Бугунги кунда миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди. Шу боис йигитлар она юртга хизмат қилишни ўзларининг муқаддас бурчи деб билмоқда. Жойларда йигитларни аскарликка кузатиш маросимлари одатга кўра тантанали суръатда давом этаяпти. Муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилганда тантана билан кутиб олинаяпти. Бу Ватан ҳимоячиларига юксак эътибор ва эҳтиром намунасидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган йигитларнинг дастлабки гуруҳи хизматга кузатилди.
Шу муносабат билан вилоят мудофаа ишлари бошқармасида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. Маросимда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Бахтиёр Бекмуродов сўзга чиқиб, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, ҳарбийлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирди. Шундан сўнг сўзга чиққан ДХХ Чегара қўшинлари фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, подполковник Сафарали Чориев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раисининг ўринбосари Бахром Жўраев ва бошқалар Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи эканлиги ҳақида гапирдилар ва бўлажак аскарларга Ватан сарҳадларини қўриқлашдек шарафли ишларида муваффақиятлар тиладилар.
— Болалигимдан ҳарбийликка қизиқаман,—дейди муддатли ҳарбий хизматга юборилаётган чақирилувчилардан бири, арнасойлик Ҳумоюн Анорбоев. —Бугун Ватан ҳимоясини ўзимнинг муқаддас бурчим, деб билиб армияга отландим. Орзуим ушалди. Тиббий кўрикдан, барча синовлардан муваффақиятли ўтдим. Энди хизматни аъло даражада ўташ учун бор куч ва билимимни сарфлайман.
Тадбирда хизматга отланган йигитларга республика Мудофаа вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Шу куни тиббий кўрикларда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган, белгиланган танлов синовлардан муваффақиятли ўтган, жисмонан бақувват, юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган бир гуруҳ чақирилувчилар ҳарбий хизматни ўташ учун жўнаб кетдилар.
Васил ИЛЁСОВ.