ХАТЛОВ: ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИ ЖАРАЁН

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 937-сонли Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида юртимиз бўйлаб  хатлов жараёнлари ўтказилмоқда.

Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили режа-жадвал тасдиқлайди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Бахмал туманида ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 17 мингдан ортиқ ер участкаси мавжуд.

Ҳуқуқни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги, ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик йўқлиги, муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги, бош режа талабларига зид эмаслиги белгиланган.

Бахмал туманида хатлов ишлари белгиланган тартиб ва талаблар асосида, уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Жараёнга жалб этилган масъул ходимлар томонидан ҳар бир хонадон, ҳар бир объект бўйича маълумотлар синчиклаб ўрганилмоқда. Асосий эътибор маълумотларнинг аниқлиги, шаффофлиги ва тўлиқ қамровига қаратилган.

Айни вақтда туман ҳудудидаги 7 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йил якунига қадар яна 8 та МФЙда кўчмас мулкларни инвентаризациядан ўтказилиб якунлаш режалаштирилган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда режа-жадвалга асосан 7 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг чегаралари UZKAD тизимида шакллантирилди ва ушбу маҳаллаларда 763 та инвентаризация ҳудуди яратилди. Шундан инвентаризация ҳудудидаги 6596 та кўчмас мулк объектлари бўйича хатлов қилиш ишлари бажарилди.

Бугунги кунга қадар (жорий йилнинг 23 февраль ҳолатига) жами хатловдан ўтказилган объектлар сони – 7625 та тани ташкил этади. UZKAD тизимига ўтказилган объектлар – 6879 та. Шундан, турар жой объектлари – 6186 та, нотурар жой объектлари – 410 та, “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтганлар – 4098 та, муҳокамада эса – 3256 та.

Ушбу кўрсаткичлар фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини тан олиш ва расмийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг изчил давом этаётганини кўрсатади.

Эслатма ўрнида айтиш лозимки, фуқаролар Кадастр агентлигининг kadastr.uz сайтига кириб ўзининг ҳудудида хатлов ишлари қачон бўлишини билиб олиши мумкин. Фойдаланувчилар 3 та ҳаракат орқали ўзларига керакли маҳаллани топадилар. Шу орқали танланган манзилдаги маҳаллалар жадвали келиб чиқади. Агарда рўйхатдан изланган маҳалла номи чиқмаса, хавотирга ўрин йўқ. Демак, бу маҳалла 2026-йилдан кейинги босқичда хатловдан ўтказилади.

Баҳодир САЛИМОВ,

Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси

Бахмал туман филиали бошлиғи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *