Бугун Жиззах Педагогик маҳорат марказида тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Аҳмадали Асқаров билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда марказ жамоаси ҳамда тарих йўналиши тингловчилари иштирок этдилар. Давра суҳбатида академик ўзининг ҳаёти, илмий изланишлари, таълим соҳасидаги ютуқлар ва камчиликлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Аҳмадали Асқаров 91 ёшни қоралаган бўлса-да, теран нутқи, юксак закоси ва ўткир хотираси сабаб ҳамон илмий ва ижодий учрашувларда фаол. У тадбир учун марказ раҳбариятига миннатдорлик билдирди ҳамда тарих фани билимдони ва шоҳиди сифатида ўз ҳаёт ва ижод йўли ҳақида йиғилганларга гапириб берди.
Умри археологик экспедицияларда ўтган Аҳмадали Асқаров ҳозир ҳам янги объектларни очишда иштирок этади. Унинг асосий фаолияти Ўрта Осиёда сақланиб қолган моддий-маданият ёдгорликларини очиш ва уларда археологик тадқиқотлар ўтказиш йўли билан Ўзбекистон халқлари тарихини ўрганишга бағишланган. Илмий изланишлари 20 дан ортиқ монография, 600 дан зиёд илмий мақола, 1 та дарслик ва 8 та ўқув-методик қўлланмада акс этган. Айнан унинг ташаббуси билан 1970 йилда Самарқандда Археология институти ташкил этилган.

-Ўша пайтда СССР бўйича иккита Археология институти бўлган, бири Москвада, бири Киевда, -дейди академик. – Илмий иш доирасида Сополтепа ёдгорлигини ўрганиб, 4 минг йил бурунги шаҳар маданияти намуналари топилди. Бу шаҳарсозлик маданиятининг биз ўйлагандан ҳам илгари мавжуд бўлганини кўрсатади. Жумладан, Хитойдан олдин бизда ипак матолар ишлаб чиқарилган. Ғўза навли пахта экилган. Барча тўпланган ашёларни ўрганиб чиқиб, юртимизда давлатчилик тарихининг нақадар олис эканлиги исботланди. Натижада Москвада олти ой юриб, 40 та имзо тўплангач, Самарқандда иттифоқдаги учинчи археология институти очилди.
У 1987 йилга қадар ушбу институтда раҳбарлик қилди. Шу билан бирга археологлик фаолиятини давом эттирди. Олимнинг энг катта ишларидан бири Сурхондарёдаги Жарқўтон ёдгорлигидан топилган 100 гектарлик қадимий шаҳар ва бронза даврига оид ибодатхона харобаларидир. Бу Ўзбекистон заминида топилган зардуштийлик динига оид биринчи ибодатхона эди. Бу билан зардуштийликнинг юртимизда анча аввалроқ — бронза даврида пайдо бўлганини исботланди. Шуннигдек, Наманган вилоятида қадимги Ҳайлам шаҳридаги зардуштийлик ибодатхонасидан 70 та оташкада топилган. Бундай кўламдаги оташкада дунёда биринчи бор ўзбек заминида учраган.

-Очиғи, академик Асқаровнинг ҳаёти давомида амалга оширган ишлари ҳақида хабардор бўлиб, бир инсон умри мобайнида шунча иш қила олиши мумкин эканда, деган ҳайрат пайдо бўлди, – дейди тадбир иштирокчиси методик хизмат кўрсатиш бўлими методисти Нигора Ҳасанова. – Меҳмон Шароф Рашидов билан учрашув ҳақида гапириб бераркан, у кишининг “Ҳаммага тенг, базмлардан қочадиган ва ўз устингизда ишлайдиган раҳбар бўлинг” деган ўгитлари кейин ҳам жуда кўп асқотганини тилга олиб ўтди. Барча ютуқларига меҳнатни сабаб деб билган Аҳмадали Асқаров билан учрашув нурли ва маърифатли суҳбат бўлди.
Академикнинг ҳаёт йўли ва илмий сафарлар, экспедицияларга бой изланишлари ҳақидаги маълумотлар барчада катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.