14 январь —Ватан ҳимоячилари куни
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш борасида вилоятимизда ҳам кўплаб амалий ишлар бажарилмоқда.
Юртимизда ёшларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, она-юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ижобий фикрларни янада кенгайтиришга катта эътибор қаратилаяпти. Бугунги кунда ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш ва улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Янгиобод тумани ҳокимлиги, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмлар, Чегара қўшинлари ва Миллий гвардия вилоят бошқармаси, Қўриқлаш бошқармаси ҳамкорлигида қатор тадбирлар ташкил этилаётир.
Яқинда Янгиобод тумани Сармич маҳалла фуқаролар йиғинида “Халқ билан армия – бир тану бир жон!” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик фестивали ҳамда ёшлар ўртасида камондан отиш, АК-74 қуролини тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш, тош кўтариш, арқон тортиш мусобақалари ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси экани, жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлиши таъкидланди. Шунинг учун ҳам фуқароларимизда бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва Ватанимиз тақдири учун масъулият ҳиссини оширишга бағишланган бу каби ватанпарварлик тадбирларимиз фуқароларимиз ва ёшлар учун алоҳида тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги айтилди.
Фестивалнинг асосий қисми ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги, фахрий қоровул чиқишлари, ДХХ Чегара қўшинлари ва Миллий гвардиянинг хизмат итлари билан тайёрланган кўргазмали чиқишлари фарзандларимизнинг қалбида миллий армиямиз билан фахрланиш каби туйғуларни уйғотгани билан аҳамиятли бўлди. Шундан сўнг тадбир ҳарбий оркестр жамоаларининг она Ватанни улуғловчи тинчлик каби туйғуларга йўғрилган куй-қўшиқларига уланиб кетди. Ҳарбий ватанпарварлик фестивали давомида ўтказилган спорт мусобақалари ғолибларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан китоблар тўплами топширилди. Тадбирларда 800 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Раҳмонжон АЧИЛОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят
кенгаши бўлим бошлиғи, подполковник.