БАҲОНА ЭМАС, ИМКОН ИЗЛАБ

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар ҳал этилиши юзасидан ҳисобот билан танишди. Унда “Ислоҳотлар штаби” томонидан 200 та лойиҳа тақдим қилинди. Уларнинг 5 таси айнан Янгиобод туманида амалга оширилади. 

– Асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида йирик лойиҳалар тақдим этилди. Туман яйловларида Мўғулистондан зотли қўй турларини келтириб боқиш, 193 гектарда боғ яратиш, 1338 гектар ерни ўзлаштириш, Хўжамушкент зиёратгоҳида зиёрат туризмини ривожлантириш каби мақсадлар яқин бир йилда амалга оширилади, – деди Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим ҚАРШИБОЕВ. – Бу орқали камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш каби устувор мақсадлар кўзланган. Янгиобод худди ўзлаштирилмаган қўриқ. Туманда бир йилда 400 тоннагача асал олинади, аммо у “Зомин асали” бренди остида тарқайди. Унинг географик номини юзага чиқариш ҳаракатидамиз. Мева-сабзавот етиштириш учун шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, уни қайта ишлаш йўлга қўйилмаган. Кейинги эътибор ана шу соҳаларга қаратилади. – Янгиобод туманининг марказдан олисдалиги ва ўзига хос жўғрофий жойлашуви инвестиция киритилиши учун бироз ноқулайдек… – Бундай баҳоналарни изласак, саноғига етиш қийин. Аммо имконият изланса, ечим ҳам топилади. Шу йилнинг ўзида Туркия, Хитой ва Россия давлатларидан инвесторлар келиб, ўрганиш олиб боришди. Салкам 100 млн АҚШ долларилик инвестиция шартномалари имзоланди.

Туманнинг табиат берган неъматларидан бири – Марказий Осиёда ягона бўлган минерал сув. 1380 м чуқурликдан отилиб чиқадиган 18 хил кимёвий элементга бой сув Хўжамушкент санаторийсининг ишга тушишига сабаб бўлган. 80 ўринли санаторий номи республикага танилгани сабаб бугун қўшимча бинолар қуришга эҳтиёж сезилмоқда. Эндиликда инвесторлар 2 та лойиҳа доирасида айнан шу сувни қадоқлаб, 7 та давлатга экспорт қилишга киришишган.  

Туманда инвесторлар учун 1350 га ер захирада олиниб, ижарага берилиши ҳисоб-китоб қилинди. Лойиҳаларнинг иқтисодий асоси, бозор талаби ўрганиб чиқилгач, ҳамкорлик бошланади. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳокимлар ва “Ислоҳотлар штаби” ҳамкорликда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизматлар соҳасида “катта сакраш” қилишлари керак. Шунда туманимиз ҳам инвестиция, иш ўрни, аҳоли даромади ва экспорт ривожланган ҳудудлардан бирига айланади.  

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *