Қиш тугаб, гўёки табиий газга эҳтиёж пасайди. Аммо олдинда яна куз-қиш бор. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ўтган қиш мавсумида газ босимида муаммо кузатилган ҳудудлардаги газ тақсимлаш пунктларида автоматлаштирилган тизим жорий этилаяпти. Жиззах вилоятида ҳам дастлаб 14 та туман-шаҳар ҳудудларида биттадан намунали “ақлли” маҳалла”ларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Инсон омилисиз бошқарув тизимини жорий қилиш Жиззах шаҳрида синов-тажриба тариқасида хизмат муддатини ўтаб бўлган газ тақсимлаш пунктлари ўрнига чилангар ёки техник хизмат кўрсатувчи ходим назоратисиз бошқариладиган замонавий газ тақсимлаш пунктлари алмаштирилиши билан бошланган. Ҳозирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ажратилган 1050 та замонавий газ тақсимлаш пунктининг Жиззах вилоятига берилган 350 таси тўлиқ ўрнатиб бўлинди. Вилоят аҳолиси учун қўшимча 1000 дона газ тақсимлаш қурилмаси олиб келинади.

-Ҳозирда Жиззах шаҳридаги “Ҳамид Олимжон” МФЙ ҳудудида иш жараёнлари кетмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Музаффар Салимов. – Маҳаллага кирувчи тармоқларга электрон газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш орқали маҳалла баланси юзага келади. Бу ўз навбатида истеъмол қилинаётган газни аниқ ҳисоб-китоб қилиш, қувурдан хонадонгача етказиб беришдаги табиий газ йўқотишларининг олдини олади. Замонавий газ тақсимлаш пунктидан босим ростланиб, икки босқичли тизим орқали хонадонга барқарор табиий газ етказиб берилади. Газ тақсимлаш пунктларини ўрнатиш орқали табиий газ босимини марказий сервер орқали назорат қилиш имкони яратилмоқда.
-Шу вақтга қадар фойдаланишда бўлган эски турдаги газ тақсимлаш пунктлари кўп қаватли хонадонлар учун иккитадан ўрнатилган. Энди бунга хожат йўқ. Чунки эски турдаги газ тақсимлаш қурилмаларидаги мавжуд бўлмаган имкониятлар янгисида мужассам. ГРП жўмраклари ва резбали бирикмалари кам, бу эса қурилманинг тўлиқ хавфсизлигини таъминлайди, – дейди “Жиззахшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими чилангари Собир Зайниддинов.
Мирзо Улуғбек МФЙда ҳам маънан эскирган қурилма ўрнида автоматлаштирилган технологиялар орқали масофадан бошқариладиган газ тақсимлаш пункти ишга туширилди. Ушбу замонавий ГТП технологик йўқотишларни сезиларли даражада камайтиришга ва маҳалладаги 20 та кўп қаватли уйларнинг газ таъминотини яхшилашга ёрдам бериши кутилмоқда.
Вилоятимиз ҳудудида “Автоматлаштирилган истеъмол назорат – ҳисоб баланси”ни жорий этиш табиий бойлик бўлган газ ресурсларини иқтисод қилиш ва аҳолига газ етказишда барқарор ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Муқаддас САПАРОВА.