Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 16 ноябрдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳрида собиқ теннис корти биноси ўрнида янги теннис корти қурилиши билан биргаликда “Киберспорт аренаси” ҳам барпо этилмоқда. Марказий Осиёдаги энг йирик арена қурилишини “Файз-барака классик” МЧЖ қурувчилари олиб боришмоқда.
—Айни пайтда 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган арена қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда,—дейди жамият муҳандиси Хуршид Усмонов.—Лойиҳага асосан 28 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади. Мусобақалар ўтказиладиган катта зал, томошабинлар ўриндиқлари, мусобақа жараёнлари кўрсатиб бориладиган катта форматдаги экранлар жойи барпо қилинмоқда. Бундан ташқари бу ерда IT академияси ўқув маркази, ёпиқ теннис корти ва бошқа қўшимча бинолар қурилаяпти.
Вилоятимизда киберспорт тури оммалашиб бораётир. Киберспорт – бу виртуал макондаги мусобақа бўлиб, шахслар ёки жамоалар ўртасида тенг шароитларда курашишни билдиради. Яъни, бу ўзига хос компьютер ўйинларидир.
10 ёшдан 34 ёшгача бўлган 10,8 млн. ўзбекистонлик компьютер ўйинларини ўйнайди, улардан 30 минг нафари профессионал фаолият билан шуғулланади. Мамлакатимизда 200 дан зиёд киберспорт клублари бор. 2023 йилдан бошлаб ҳар йили киберспорт бўйича “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, “Вазирлар Маҳкамаси кубоги”, “Ёшлар кубоги” турнири каби мусобақаларни ўтказиш таклиф этилмоқда. Ўтган йили вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ёшлар ўртасида беш ташаббус олимпиадаси “Kibersport” мусобақасининг маҳалла босқичи ўтказилди.
Яқинда вилоятимиз ҳокими Эргаш Салиев хорижлик бир гуруҳ киберспорт делегацияси аъзоларини қабул қилди. Учрашувда вилоят ҳокими воҳамизда киберспортни ривожлантириш, уни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида гапириб ўтди. Меҳмонлар халқаро талаблар асосида, нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг йирик “Киберспорт аренаси”даги қурилиш ишларини бориб кўрдилар ва ўз таклиф ҳамда тавсияларини беришди.
Вилоятимиз марказида бунёд этилаётган ушбу марказ келгусида киберспорт бўйича жаҳон, Осиё ва халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиш имкониятини беради. Қурилиш ишлари жорий йилнинг охирида якунланади.
Васил ИЛЁСОВ.