ХОТИРАСИ МАНГУ, БАРҲАЁТ!

Жиззах шаҳрида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 106 йиллигига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди. Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар, фахрийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб йирик жамоат ва давлат арбоби Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар Шароф Рашидовнинг давлат арбоби ва ижодкор сифатидаги кўп қиррали фаолияти хусусида сўз юритилиб, у раҳбарлик қилган йилларда республикамизда барча соҳаларда улкан ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Шунингдек, “Шароф Рашидов –ўзбек халқининг бахт-саодати йўлида фидокорона курашган буюк инсон, атоқли давлат ва жамоат арбоби”, “Шароф Рашидов – миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкор” сингари мавзуларда маърузалар тингланди. Атоқли давлат арбоби билан бир даврда ишлаган, унинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган фахрийлар ўз хотираларини сўзлаб берди. Шароф Рашидов асарларидан намуналар ўқилди, шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.

–Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди,–деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. –Бугун Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасига кўрсатилаётган чексиз эҳтиром, ҳурмат ва иззат бу фикримизни яна бир бор яққол тасдиқлаб турибди.

Тадбир доирасида Шароф Рашидов асарлари, унинг бевосита Жиззах  ва жиззахликлар билан боғлиқ фаолияти акс этган фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *