Хабарингиз бор, 2025-2026 ўқув йили қабули учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари вилоятимизда 14-22 июль кунлари ўтказилди. Давлат олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган, тест синовларида Жиззах вилоятида иштирок этиш истагини билдирган абитуриентларнинг умумий сони 35 048 нафарни ташкил этди.
Уларнинг 32 468 нафари (92,6%) Низом талаблари асосида тест синовларида иштирок этди. 2 578 нафар (7,35%) абитуриент тест синовларига келмади. Бинога тақиқланган воситалар (телефон) олиб кирганлиги учун 2 нафар абитуриент жараёндан четлаштирилди.
Тест синовларида гуруҳ назоратчиси сифатида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтган, амалий-семинар машғулотларида иштирок этиб, саралаш тест синовлари ва суҳбат жараёнлари натижасида саралаб олинган 154 нафар номзод билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан шартнома имзоланди. 5 нафар сурдотаржимон тест синовларида эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган абитуриентлар билан мулоқот қилишда кўмаклашди.
Тест материалларининг дахлсизлиги қандай таъминланди? Бунинг учун тест синовлари ўтказилган кунларда тест материаллари Давлат фельдъегерьлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги томонидан 1-сменада соат 07:00 да, 2-сменада соат 14:00 да Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасига олиб келинди. Тест синовлари якунида 1-смена соат 11:15 да ва 2-сменада соат 18:15 да тўлдирилган тест материаллари фельдъегерьлик хизматига топширилди.
Жараёнда электр таъминотининг узилиб қолмаслиги учун захира электр қуввати манбаи ўрнатилди ва навбатчилик ташкил қилинди. Шу сабаб тест синовлари ўтказилган кунларда электр таъминотидан узилишлар кузатилмади ва иссиқ об-ҳавода бино ичида салқинлик таъминланди. «Аввал тест, кейин танлов» тамойилига кўра, 24 июлдан бошлаб 15 кун давомида абитуриентларга олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва таълим шаклларини танлашлари мумкин.
Иброҳим ҲОТАМОВ,
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи.