Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ ўттиз иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, шаҳар, туман Кенгашлари раислари ва котибият мудирлари, Ёшлар парламенти аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси Байрамбек Узоқов бошқариб борди. Кенгаш раиси депутатларни кун тартиби ва иш регламенти билан таништирди.

Дастлаб сессия кун тартибидан ўрин олган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2026 йил 7 апрелда бўлиб ўтган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалалари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 25-сонли баёнида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди. Сессияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ва вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев вилоятда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳолини оммавий спортга жалб этиш, селекция ишларини яхшилаш, соҳадаги мавжуд муаммоларга ечим топиш масалалари хусусида гапирдилар.
Таъкидланишича, вилоятда ўтган йил “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларида 501 минг нафардан зиёд ёки 81 фоиз ёшлар қамраб олинган. Мусобақалар якунига кўра, вилоят жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш, 7 та бронза медалларига сазовор бўлган. Шунингдек, 2025 йилги комплекс ва халқаро спорт мусобақаларида жиззахлик спортчилар томонидан 32 та медал қўлга киритилган. Ўтган йили “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида вилоят жамоаси 222 нафар спортчи билан иштирок этгани қайд этилди. Вилоятдаги 567 та мактабда 196 минг нафар ўқувчи спорт синовларини топширган. Вилоятда 18,5 минг нафардан зиёд ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Вилоят спортчилари халқаро мусобақаларда 68 та, республика чемпионат ва кубок мусобақаларида 462 та медалларга сазовор бўлган.
Сессияда давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ва ўтган йилги натижалардан келиб чиқиб, йил якунига қадар “Беш ташаббус олимпиадаси” ва бошқа 3 мингдан ортиқ оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали 692 минг нафар аҳолини қамраб олиш ҳамда 2,2 минг нафар иқтидорли ёшларни спорт мактабларига селекция қилиш зарурлиги таъкидланди. Вилоятда спорт билан шуғулланувчилар сонини 22 минг нафарга етказиш, 216 минг нафар турли ёш тоифасидаги аҳолидан спорт синовларини қабул қилиш, Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларига вилоят спортчиларини пухта тайёрлаш ва камида 14 нафар спортчининг муваффақиятли иштирокини таъминлаш, “Маҳалла—мактаб—спорт муассасаси—федерация” занжири асосида аҳолини спортга жалб этиш ва селекция тизимини ҳудудларда тўлиқ жорий этиш бўйича соҳа вакилларига топшириқлар берилди.
Сессияда Кадастр агентлиги Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нодир Сиддиқов “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги масала юзасидан ҳисобот берди.
Шунингдек, сессияда “Вилоят бюджетининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисида”ги ва “Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши ҳамда доимий комиссияларнинг 2026 йил 2-ярим йиллиги учун мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан вилоят Кенгаши депутатлари Нусуратулла Пардаев, Рустам Утабоев, Акрам Раҳмонқулов, Олима Турдиева, Урал Ўразбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ ўттиз иккинчи сессиясидан ўрин олган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Васил ИЛЁСОВ.