Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Жиззах вилояти ҳудудий марказига ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш учун жойлаштирилган аёлларнинг бошидан кечирганларини эшитиб киши юкни ҳис қилади. Марказда оғир ҳолатдалиги туфайли олти ой мобайнида кўмак олган Саодат Толипова (исм-фамилия шартли равишда ўзгартирилди) аччиқ қисматини ва уни енгиб ўтиш йўлини шундай ҳикоя қилди:
-Ёшим 43 да, 3 нафар фарзандим бор. 2011 йилда шаърий никоҳ асосида турмушга чиқдим. 2016 йилда иккинчи фарзандим туғилишидан олдин никоҳимизни қонунийлаштирдик. Афсуски, ҳаммаси шундан кейин бошланди. Турмуш ўртоғим спиртли ичимликка ружу қўйди. Бунинг ортидан уйда ҳар куни жанжал кўтарарди. Маст бўлиб келиб, фарзандларимни ҳимоя қилганим ва эримни тинчлантиришга уринганим учун аёвсиз калтакларди, камситишларни, ҳақоратларни, сўкинишларни гапирмасам ҳам бўлади. Болаларимдан уялардим, уларнинг қўрққани, йиғлагани, уйнинг бурчагига тиқилиб олганларини кўриб юрагим эзиларди.
Бир кун ҳаммаси яхши бўлар, инсофга келиб қолар деган умид билан барчасига кўз юмдим. Турмуш ўртоғимга доим ёрдамчи бўлдим, янги уй қуришда лой қориб ғишт қуйдим, усталарнинг ош-овқатига қарадим, қора меҳнатдан қочмадим. Шундай бўлса-да кунора жанжаллар давом этса этдики, тўхтамади.
Охирги жанжалимизда уч болам билан уйдан ҳайдаб чиқарди. Боришга жойим йўқлиги, ота-онамникига ҳам қайтолмаслигим сабаб маҳалла идорасига бордим. Улар бизни бир аёлнинг уйига жойлаштиришди.
2 нафар фарзандимни Жиззах шаҳрида ижара уйга жойлаштирдим ва шаҳар мактабига бердим. Эҳтиёжларимизга пул топиш учун идиш ювдим, уй тозаладим, нонвойхонада ишладим. Шундай кунларнинг бирида эрим мен яшаётган уйга жанжал қилиб келиб, хонадон эгасига таҳдид қилди ва мени калтаклаб жиддий тан жароҳати етказди. Касалхонада ҳушимга келдим. Шундан сўнг ижтимоий ходим бизнинг оилага қайтишимизда хавф-хатар юқорилиги сабаб Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Жиззах вилояти ҳудудий марказига йўналтирди.
Марказга келганимда менда жуда катта қўрқув ва хавотир бор эди. “Энди ҳаётим нима бўлади, болаларимни қандай боқаман, қаерга бораман?” деган оғриқ ич этимни тирнарди. Бизга марказ психологи, юристи ва ижтимоий ходими, педагог-тарбиячиси ҳар томонлама кўмак беришди. Орадан вақт ўтиб ичимда қандайдир бир куч пайдо бўлди. Муолажалар натижасида мен яна ўзлигимга қайтдим.
Марказ юрисконсульти жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судида менинг ҳуқуқ ва манфаатларимни ҳимоя қилди. Суд томонидан турмуш ўртоғимга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судида никоҳдан ажратиш тўғрисида ва уй-жойга мажбурий киритиш ҳақида даъво аризалари киритишда кўмаклашишди ва никоҳимиз суд томонидан бекор қилинди.
Ҳаётим секин-аста изга туша бошлади. Жиззах шаҳридаги “Касбий кўникмалар маркази”да уқаловчи, Реабилитация марказида ташкил қилинган тикувчилик, қўл меҳнати курсларида ўқидим. Марказ кўмаги билан ўғлим ўқув марказида АТ йўналишида имтиёз асосида ўқияпти. Ўқишни тугатиб, сертификат олганимдан сўнг ишга жойлашдим, мижозлар орттирдим, аста-секин одамлар мени танимоқда. Қўлидан пул топиш келадиган, бемалол уч нафар боланинг таъминоти ва ижара пулини тўлай оладиган мустақил аёлга айландим. Шу кунлар учун Аллоҳимга шукр қиламан.
Марказда 6 ой яшадим. Ўтган вақт давомида ўзимга ўхшаган қанча аёллар келди, қанчаси кетди ва яна қанчаси келади… Ҳар бир аёл ҳеч бўлмаганда ўзининг ҳақ-ҳуқуқини, қадр-қимматини топади. Бу ердаги ҳар бир аёл қўллаб-қувватлайдиган Давлатнинг, Президентнинг ҳимоясида эканлигини ҳис қилади. Яқинлари юз ўгирса ҳам Юртбошиси уни муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўймаслигини тушунади. Бахтни ўзи учун яратишни ўрганади.
оққа кўчирувчи Сарвиноз НЕЪМАТОВА,
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Жиззах вилояти ҳудудий маркази ижтимоий ходими.