“ЭНГ ЯХШИ ОРОМГОҲ”ЛАР САРАЛАНДИ

Шароф Рашидов туманидаги Уобсой  қишлоғида жойлашган “ЭНЕРЖИ” оромгоҳида Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан “Энг яхши оромгоҳ” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад –болаларнинг ёзги дам олиш ва соғломлаштириш мавсумини мазмунли ташкил этиш, оромгоҳларда яратилган шарт-шароитларни янада такомиллаштириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат. Тадбир давомида иштирокчи оромгоҳларнинг фаолияти, болалар учун яратилган қулайликлар, тарбиявий ишлар самарадорлиги ва илғор ёндашувлар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, оромгоҳлар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Кўрик-танлов якунига кўра белгиланган мезонлар асосида юқори натижаларга эришган оромгоҳлар аниқланиб, ғолиблар тақдирланди. Танловнинг 5 та номинацияси бўйича “Энг яхши оромгоҳ” йўналишида Шароф Рашидов оромгоҳи, “Энг яхши оромгоҳ директори”га Замира Тўйчиева, “Энг яхши катта тарбиячи” Ш.Рашидов оромгоҳидан Нодирахон Ражапова, “Энг яхши етакчи тарбиячи” “Энергия” оромгоҳидан Тойиров Фарҳод, “Энг яхши тўгарак раҳбари” “Энергия” оромгоҳидан Муҳайё Саидазимова, “Энг яхши раҳбар” йўналишида “Юлдузча” оромгоҳидан Чарос Эшмирзаевалар ғолиб деб топилди.

Кўрик-танлов болалар оромгоҳларида соғлом ва мазмунли дам олиш учун яратилган имкониятларни янада кенгайтириш, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Ғолиблар келгуси босқичда Жиззах вилояти номидан муносиб иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритишди.

 Миршароф УСМАНОВ,

 Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси бош мутахассиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *