Бахмал азалдан ўзининг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси ва сўлим масканлари билан машҳур. Арчазорлар бағридаги сокин қишлоқлар, шовуллаб оқаётган сойлар, қадим зиёратгоҳлар ва тоғ этакларидаги боғлар бу гўшани нафақат дам олиш, балки табиат билан уйғунликни ҳис этиш истагидаги сайёҳлар учун ҳам жозибадор манзилга айлантирган. Бугун Бахмални фақат табиатнинг саховати билан изоҳлаш камлик қилади. Мустақилликнинг ўтган 35 йили давомида туманнинг туризм салоҳиятини юзага чиқариш, инфратузилмани ривожлантириш ва замонавий хизматлар тизимини шакллантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар туманни мамлакатимизнинг оммабоп туризм ҳудудларидан бирига айлантирмоқда.
Айниқса, юртбошимизнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Бахмалда туризмни ривожлантириш бўйича ишга солинмаган имкониятлар кўплигига алоҳида тўхталди. Вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари Зоминга келаётган сайёҳларнинг салмоқли қисмини Бахмалга жалб этиш учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун, аввало, йўл ва сервис инфратузилмасини яхшилаш, “Зомин – Бахмал – Ғаллаорол” йўлининг 158 километр қисмини таъмирлашни бошлаш, шунингдек, Бахмалда 39 гектар майдонда замонавий туризм кластерини барпо этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилганди. Эътиборлиси, Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда Бахмалга “туризм тумани” мақомини бериш ташаббусини илгари сурди. Бу эътибор бугун амалий натижаларда ўз аксини топмоқда.

Бахмалнинг сайёҳлик салоҳияти унинг бой тарихий ва табиий меросида ҳам яққол намоён бўлади. “Новқа ота”, “Ўсмат ота”, “Боғимозор ота”, “Хўжакўндаланг” каби ўндан ортиқ зиёратгоҳ, 68 тадан зиёд археологик ёдгорлик ҳамда ўнлаб табиий дам олиш масканлари ҳудуднинг туристик жозибасини янада оширмоқда. Бойқўнғир, Ўрмончи, Жум-жумсой, Данғара ва Мўғол қишлоқлари эса бугун экотуризм, тоғ туризми, агротуризм ва зиёрат туризмининг истиқболли йўналишларига айланиб бормоқда.
2025 йилда Новқа маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Бу ерда инфратузилма янгиланиб, хизматлар сифати оширилмоқда. Айни пайтда Музбулоқ маҳалласига ҳам ушбу мақомни бериш бўйича ишлар давом этмоқда. Бу эса ҳудуднинг туристик харитадаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туманда сайёҳларга хизмат кўрсатиш инфратузилмаси йил сайин кенгаймоқда. Айни пайтда 3 та туроператор, 558 та жойлаштириш воситаси фаолият юритаяпти. Уларнинг таркибида 50 та оилавий меҳмон уйи, 500 та кемпинг, 7 та ҳостел ҳамда санатория мавжуд. Бу масканлар нафақат сайёҳлар учун қулай шароит яратмоқда, балки маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаб, оилавий тадбиркорлик ривожига ҳам хизмат қилмоқда.
Ўтган йили туманга 246 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, шундан 46 минг нафари хорижлик меҳмонлардир. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида эса 154 минг 710 нафар сайёҳ туман гўзаллигидан баҳраманд бўлди. Шундан 26 минг 610 нафари хорижий, 128 минг 100 нафари маҳаллий сайёҳлардир. Бу кўрсаткичлар Бахмалнинг ички ва халқаро туризм бозоридаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Туризм йўналишида ҳудудда қатор режалар белгиланган. Жумладан, Бойқўнғир массивида ташкил этилиши режалаштирилаётган Музбулоқ туризм кластери замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, экотуризм объектлари ва сервис хизматларини ўз ичига олади. Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ҳудудга инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва туризм экспортини ошириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
Ушбу вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги қарори асосида Бахмал туманининг Ўрмончи, Нушкент ва Музбулоқ маҳаллаларида туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун 10 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилди. Мазкур маблағлар йўл ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, сайёҳлар учун замонавий қулайликлар яратиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади. Бу эса Бахмалнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириб, ҳудудни йирик туризм марказига айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
ИНТЕНСИВ БОҒЛАРДАН ЭКСПОРТГАЧА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 декабрь куни вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудуднинг табиий ва иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, боғдорчилик ҳамда мева-сабзавотчиликни экспортбоп тармоққа айлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Айниқса, тоғли ҳудудлар, жумладан, Бахмалнинг мева етиштиришдаги устунликларидан оқилона фойдаланиш зарурлиги вилоят фаоллари билан бўлган йиғилишда алоҳида таъкидланган эди. Ана шу топшириқлар ижроси бугун туманда қандай амалга оширилаяпти?

Бу борадаги ишлар Президентимизнинг 2026 йил 30 январдаги “2026-2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан янги босқичга олиб чиқилди. Мазкур қарорга мувофиқ, Бахмалда 1500 гектар эски боғ ва токзорларни янгилаш, 1000 гектар замонавий интенсив боғлар ташкил этиш вазифаси белгиланди. Мақсад фақат янги кўчат экиш эмас, балки ҳосилдорлиги юқори, экспортбоп ва замонавий агротехнологиялар асосида фаолият юритадиган боғларни барпо этишдан иборат.
—Бугунги кунга қадар мазкур вазифалар ижроси доирасида 873 гектар майдондаги эски боғлар тўлиқ янгиланиб, уларнинг ўрнига “in-vitro” усулида етиштирилган ҳамда сертификатланган кўчатлар экилди. Шунингдек, 565 гектар майдонда замонавий саноатлашган интенсив боғлар барпо этилди. Бу боғларда томчилатиб суғориш, замонавий парвариш усуллари ва ҳосилдор навлардан фойдаланилаётгани келгусида мева етиштириш ҳажми ҳамда экспорт салоҳиятини сезиларли ошириш имконини беради,—дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Сардор Абдувоҳидов.
Сўнгги йилларда Бахмал боғдорчилигида кузатилаётган ўсиш бунинг яққол исботидир. Агар 2023–2024 йилларда туман боғлари 6 минг гектарни ташкил этган бўлса, янги боғлар барпо этилиши ҳисобига уларнинг майдони 12 минг гектарга етади. Ўтган йили туманда 42 минг тонна олма етиштирилди. Бу эса келгуси йилларда туманда юқори ҳосилдорлик ҳамда экспортбоп маҳсулотларни ҳажмининг ортишига хизмат қилади.
Ҳудудда боғдорчиликни илм-фан билан уйғунлаштириш борасида ҳам муҳим қадамлар қўйилмоқда. Ойқор маҳалласида жорий йилда юқоридаги қарорга мувофиқ Франциянинг машҳур “Dalival” компанияси билан ҳамкорликда 13,5 гектар майдонда 25 минг туп юқори ҳосилли олма кўчати экилиб, намунавий интенсив боғ барпо этилди. Ушбу лойиҳа замонавий агротехнологияларни ҳудудга олиб кириш, халқаро тажрибани оммалаштириш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, “Agro In Vitro” корхонаси билан ҳамкорликда маҳаллий иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли олма ва нок кўчатлари етиштирилаётгани боғдорчиликни илмий асосда ривожлантиришнинг яна бир муҳим қадами бўлди. Ўрмончи маҳалласида эса “Turon Stable” МЧЖ томонидан 100 гектарлик интенсив боғнинг барпо этилиши хусусий секторнинг ҳам бу жараёндаги фаол иштирокини яққол намоён этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Жорий йилда туманда режалаштирилганидан ҳам кўпроқ 610 гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди. Боғларнинг 370 гектарида томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди, суғориш тармоқлари бетонлаштирилди. Бу эса сув танқислиги шароитида ҳосилдорликни оширишнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Бугун Бахмал нафақат машхур олмаси билан, балки картошкачилик, дуккакли экинлар, чорвачилик ва асаларичиликдаги ютуқлари билан ҳам эътибор қозонмоқда. Туманда йилига 100 минг тоннагача картошка етиштириш режалаштирилган бўлса, минглаб гектарларда ловия ва нўхат парваришланмоқда. Чорвачиликда наслни яхшилаш, асаларичиликни кенгайтириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ислоҳотларнинг изчил давом этаётганидан далолат беради.
Бахмал боғлари бугун шунчаки мева етиштириладиган маскан эмас. Улар замонавий илм, инновация ва меҳнат уйғунлашган улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Ҳар бир экилган кўчат, ҳар бир бунёд этилган интенсив боғ, ҳар бир йиғиб олинган мўл ҳосил ҳудуднинг нафақат республикамизда, балки МДҲ ва яқин Шарқ давлатларда ўзига хос брендга айланаётганидан дарак беради.
“БАХМАЛ БУЛОҚЛАРИ”НИНГ АСЛ БОҒБОНИ
Мустақиллик байрамига бағишланган саҳифани тайёрлаш жараёнида туман ҳокимлигида бўлиб, Бахмал олмаларининг довруғини элга танитаётган илғор боғбонлар ҳақида суҳбатлашдик. Қишлоқ хўжалиги бўлимининг мутахассиси Тимур Баҳриддинов “Бахмал булоқлари” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “Қудратов Раббим” фермер хўжалиги аъзоларининг бу борадаги ибратли ишларини тилга олиб ўтди.
Мазкур хўжаликка Раббим Қудратов етакчилик қилади. Қишлоқ мулкдорини боғда учратдик. У ишчилар билан боғ қатор ораларига экилган помидор кўчатларини ўтдан тозалашаётган экан. Шиғил-шиғил ҳосил тизилиб турган помидор кўчатлари эътиборимизни тортди.

—Бу боғлар сизларга тегишлими? — сўраймиз ундан.
—Ҳа, хўжалигимизга қарашли, —секин гап бошлади раис. —Мустақиллик деҳқонларга катта имкониятлар яратиб берди. Ер билан тиллашиб, унга меҳр кўрсатиб, табиат инъомларининг қадри етиб яшашнинг завқини ҳамма ҳам бирдек ҳис этавермайди. Боғбонларнинг иши ҳам осонмас. Кўчат экиб, парваришлаш, ундан ҳосил олиш машаққатли меҳнат талаб этади.
Мақоламиз қаҳрамони Раббим Қудратов Тагоб қишлоғида туғилиб вояга етди. Отаси оддий деҳқон хўжаликда ишлаб боғдорчиликдан яхши хабардор эди. Унинг ўгитлари ёш Раббимнинг боғбонликка қизиқишини орттирди. Ўғил ҳам соҳанинг сир-синоатларини пухта ўрганди. Бу 2013 йилда фермер хўжалигининг 16 гектар боғ майдони бор. Ўтган йили унинг 5 гектарини бузиб, янги ҳосилдор навли кўчатлар экишди.
Боғ қатор ораларига эса ловия ва помидор экинлари экилиб парваришланаётир. Ўтган йили боғбонлар 45 тоннадан зиёд сара олма етиштиришди. Жорий йилда ҳам аҳил жамоа баракали ҳосил йиғиштириб олиш ниятида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.
Фермер даласида деҳқонларнинг қўли-қўлига тегмайди. Боғларда суғориш ва дорилаш ишлари қизғин давом этмоқда. Боғбонлар сархил олмалар етиштириб, мўл-кўлчиликни таъминлашга бел боғлаган.
ПОЛЬША МАЛИНАСИ ПАРВАРИШЛАНМОҚДА
Сўнгги йилларда туманда аҳоли даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ҳосилдор, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ойқор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги “О Азиз” масъулияти чекланган жамиятида бу борада кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан жамият аъзолари ўтган йили ноябрь ойида тимчилатиб суғориш усулида илк маротаба 3 гектар майджонга малина кўчатлари экиб, парваришни йўлга қўйишди. Шу мақсадда, Польша давлатидан 20 минг дона “Дельнива” навли кўчат келтирилди. Мазкур лойиҳа учун 750 миллион сўм сармоя киритилиб, келгусида йилига 25 тонна малина етиштириш ва унинг асосий қисмини экспорт қилиш кўзда тутилган.
—Бу кўчатлар Бахмал иқлимига мослашиб, жорий йилдан ҳосилга кирди, —дейди жамият иш юритувчиси НеъматАбдулахатов. Келгуси йилдан эса кўчатлар тўлиқ ҳосилга кириб, режадаги малинани етиштиришимиз мумкин. Жамиятда 10 нафар ишчи доимий, 50 нафари мавсумий иш билан таъминлоанган. Айни кунларда кўчатлар 7 марта чопиқ қилинди. Улар кўп сувни талаб этгани учун намни сақлаш мақсадида сомон тўшалган. Парвариш ишлари бир маромда олиб борилаётир.
Аҳил жамоа бу ишлар билан ченкланиб қолмаяпти. Улар эндиликда маймунжон (ежевика) экини кўпайтириш билан шуғулланишаяпти. Ҳозирга қадар 0,5 гектар майдонга бу экин уруғи экилиб, парваришг қилинаяпти. Яқин йилларда уни 10 гектарга етказиш кўзда тутилаяпти. Кўчатлар АҚШнинг Калифорния штатидан келтирилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар Италия давлатидан қулупнойнинг Кабрилло навли кўчатларини ҳам экишни мақсад қилишган. Ҳадемай хориждан келтирилган кўчатлардан баракали ҳосил етиштирилиб, маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади.
ХАВФСИЗ ВА РАВОН ЙЎЛЛАР
Бугун туманда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 декабрдаги “Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида автомобиль йўлларини таъмирлаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўсмат шаҳри – Узунбулоқ – Гулбулоқ йўналишидаги 4K247 (ҳозирги 25В020) автомобиль йўлининг 0–22 километр қисмида 2025–2026 йилларга мўлжалланган таъмирлаш ишлари давом этмоқда. 2025 йил учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 7,7 километр асфальт қопламаси янгиланди ва объект бўйича режалаштирилган молиялаштириш ишларининг 63 фоизи бажарилди. Шунингдек, Мустақиллик маҳалласига олиб борувчи ушбу йўлнинг 7+100 километрида жойлашган кўприк ҳам тўлиқ таъмирланди.
Шу билан бирга, Бахмал тумани ҳудудидан ўтувчи D053 (4Р41) — М-39 автомобиль йўлидан Ўсмат шаҳри орқали Бахмал қишлоғига олиб борувчи автомобиль йўлининг 18–55 километр қисмидаги 1,2 километр эскирган асфальт қопламаси тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Тумандаги умумий фойдаланишдаги 162 километр автомобиль йўлларидаги камчиликлар бартараф этилди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 124 та эскирган йўл белгиси алмаштирилиб, янгилари ўрнатилди. Шунингдек, 154 километр йўлда йўл чизиқлари қайта чизилди, 75 та пиёдалар ўтиш жойида махсус йўл белгилари ва чизиқлари янгиланди.
Амалга оширилган мазкур ишлар туман транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш шароитини яратиш ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
ОБОДЛИКДАН ФАРОВОН ТУРМУШ САРИ
Мустақилликнинг 35 йиллиги тўйи арафасида Бахмал туманида аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишга алоҳида эжътибор қаратилаётир. Ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил 4 майда қабул қилинган “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида амалга оширилаётган “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси бугун ҳам изчил давом этмоқда. Лойиҳа доирасида 163 километр магистраль сув тармоғининг 135,7 километрига, яъни 83 фоиз қисмига қувурлар ётқизилди ҳамда учта муҳим иншоотда қурилиш ишлари тўлиқ якунланди.
Табиий ва суюлтирилган газ таъминотини барқарорлаштириш мақсадида 2025 йилда 1,8 километр газ тармоғи реконструкция қилиниб, 14 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди.
Электр таъминотини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жорий йилда 51 километр электр узатиш тармоғи ва 14 та янги трансформатор пункти барпо этилди. Шунингдек, 193,6 километр электр тармоғи, 49 та трансформатор пункти ҳамда битта юқори кучланишли трансформатор мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, 210,2 километр электр узатиш тармоғи ва 72 та паст кучланишли трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Амалга оширилган ушбу кенг қамровли ишлар натижасида 5,7 минг нафардан ортиқ истеъмолчининг электр таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Бу эса аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришни барқарор электр энергияси билан таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
ОЙҚОРЛИКЛАР ОРЗУСИ УШАЛМОҚДА
Ойқор маҳалласида аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш ва томорқалардан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Бугун маҳаллада 8244 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуднинг асосий драйвери бўлган боғдорчиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 320 гектардан ортиқ майдонда эски боғлар янгиланиб, сертификатланган мевали кўчатлар экилиб, замонавий интенсив боғлар барпо этилди. Бу эса аҳоли даромадини ошириш ва ердан унумли фойдаланишга хизмат қилмоқда.

“Ойқор” ҚФЙ раиси Фарҳод Абдураҳмонов ва маҳалла ҳоким ёрдамчиси Диёрбек Холжигитовнинг маълум қилишича, маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хатлов натижасида аниқланган ишсиз фуқароларнинг 132 нафари доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинди, 40 нафар фуқарога эса “Е-аuksion” платформаси орқали деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдони олишда амалий кўмак берилди.
Шунингдек, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида 230 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишда ёрдам кўрсатилди. «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган 25 нафар фуқаро субсидия асосида асбоб-ускуналар билан таъминланди. Натижада 82 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Ойқор маҳалласида амалга оширилаётган бу ишлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли даромадини ошириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида маҳалланинг янгиланиш ва тараққиёт сари дадил қадам ташлаётганини яққол намоён этмоқда.
Абдушукур ЛАПАСОВ,
Худойберди ЗИЁТОВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)