Қурбон ҳайити муносабати билан Ғаллаорол туманида Чернобиль атом электр станцияси ҳалокати оқибатларини бартараф этиш ишларида иштирок этган фахрийларга эҳтиром кўрсатиш ҳамда эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир Ғаллаорол тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ташаббуси билан ўтказилиб, унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Аввало, Чернобиль ҳалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган фахрийлардан бири — Абдувакил Эшмуродов хонадонига ташриф буюрилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Чернобилчилар жамоат хайрия жамғармаси томонидан таъсис этилган фахрий ёрлиқ ва кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар фахрийнинг 1986-1989 йилларда Чернобиль атом электр станциясидаги авария оқибатларини бартараф этишда кўрсатган жасорати, фидойилиги ва Ватан олдидаги хизматларини алоҳида таъкидладилар. Чернобиль фожиаси оқибатларини юмшатиш йўлида меҳнат қилган инсонларнинг матонати ва жасорати бугунги авлод учун ҳам ибрат мактаби экани қайд этилди. Шунингдек, тадбирда вилоят фахрийлар уюшмаси раиси Қ.Пирназаров ҳамда туман ҳокими ўринбосари Ғ.Тўйчиев иштирок этиб, фахрийга самимий тилакларини билдирдилар. Улар мамлакатимизда кекса авлод вакилларига, айниқса, юрт тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида хизмат қилган инсонларга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритдилар.
Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ва фахрийлар уюшмаси томонидан отахонга эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳомийлигида 10 нафар ёлғиз ҳамда кам таъминланган кексалар хонадонига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Нуронийларга Қурбон ҳайити муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари ва байрам совғалари топширилди.
Мазкур хайрли тадбир юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Қурбон ҳайити кунлари ташкил этилган бундай тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби олижаноб фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.