Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ айни кунларда Жиззах вилоятида бўлиб, давлатимиз раҳбарининг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувида белгиланган вазифалар ва янги ташаббусларни жойларда амалга ошириш жараёнини ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳ дастлаб Янгиобод туманидаги IТ-парк ҳамда «Ибрат фарзандлари» ўқув марказида бўлиб, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар билан мулоқот қилди. Учрашувларда йигит-қизларнинг таклиф ва муаммолари тингланиб, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, IT-стартапларни ривожлантириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Президент томонидан эълон қилинган имконият ва имтиёзларни ёшларга етказиш масалалари муҳокама қилинди.
Зарбдор туманида ишчи гуруҳ «Равот» маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган «Ёшлар маркази», IТ-парк ва истироҳат боғини кўздан кечирди. Ҳудудда ёшлар учун амфитеатр, замонавий кутубхона ва Book Cafe ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Иншоотларни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бахмал туманида давлат кўмагида фаолият юритаётган ўқув маркази ҳамда ташкил этилиши режалаштирилган хорижий тиллар маркази лойиҳаси билан танишилди. Шунингдек, Бахмал тоғида барпо этиладиган «Ёшлар шаҳарчаси» лойиҳаси тақдим қилиниб, унинг ҳудуд ёшлари учун таълим, инновация ва ижтимоий фаоллик марказига айланиши таъкидланди.
Ташриф давомида ишчи гуруҳ аъзолари «Ойқор» маҳалласидаги «Бахмал Агростар» боғида меҳнат қилаётган ёшлар ҳамда Жиззах шаҳридаги «Жиззах Жуниор» спорт клуби тарбияланувчилари билан ҳам учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади.
Ўрганишлар давомида ёшларнинг таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кутубхона ва ўқув марказлари инфратузилмасини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Республика комиссияси ишчи гуруҳининг ҳудудлардаги амалий ўрганишлари давом этмоқда.
Шаҳноза МАНСУРОВА.