиш эса ортда қолмоқда.
Таълим муассасалари диплом беришга уринади, лекин ҳаётга тайёрлаш-чи? Кўплаб ёшлар ўқишни битириб, қайси йўналишда ишлашини билмайди. Назария бор, амалиёт кам. Орзу бор, режа йўқ. Бу муаммо фақат мактаб ёки университетнинг эмас. Ота-она, устоз, жамият — барчанинг масъулияти бор. Фарзандга фақат “ўқи” дейиш етарли эмас, унга йўл кўрсатиш, қизиқишини аниқлаш, имкон яратиш керак.
Йўлда ахлат ётса, “мен ташламадим” деймиз. Навбат бузилса, индамаймиз. Ноҳақликни кўрсак, “менга тегмасин” деймиз. Шу кичик сукутлар жамланиб, катта муаммоларга айланади.
Жамиятни бир кунда ўзгартириб бўлмайди. Лекин ҳар ким ўзидан бошласа-чи?
Ҳалол ишлаш, вақтга ҳурмат билан қараш, фарзанд тарбиясига эътибор бериш, бошқани эмас, аввало ўзини танқид қилиш, мана шулар катта ўзгаришнинг кичик қадамлари.
Жамият бу — алоҳида бир куч эмас. У бизмиз. Биз қандай бўлсак, жамият ҳам шундай бўлади. Нархлар кўтарилиши мумкин, замон ўзгариши мумкин. Лекин қадриятлар, масъулият ва ҳалолликни ўз қўлимиз билан арзонлаштирмайлик.
Чунки келажакни ҳукумат эмас, шиорлар эмас — онгли ва масъулиятли инсонлар қуради.
Мадинабону Қаюмова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети,
Журналистика факультетининг 2-курс талабаси.