ЕТАКЧИ  ЁШЛАР  ЖИЗЗАХДА

Зомин туманида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тизимида фаолият юритаётган бошланғич ташкилот етакчилари учун уч кунлик ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Шу йилнинг 31 январь – 3 февраль кунлари комбинат тизимида 2025 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурига кўра, бўлинмаларда фаолият юритаётган бошланғич ташкилот етакчиларининг лидерлик қобилиятларини ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш кўникмаларини ошириш, бир-бирлари билан тажриба алмашиш  мақсадида 55 нафар ёшлар жам бўлиб, Жиззахга отланишди.  

Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги қатор тарихий ёдгорликларни томоша қилишди. Ал-Бухорий, Ҳазрати Хизр, Регистон мажмуаларини зиёрат қилиб, бу ердаги бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдилар. Маҳобатли қадимий обидалар, тарихий ёдгорликлардан мозий нафаси уфуриб туришини кузатиб, буюк аждодларимизнинг ақлу заковати,  илм-фан ва маданий меросимизга қўшган ҳиссалари тўғрисидаги маълумотлардан бохабар бўлдилар.

Сўнг ўғил-қизлар Жиззах вилоятига йўл олиб, Зомин туманига етиб келишди ва Навоий кон металлургия комбинатига қарашли санаторияга жойлашдилар. Иккинчи куни эрталабки бадантарбия ва нонуштадан сўнг амалий семинар бошланди. Очилиш маросимида НКМК ёшлар етакчилари кенгаши раиси Санжар Раджабовнинг ташкилотда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишида 2024 йилда бажарилган ва 2025 йилда қилиниши лозим бўлган ишлар хусусидаги тақдимоти бўлиб ўтди. У мамлакатимизда, хусусан, ташкилотда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш, етук кадрлар этиб тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгуси режалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирди ҳамда барча иштирокчиларнинг ишларига муваффақият тилади.

Жамоатчи етакчиларнинг жамоа ва ёшлар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, уларда лидерлик, мулоқотга киришувчанлик, қийин вазиятлардан чиқиб кета олиш хусусиятларини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Тошкент халқаро университети психолог ўқитувчиси Наргиза Ташмурадова икки кун давомида қатнашчиларга амалий ўқув семинари ўтди. Унда йигит-қизларда лидерликни ривожлантириш, жамоа билан ишлай олиш, раҳбарлик ва етакчилик қобилиятини шакллантириш борасида билим ва кўникмалар берилди. Тадбир турли қизиқарли ўйинлар, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

—Бу билимлар ёшлар етакчиларининг фаолиятида ижобий ўзгаришлар ясаши, уларнинг келгуси тажрибаларида асқотиши шубҳасиз, —дейди НГМК АЖ Марказий кон бошқармаси ёшлар етакчилари раиси Саодат Бобоёрова. —Бугунги глобаллашув замонида дунёқарашнинг кенгайиши ва  фикр-мулоҳаза юритишнинг кенг бўлиши инсон учун муҳим омил ҳисобланади.

Шу куни комбинат ёшлар етакчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал  ўйини ҳам ташкил этилди. Шунингдек, НКМК жамғармаси ДМ бош директорининг маънавий-маърифий ишлар ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Жонибек Шуҳратов томонидан амалий семинар ўтказилди. Унда бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси, ёшлар ўртасида кузатилаётган салбий ҳолатлар ҳамда буларнинг олдини олиш борасида тақдимот ва маъруза тингланди.

— Ушбу амалий ўқувлар жудаям қизиқарли бошланди, — дейди Навоий машинасозлик заводининг муҳандис-технологи Лазиз Салимов.—Энг аввало, бу тадбирнинг Зоминда ташкил қилинганлиги бизга жуда ёқди. Бу ерда ҳамкасбларимиз билан кўришдик, диллашдик. Табиат қўйнида эканлигимиз айниқса, кўпчиликка маъқул келди. Бу семинарда лидерлик хусусиятлари, уни намоён эта билиш, яхши мақсадларни ўз олдига қўя билиш мавзусида билимларга эга бўлдик. Ўз касбининг устаси бўлган руҳшунос ва мураббийлардан жудаям фойдали ғоялар олдик. Биз албатта, якка ўзимиз эмас, жамоа билан ишлаймиз. Жамоани тинглай олиш, уларни эргаштира олишда бу билимлар ўта муҳим. Бу ўз ўрнида фойдали иш коэффицентини оширади.

Тизимда жамоатчилик асосида фаолият юритаётган етакчилар ўртасида “Йилнинг энг яхши етакчиси” кўрик-танлови йўлга қўйилган. Семинарда танлов натижалари ҳам эълон қилиниб,  2024 йил давомида фаол ишлаган етакчилар тақдирланди. Якуний натижаларга кўра, 3-ўринни Жанубий кон бошқармаси марказий аппарат ёшлар етакчиси Э.Норчаев, 2- ўринни Марказий кон бошқармаси Темир йўл бошқармаси ёшлар етакчиси Ф.Ашуров, фахрли 1- ўринни эса Шимолий кон бошқармаси 1-автокорхонаси етакчиси Х.Бўриевлар қўлга киритди. Ғолиблар НГМК АЖ ёшлар етакчилари кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва пул мукофоти билан тақдирланишди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *