ҒАЛЛАОРОЛДА ШАФФОФ ТИББИЙ ХИЗМАТ

Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилган. Юртимизда тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари шаклланяпти. Фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилаётир.

Маълумки, мамлакатимизда соғлиқни сақлашнинг янги моделини жорий қилиш бўйича DMED – Давлат тиббий электрон маълумотлар тизими жорий этилган.

Республика Президентининг жорий  йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ яратилган ягона рақамли тизим беморлар ва тиббиёт ходимлари учун тиббий хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилди. Тизим ёрдамида ҳар бир фуқаронинг тиббий маълумотлари ягона электрон базада сақланади. Бунинг натижасида шифокорлар бемор ҳолатини тезда кўра олади. Беморлар эса электрон тиббий карта олиши, шифокор қабулига онлайн ёзилиши ва ҳатто онлайн маслаҳат олиши мумкин.

Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмаси, марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника, тез ёрдам бўлими, шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ушбу амалиётдан кенг фойдаланилаяпти.

– DMEDда мижоз тарихининг тўлиқ электрон базаси шаклланади, дори-дармон айланмасини шаффоф назорат қилиш имкони пайдо бўлади. Йўлланма, навбат, диагностика ва натижалар бир тизимга солинади, – дейди марказий шифохонанинг ички касалликлар бўлими мудири Алишер Махаммадиев. – Бир кунда шифокорларимизнинг ҳар бири 30 нафардан зиёд беморлар ҳақида тизимга маълумотларни киритишади. Тизим шифокорнинг ҳар бир ҳаракатини қайд этади: қаерда қабул қилди, нимани ёзди, қайси дорига йўлланма берди…? Ёш кадрларимиз қаторида кўп йиллик устоз шифокорлар ҳам тизимда ишлашни тезда ўзлаштириб олишди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, туманнинг марказий шифохонаси 236 ўринга мўлжалланган. Биргина юқумли касалликлар бўлимида 100 кишилик хоналар мавжуд. 12 нафар малакали шифокор, 68 нафар тажрибали ҳамшира фаолият олиб бормоқда. Бўлим замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланган.

– Бу тизимда шифокор ёхуд бош шифокорни танишингизнинг аҳамияти йўқ, тизим сизнинг ИД рақамингизни танийди, холос, – дейди 40 йиллик иш тажрибасига эга шифокор Раъно Абдуллаева. – Ҳозир олдингидек қайси шифокорга кираман, қаерга бораман, деган савол йўқ. Аҳоли тиббий дафтарни ҳам кўтариб юришмайди. Масалан, бемор бу ердан текширувдан ўтса, исталган касалхонага бориб даволанишни шу таҳлиллар асосида давом эттиради. Аввалгидек бир неча марта УЗИга тушиш ёки таҳлил учун қон топшириш шарт эмас.

Шифохонада ҳар бир шифокор эшиги олдига QR-кодли «шикоят дафтари» қўйилган. Бу албатта шаффофликнинг белгиси ҳисобланади.

Тизим нафақат беморни, балки шифокорни ҳам ҳимоя қилади, – дейди Алишер Махаммадиев QR-кодга ишора қилганча. – Чунки адолатли ишлаётган шифокор ҳам баъзан асоссиз тухматга учраши мумкин. Тизим доимий равишда ижобий ва салбий фикрларни йиғиб боради. Яъни,  тиббиёт ходимининг иш услуби ҳақида умумий тасаввур шаклланади. Шифокор қайси куни, соат нечада, қаерда бемор қабул қилгани қайд этилади. Қандай ташхис қўйгани, қайси лабораторияга йўллагани, қандай даво муолажасини ёзгани – ҳаммаси тизимда сақланади.

Ғаллаорол тумани мисолида тиббий хизматда чекка ҳудудларнинг шаҳарлардан қолишмаслигига амин бўлдик. Зеро, беморларни ортиқча овворагарчиликлардан ҳоли қилиш, қулай шарт-шароитларнинг яратилиши бугунги кун тиббиётининг муҳим омилидир.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *