ЭКСТРЕМАЛ ТОҒ ТУРИЗМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Воҳамизнинг сайёҳлик салоҳияти фақатгина анъанавий туризм турлари билан чекланмайди. Экстремал-тоғ туризми севимли ва сердаромад турлардан биридир. Жиззахда ушбу туризмнинг энг ривожланган турлари орасида тоғ чўққисини забт этиш, ғорда сайр, сноуборд, тоғ велосипеди учун ажойиб имкониятлар бор. Хўш, уни оммалаштиришда шароит ва эътибор етарлими?

         Якунланган ҳафтада вилоят туризм бошқармаси ташаббуси билан “Экстремал тоғ туризмда инструктор йўлбошловчилар” мавзусида икки кунлик ўқув семинар ўтказилди. Тадбирнинг биринчи кунида ЎзМУ Жиззах филиали туризм йўналиши талабалари ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган гид-йўлбошчилар учун назарий билимлар берилди. Тадбирга  Россия Федерациясидан мутахассис – пиёда туризми буйича олий тоифали тренер, спорт устаси Борис Карпов ҳамда Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси раиси Леонид Козловский жалб этилди.

-Жорий йилдан бошлаб турк ва инглиз тили бўйича гид-таржимонлик фаолиятимни бошладим, – дейди Шаҳло Ҳошимова. – Тоғ туризми йўналишида ишлаш йўлбошловчидан жисмоний, техник тайёргарликни, шунингдек, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасини ҳам талаб қилишини ушбу семинарда билиб олдим. Шу сабаб бошқа сайёҳлик йўналишларидан фарқли равишда йўлбошловчилар инструктор деб аталади.

Семинарда таъкидланганидек, вилоятда экстремал ва тоғ туризми бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Бу эса ўз навбатида воҳага бу турлар бўйича қизиқиш билдирган сайёҳларнинг талаб ва истакларини қондириш имконини беради.  

 – Федерациямиз 2007 йилдан буён фаолият кўрсатаяпти – дейди Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси раиси Леонид Козловский. – “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада 2018 йилдан бошлаб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бизни ўз “қаноти” остига олди. Мамлакатда тоғ спорти турлари ва тоғ туризмини ривожлантиришда профессионал ташкилотлар мавжуд эмас, шаҳар ва тоғли ҳудудларда ўқув-машғулотлари масканларини ташкил этиш зарур. Шу жиҳатдан олиб қараганда бугунги семинар-тренинг  вилоят учун муҳим аҳамиятга эга.

         Кеча, якшанба куни бир гуруҳ талабалар ҳамда гид-йўлбошловчилар Бахмал туманидаги Ўрмончи қишлоғини ўраб турган юксак тоғлар сари юриш қилдилар. Тоғ туризми бўйича мутахассислар уларга хайкинг (тоғ сўқмоқларида пиёда юриш), арқон тортиш, чўққига кўтарилиш каби туризм турлари бўйича амалий сабоқ беришди.  

-Айниқса, хайкинг бутун дунёда оммалашиб бораяпти. У турли ёшдаги кишилар учун мос ва ёввойи табиат билан бир сутка қолиш мобайнида тинчлик, хилват, осойишталик каби жуда ҳам ёқимли туйғуларни тақдим этади, – дейди россиялик тренер Борис Карпов. – Туркистон тоғ тизмаси бу мақсад учун жуда ҳам мос келади, аммо гап бундай саёҳатни ташкил этиб берадиган мутахассислар ва давлат кафолатида. Яъни сайёҳ ўзи сайр қиладиган ҳудуднинг хавфсиз эканига тўла ишонч ҳосил қилиш керак. Гид-инструктор эса уни қизиқарли ва қулай сўқмоқларга бошлаб бориши керак. Натижада экотуризм учун ташриф буюрган сайёҳлар янги туризм турларини ҳам синаб кўришлари мумкин бўлади. Бу эса маблағ, даромад дегани.

         – Вилоятнинг Бахмал, Зомин ва Фориш туманларида экстремал ва т оғ туризми учун имкониятлар аниқланган,  – дейди вилоят туризм бошқармасининг бош мутахассиси Дилором Холмирзаева. – Экстремал тоғ туризми бўйича халқаро мусобақа 4 йилдан буён Бахмал туманида ўтказиб келинмоқда. Бундай тарғибот ва ўқув тадбирлари мазкур сайёҳлик турларига мос барча ҳудудларда ёшлар ва сайёҳлик йўналишидаги тадбиркорлар ўртасида ўтказилади.

         Амалий машғулотлар давомида россиялик мутахассис Пешағор ғори, Ҳаёт чўққиси каби объектларнинг машҳурлигини таъкидлаб, у ерда ҳам тоғ туризмини ривожлантиришга доир тавсиялар берди.

 

                    Муқаддас САПАРОВА.

С.НОРБЕКОВ олган суратлар.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *