Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сон қарори асосида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг даромадларини ошириш мақсадида туризм йўналишида ўқув курслари ва семинарлар ташкил этилиши белгиланган.
Арнасой тумани — бугун кенг туризм имкониятига эга бўлиб бораётган ҳудудлардан бири. Бу ерда сайёҳлик соҳаси тобора ҳар мавсумга хос бўлиб бораётир. Соҳа ривожига тегишли амалий ишлар дастлаб шу ердан бошланмоқда. Шу сабабли, мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида яқинда тумандаги “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар учун туризм соҳаси бўйича ўқув семинар ташкил этилди.
Семинарда иштирокчиларга туризм хизматларини самарали ташкил этиш, меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш, сервис сифати ва мижозларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш бўйича зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳудудда ички ва ташқи туризм имкониятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туризм орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан туризм соҳасида фаолият бошлаш, меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш ва соҳага оид имтиёз ҳамда имкониятлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Яна бир янгилик арнасойликларни беҳад қувонтирди. Бугунги кунда Наврўз қўрғонида туризм қишлоғи қурилиши бошланмоқда. Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов Наврўз қўрғонида “Наврўз” туризм қишлоғини барпо этиш юзасидан е-аукцион платформаси орқали ер участкаси сотиб олган 51 нафар фуқаролар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида лойиҳа доирасида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, аукцион ғолибларига “Наврўз” туризм қишлоғининг намунавий лойиҳаси тақдим этилиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича тавсиялар берилди. Мазкур лойиҳа ҳудудда туризмни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.