КОМЕДИЯДА ҲАМ ДАРД БОР

27 март – халқаро Театр куни нафақат саҳна усталари ва театр ходимлари учун касб байрами, балки миллионлаб ғамхўр томошабинлар, барча театр санъати ихлосмандларининг байрамидир. Болалар учун театр атрофдаги дунёни ўрганиш усули, ёшлар учун бу ўзини намоён қилиш ва кашф қилиш майдони, катталар учун эса маънавият манбаи, ҳаётни кундалик тартиб ва оддийликдан ташқари кўриш имкониятидир.

Жиззах вилоят мусиқали драма театрида ушбу сана муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Театр севимли актёрлари учун гуллар олиб келган санъат ихлосмандлари билан тўлди. Ўз навбатида ушбу даргоҳ  ижодкорлари ҳам мухлислари учун ёрқин ва мароқли концерт дастурини тақдим этдилар.

-Театримиз репертуарида Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак”, Антон Чеховнинг “Айиқ” комедиялари ҳам борки, бу кулгу ва сатира орқали жамиятдаги айрим муаммоларни очиб беришга хизмат қилади, дейди театр директори Ғулом Дархонов – Томошабинлар, айниқса, кўп йиллар давомида муваффақият билан қўйиб келинаётган “Тўйлар муборак” спектаклини ҳар сафар мириқиб томоша қиладилар. Бу дабдабали тўй қилиш, дилбандларини бадавлат оилаларга узатиш қайғусида юрган аёлларга “Олмоқнинг бермоғи бор” ҳаётий нақлини эслатиб, оилаларни соф муҳаббат орқали қуришга чорлайдиган драмадир.

Дарҳақиқат, театрда комедия кулгу орқали  ижтимоий ҳаётдаги нуқсонлар, кишиларнинг онги ва характеридаги ярамас хусусиятларни танқид этади. Шу орқали одамлар юзига кўзгу тутилади. Отахон театрнинг истеъдодли ижодкорлари бу жанрдаги саҳна асарлари мағзидаги дардни ҳам маҳорат билан очиб бермоқдалар.

Тадбирда Ўзбекистон Давлат филармониясининг вилоят бўлими хонандалари ажойиб куй-қўшиқлар билан барчага завқ улашдилар. Тадбир сўнггида театр ходимлари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Халқаро театр куни санъат ихлосмандларига ижобий таассуротлар ва бой энергия тақдим этди.

Руслан ЖАЛИЛОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *