Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Анжуманлар саройида “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, соҳа ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этди.
Тантанали тадбирда шифокорлик касбининг шарафи ва масъулияти, инсон саломатлигини асраш йўлида тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда, хусусан, Жиззах вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифати ва қамровини ошириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда вилоятда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббий ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, малакали кадрлар салоҳиятини ошириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, сўнгги икки йилда умумий қиймати 133,6 миллиард сўмлик 288 турдаги қарийб 1700 та тиббий жиҳоз харид қилинди. Тиббиёт тизимини рақамлаштириш мақсадида 22,4 миллиард сўмлик ахборот-коммуникация технологиялари воситалари олиб келинди. Вилоятдаги барча давлат тиббиёт муассасалари ягона DMED ахборот тизимига уланди. Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 13 та тиббиёт муассасасида 147 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жиззах шаҳрида замонавий тиббиёт кластери барпо этилди. Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Айниқса, тиббиёт кластерининг қисқа вақт ичида 15 дан ортиқ жигар ва буйрак трансплантацияси, 130 дан ортиқ юракни стентлаш, 30 га яқин очиқ юрак жарроҳлиги ҳамда 92 та эндопротезлаш амалиётини муваффақиятли ўтказгани вилоят тиббиётида янги имкониятлар очилаётганидан далолат беради.
Албатта, бу натижалар замирида замонавий тиббий инфратузилма билан бир қаторда, ўз касбига садоқатли, билим ва тажрибасини доимий ошириб бораётган шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати мужассам.
–Тиббиёт бир жойда тўхтаб қолмайдиган, доимий ривожланиш ва янгиланишни талаб этадиган соҳадир,– деди Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Баҳодир Ғайбуллаев. –Шу боис ҳар бир мутахассис ўз устида ишлаши, халқаро тажрибани ўрганиши, янги даволаш усулларидан хабардор бўлиши зарур. Кадрлар салоҳиятини ошириш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, тажрибали шифокорларнинг билим ва кўникмаларини ёш авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зеро, кучли жамоа ва малакали мутахассислар тиббий хизмат сифатини белгилайди. Аввало, барча ҳамкасбларимни касб байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Инсон ҳаёти ва саломатлиги йўлидаги меҳнат осон эмас. Бу касб эгаларидан юксак масъулият, сабр-тоқат, билим ва фидойилик талаб этилади. Ҳар бир шифокорнинг энг катта мукофоти — беморнинг соғайиши, боланинг соғлом кулгиси, ота-онанинг миннатдорчилигидир. Барча соҳа вакилларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, касбий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман.
Тадбир давомида вилоят ҳокими соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, кўп йиллик самарали меҳнати, касбий маҳорати ва фидойилиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимларини тақдирлади. Жумладан, Насибали Абдуалимова “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони, Гулзира Кистаубоева ҳамда Файзулла Охбутаев “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. Шунингдек, бир қатор тиббиёт ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрамнинг тантанали қисми “Жиззах” тантаналар мажмуасида давом этди. Унда санъаткорлар томонидан намойиш этилган мусиқий чиқишлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб, соҳа вакилларига байрамона шукуҳ улашди.
Дарҳақиқат, инсон саломатлиги йўлидаги фидойилик, бемор дардига малҳам бўлиш, бир инсон ҳаётини асраб қолишдан олинадиган маънавий қониқиш ҳар қандай эътирофдан устундир. Бу шарафли касб эгаларига билдирилаётган ҳурмат ва эътибор эса уларнинг масъулиятини янада ошириб, янги марралар сари руҳлантиради.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.