ЕР ОСТИ ЎТИШ ЙЎЛАГИНИНГ УСТКИ ҚИСМИДА ИШ ЯКУНЛАНДИ

 Жиззах шаҳрида сўнгги йилларда  транспортлар ҳаракатининг тирбандлигини олдини олиш, пиёдалар ва автомобиллар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш йўллари, кўприклар ва бекатларнинг барпо этилаётгани бу каби муаммоларга ечим сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу каби савобли юмушлар, лойиҳалар,  давлат дастурларининг ижроси йўлсозларнинг меҳнати ва жамоатчилик назорати билан бугун ҳудудларда сифатли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу аҳоли кайфиятига, ҳудудлар инфратузилмасининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда нафақат мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам йўлсозлик соҳасини ривожлантириш, йўлларни халқаро талаблар даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Йўлсозлар томонидан замонавий йўл, йўл ўтказгич, кўприк, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолининг  узоғини яқин, мушкулини осон, энг асосийси, ҳаракат хавфсизлигини таъминламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг 2024 йил 7 августдаги №86-сонли баёнига асосан вилоятимизда учта ер ости йўли қурилиши белгиланган эди.

 Ер ости ўтиш йўллари Жиззах шаҳар марказий деҳқон бозори ва унинг атрофидаги  Навоий, Ҳамид Олимжон маҳалласининг Ўзбекистон кўчалари кесишмасида, “Ёшлар шаҳарчаси”дан   “Наврўз” истироҳат боғига ўтувчи Ислом Каримов шоҳ кўчасида  барпо этилмоқда.

Жиззах шаҳрининг энг гавжум  иккита нуқтасида ер ости пиёдалар йўлагини қурилишига старт берилиши жиззахликларнинг қалбига қувонч олиб кирди.  

Муҳим қурилиш иншоотлари учун буюртмачи Жиззах минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси, бош лойиҳачилар “YO‘L LOYIHA”, “MEGATEK INJINIRING”  МЧЖлари,  бош пудратчилар “Samarqand UZBEKGAZSUV QURILISH” ҳамда “КАMOLIDDIN FAYZ BARAKA”    МЧЖлари қурувчилари томонидан бир вақтда ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.  

—Ўн иккитадан ортиқ махсус техникалар, ўттиз нафардан ортиқ қурувчилар, 7 нафар инженер-муҳандислар  лойиҳада белгиланган ва кўрсатилган топшириқларни ўз муддатида фойдаланишга топшириш учун меҳнат қилишаётир,—дейди “Samarqand UZBEKGAZSUV QURILISH” МЧЖ иш юритувчиси Санжар Хўжаёров. —Айни пайтда режага мувофиқ ер ости ўтиш йўлагининг усти қисмидаги 2300 квадрат метр автомобиллар ҳаракатланадиган йўлга  асфальт қопламаси ётқизилмоқда.

Жиззах шаҳар марказий деҳқон бозори олдида туташган чорраҳада шу кунларда қурувчилар томонидан асосий йўлнинг ҳаракатланувчи қисмида асфальт қопламасини ётқизиш ишлари олиб борилаётир. Мақсад Наврўз умумхалқ байрамига қадар ер ости ўтиш йўлининг устки қисмини тезроқ фойдаланишга топшириб, чекланган транспортлар ҳаракатини яна йўлга қўйишдагн иборат.

Шунингдек, ер ости ўтиш йўлининг қуйи қисмида кириш-чиқиш йўлакчаларининг зинопоялари қуйилиб, бетон ва электр монтаж ишлари ҳам олиб борилаётир.  Пиёдалар ўтиш йўлларида имконияти чекланганлар, ногиронларнинг аравачада енгил ҳаракатланиши учун махсус йўлак ҳам барпо этилади. Барча иншоотларда дастлаб ер ости йўлининг устки қисмидаги юмушлар жорий йилнинг Наврўз байрами арафасига қадар якунланса, май ойига келиб, туннеллар тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Янги  барпо этилаётган туннеллар пиёдалар учун қулайлиги  ва хавфсизлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

   Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *