Дўстлик тумани Саноатчилар маҳалласида замонавий саноат лойиҳаларидан бири муваффақиятли амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи “BIRYUZA GROUP” МЧЖ трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш ва уларни хорижий бозорларга етказиб бериш йўналишида фаолият юритмоқда.

Мазкур ташаббус доирасида 1 200 та иш ўрни яратилган. Ҳозирда 1 000 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий меҳнат қилмоқда. Жамоанинг қарийб 1 000 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар учун бу даромад манбаи бўлиш билан бирга, касбий маҳоратини ошириш ва оила фаровонлигини таъминлаш имкониятидир.
Корхонада ички кийимлар ва трикотаж буюмлари замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилади. Андоза асосида бичиш ва тикув жараёнларида замонавий ускуналардан фойдаланилади. Юқори сифатли йигирув ипларидан тайёрланган матодан маҳсулотлар ишланиб, халқаро стандартларга мослиги таъминланади.
Йиллик қуввати 30 миллиард сўмга тенг бўлган корхона маҳсулотларининг асосий қисми Россия ва Европа давлатларига экспорт қилинади. 2026 йил учун Туркия ҳамда Россия билан трикотаж буюмларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.
Экспортга йўналтирилган мазкур фаолият Дўстлик туманининг саноат салоҳиятини ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва мамлакат экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Филиал раҳбари Hamde Avseren билан мулоқотда истиқболдаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, хорижий буюртмалар ҳажмини ошириш ҳамда янги ишлаб чиқариш линияларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу эса маҳсулот турларини кўпайтириш, ташқи харидорлар доирасини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга замин ҳозирлайди.
“BIRYUZA GROUP”даги натижалар нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичларида, балки аҳоли бандлигида ҳам намоён бўлмоқда. Барқарор иш ҳақи, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари, ижтимоий кафолатлар ходимлар учун муносиб меҳнат муҳитини яратмоқда.
Дўстлик туманида саноатнинг янги корхоналар билан бойиб бориши аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Шахноза ДЖАЛИЛОВА.