Бутун мамлакатимиз халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун ҳиммат ва ғайрат камарини белларига боғлаб, фидокорлик билан меҳнат қилмоқда. Аслида Ватан остонадан бошланади, деган гап бор. Бизнинг назаримизда Янги Ўзбекистон маҳалладан бошланади. Ҳар бир маҳалла обод бўлса, кўркам ва гўзал кўчалар, хиёбонларда ўз тақдиридан хушнуд юртдошларимизни учратсангиз, муаммолар ўз ечимини топса, демак биз орзу қилган Янги Ўзбекистоннинг тамал тоши қўйилди, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Жиззах шаҳридаги Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинида 8334 нафар аҳоли яшайди. Маҳалланинг асосий драйвери қишлоқ хўжалиги, томорқачилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик каби соҳалар ҳисобланади.
—Маҳалламизда азалдан аҳоли хонадонларида томорқачилик ва иссиқхоналар фаолияти яхши йўлга қўйилган,—дейди Амир Темур маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Маҳбуба Мамирова. — Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳолига муносиб турмуш шароитларини яхшилаш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланиб улгурди. Бу билан халқни рози қилиш, одамлар ҳаётида, маҳалласида ислоҳотлар натижасини сезиши учун қатор лойиҳа ва дастурлар доирасида бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудимиз географияси, иқлими, жойлашувидан келиб чиқсак, Учтепа-Жиззах-Ғаллаорол автомобиль йўлининг маҳалла ҳудудидан ўтувчи марказий Амир Темур кўчасининг Боғишамол массивидан Сангзор дам олиш масканигача чўзилган 12 километрлик масофада кўчанинг ҳар икки томонидан қатор сервис хизмати кўрсатувчи шоҳобчаларни барпо этишни режалаштирганмиз. Энди аҳолига сервис хизмат кўрсатиш бўйича янги йўналишда маҳалланинг драйвер салоҳияти ва имкониятларини ишга солмоқдамиз. Бу борада ташаббускор тадбиркорларимизнинг хизмат кўрсатиш шоҳобчаларини барпо этиш бўйича қатор лойиҳалари маъқулланди. Савдо, озиқ-овқат, салқин ичимликлар, бассейн, меҳмонхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва автомобилларни ювиш шоҳобчаларининг фойдаланишга топширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилади. Аҳолининг бандлиги таъминланади, даромади ҳам ортади.
Амир Темур маҳалласида 56 та иссиқхона бор. Яқинда яна 3 гектарга яқин янги иссиқхоналар барпо этилди. Ака-ука, ҳам қўшни саналган Дилшоджон ҳамда Аҳроржон Равшановлар хонадонига ҳоким ёрдамчиси ҳамроҳлигида ташриф буюрдик. Ҳар иккала хонадонда ҳам бир сотихли иссиқхонада бодринг ғарқ ҳосилга кирган. Иссиқхонага 250 туп бодринг кўчати экилган.
—Ҳар бир тупдан 10-12 килогача ҳосил териб олаяпмиз,—дейди Дилшод Равшанов. Пишиб етилган ҳосил савдо дўконларига пешма-пеш етказиб берилади.
Томорқада бирорта бўш жойнинг ўзи йўқ. Дилшод очиқ майдонга помидор, кўкатлар, гуллар эккан бўлса, укаси Ахроржон бир сотихли иссиқхонасидан ташқари яна ўз томорқасига картошка, маккажўхори экди.
—Паррандаларимиз учун ем-озуқаси ўзимиздан чиқади, —дейди Ахроржон Равшанов. —Турмуш ўртоғим Сайёра, қизим Зилола ўқишдан бўш пайти томорқа ишларида менга камарбаста бўлишади.
Фуқаролар йиғини кўмаги билан субсидия асосида маҳаллада яшовчи Шерзод Бегмановга бир сотихлик иссиқхона қуриб берилди. Жорий йилда хонадон эгаси иссиқхонасидан бир тоннага яқин помидор йиғиштириб олди.
Бу йил маҳалла ҳудудидан ўтган катта магистраль йўлнинг чап томонидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳамда Жиззах шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ташаббуси билан 40 сотихли янги иссиқхона барпо этилди. Гулчиликка ихтисослашган иссиқхонага ўндан ортиқ турдаги гул уруғлари экилди. Айни пайтда уч юз мингга яқин етилган гул кўчатлари Жиззах шаҳрининг кўчалари, ҳиёбонлари, майдонларига экилмоқда.
“Аёллар дафтари”да турган 45 нафар маҳалладаги хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тўққиз нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун “Ҳар бир оила—тадбиркор” дастури доирасида “Микрокредитбанк” АТБ Жиззах вилоят бўлими томонидан 10 миллиондан 50 миллион сўмгача бўлган имтиёзли кредитлар ажратилди. Уч нафар аёл бир сотихдан иссиқхона барпо қилди. Икки нафари эса маҳалладаги “Шодлик” маркетига ишга қабул қилинди. 28 нафар аёлнинг пиллачилик йўналишида бандлиги таъминланди. Яна 12 нафар аёл тадбиркор Лобар Маматқулованинг ташаббуси билан у раҳбарлик қилаётган тикувчилик цехига ишга жойлаштирилди.
Бундан ташқари “Ёшлар дафтари”да ҳамда ижтимоий реестрда турувчи аҳоли учун ҳам маҳалла фуқаролар йиғинининг сайъ-ҳаракати билан имтиёзли кредитлар ажратилиб, ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Бугун маҳалла аҳолисининг яхши яшаш орзуси, муносиб шароитларда турмуш кечириши учун имкониятлар эшиги кенгроқ очилмоқда. Энг аввало, мамлакат раҳбарининг қишлоқ ва маҳаллаларга эътибори сабаб, тизимли дастур инсон қадри, одамларнинг ўз оиласи, маҳалласи, Ватанга бўлган меҳрини янада ошишига, ҳамжиҳатликка ўргатмоқда. Жиззах шаҳрининг Амир Темур маҳалласида бўлиб, биз бунга амин бўлдик.
Зоир ЭРГАШЕВ,
Умид НОРБОЕВ.