Имомқул ота учун ўтган йилнинг сўнгги унутилмас воқеа билан ёдда қолди. Президентнинг самимий миннатдорлик мактуби ҳамда давлат раҳбари номидан юборилган «Кобальт» автомашинаси калити унга вилоят ҳокими томонидан тантанали равишда топширилди. Имомқул бобони танийдиган барча-барча “Ҳақиқатда муносиб” деб қувончли муносабат билдирдилар. Айниқса, матбуот ходимлари учун бу катта хушхабар бўлди.
Орадан бир неча кун ўтиб, жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши фонида Имомқул ота ҳақида сўз юритмасликнинг иложи қолмади. Чунки бобо неча йилдирки, ўзи истиқомат қилаётган Қанғли маҳалласи виждони, юзи, фахрига айланган. Ҳаётий бой тажрибаси билан кўпчиликка тўғри йўналиш бера олаётган Имомқул отанинг ҳар бир куни маҳалласидaги ташвишли оилага ёрдам қўлини чўзиш, одамлар ҳолидан хабар олиш билан ўтади. Камтар ва самимийлиги билан барчанинг бирдек ҳурматига сазовор бўлган отанинг асли касби рассомчилик, шу билан бирга журналистика билан ҳамоҳангликда, яқин дўсти сифатида умр кечирган ижодкордир.
– Мактабда ўқиб юрган кезларим рассомчиликка қизиқардим, – дейди ота. – Чизмачилик тўгаракларига қатнардим, деворларга натюрморт, пейзажлар чизардим. 1966 йилдан Жиззах туманидаги Ўсар Ҳотамов номли жамоа хўжалигида безакчи рассом, 1994-1996 йилларда “Жиззахшартномасавдо” вилоят ҳудудий бошқармасида рассом сифатида фаолият олиб бордим. Бир вақтнинг ўзида журналистикага ҳам қизиқишим бўлган. Кичик мақолалар, хабарлар ёзиб таҳририятга олиб борардим.
У вақтда газеталар ҳозиргидек компьютерда саҳифаланмасди. Қўл меҳнати билан ҳарфлар териларди. Имомқул отанинг рассомлик қобилияти ҳамда ижодкорлиги ўша вақтларда “Жиззах овози” ва “Жиззах ҳақиқати” газеталарининг “шапка”си – бош сарлавҳаларини чизиб ўқувчиларига ҳавола қилишга ундади. Таҳририят архивида қўл меҳнати билан босилган газеталар ҳануз тарихдан сўзлайди.
– Имомқул аканинг газетага меҳри ўзгача, – дейди журналист Раҳматулла Юнусов. – У халққа мутолаа учун ҳавола қиланадиган нашрларнинг ҳеч бирига бефарқ бўлмади. Вилоятимизнинг кекса нашри бўлган “Жиззах овози” газетаси 1990 йилларда “Комунизм сари” номи остида чоп этиларди. Имомқул ака газетанинг номини замон билан ҳамнафас ва ўз воҳасига хос номда бўлиши ҳақида ўз таклифини билдирди. Орадан бир йил ўтиб, газетанинг қайта номланиши бўйича таҳририят томонидан таклифлар қабул қилинди. Имомқул ака тавсия этган “Жиззах овози” номи газетага қўйилиб, мустақилликнинг дастлабки йилидан бошлаб нашр янги ном билан чоп этила бошланди.
Имомқул отанинг йиллар мобайнида кўплаб мақолалари, фелъетон, ҳажвиялари турли газеталарда чоп этилди. “Ёв қочса” номли мақоласида давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳақидаги ҳақиқатни кўпчиликка етказди. “Аравани тортолмаган от” каби танқидий мақолалари ўз даврида кўплаб муҳокамаю мунозараларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, кўплаб китобларга муҳаррирлик қилди, жиззахлик қатағон қурбонлари номини тиклашда хизматлари беқиёс. 2015 йилда “Менинг мактабим” номли китоби чоп этилди.
Кексалик вақтига етганда ота тенгқурлари каби қарилик гаштини суришни хаёлига келтирмади. Умри давомида эл дарди билан юрган, доим маҳаллада фаол бўлган, ҳамқишлоқларининг ташвишларини ўзиники, деб билиб жон куйдирган инсонни маҳалла аҳли бир овоздан Қанғли маҳалласига раис этиб тайинлашди. Бир вақтнинг ўзида Имомқул Бердиев халқ депутатлари Жиззах тумани Кенгаши депутати этиб сайланди. Ота бу ишончни оқлаш ҳақида кечаю кундуз ўйлади.
– Имомқул Бердиев тиниб-тинчимаслиги, доим одамларнинг ташвишини ўзиникидек билиб, жон куйдириши билан ажралиб туради, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Парда Шукуров. – У депутат сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари билан кенг жамоатчилик мулоқотини йўлга қўйди. Имомқул аканинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ маҳаллада нотинч оилалар, оилавий ажримлар, вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноятлар сони камайди. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида тарғибот ишларини олиб борди. Маҳалла ёшлари билан доимий учрашувлар ўтказиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатди. Муаммоларига ечим излади.
Имомқул ота собиқ раисга айланганидан сўнг ҳам эл хизматидан чарчамади. Ўн саккиз йилдирки, у “Қанғли” МФЙ “Нуронийлар” жамоатчилик кенгашининг раиси. Унинг йиллар мобайнидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилди. “Шуҳрат” медали, II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ота турмуш ўртоғи Санобар ая билан уч ўғил ва тўрт қизни вояга еткизишди, муносиб тарбия беришди. Йигирма нафар невара ва ўндан ортиқ чеваралар кўришди.
Суҳбатимиз давоми барибир “Кобальт” мавзусига келиб тақалди.
– Ўзим ҳақимда гапиришни ёқтирмайман, – дейди ота камтарлик билан. – Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида бўлган учрашувда олиб борган ишларим ҳақида гапиришим керак эди. Ростини айтсам, нималар қилганим ҳақида сўзлаш табиатимга тўғри келмайди. Шунинг учун суҳбатда кўнглимда бор фикрларимни жайдаричасига билдирдим. Президентимиздек буюк инсоннинг назарига тушиш бу менинг орзуимда ҳам бўлмаган бахт. Бу совға – менинг эмас, халқимники. Маҳаллам, юртимга хизмат қилиш катта шараф. Мана шундай ишонч эса мени янада фидойилик билан меҳнат қилишга чорлайди.
Бу эътироф умрининг асосий қисмини одамларнинг дарду ташвишига бағишлаган отахонга муносиб совға бўлди, десак адашмаймиз. Имомқул отадек закий, камтар, нияти доимо беғараз, элини эзгулик сари етаклаган инсонлар бор экан, бизнинг жамият, албатта юксалади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).