ТУЯЧИЛИК – СЕРДАРОМАД СОҲА

Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли йўналишларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар самарасида сўнгги йилларда ноанъанавий чорвачилик тармоқларига ҳам янги нафас кирди. Илгари фақат чўл ҳудудларига хос машғулот сифатида қаралган туячилик бугун тадбиркорликнинг сердаромад йўналишларидан бирига айланган.

Бунинг ёрқин мисолини Мирзачўл туманида кўриш мумкин. Айни пайтда тумандаги бешта йирик чорвачилик фермер хўжалигида 550 бош туя парваришланмоқда. Давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар эвазига яна 46 та хонадонда 360 бош туя боқилиб, юзлаб оилаларнинг даромад манбаи кенгаяяпти.

Боғбон маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Азим Азизов ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланган фуқаролардан. У қарийб ўн тўрт йилдан буён туячилик билан шуғулланиб келади. Давлат томонидан ажратилган 100 млн сўмлик имтиёзли кредит ҳисобидан хўжалигини кенгайтириб, бугунги кунда 13 бош туя парваришламоқда.

Бироқ, тадбиркорнинг ютуғи фақат чорва сонини кўпайтириш билан чекланмайди. У туя сутининг шифобахш хусусиятларини даромадли хизмат турига айлантирган. Азим Азизов ташкил этган 25 ўринли соғломлаштириш хостелида юртимизнинг турли ҳудудларидан ошқозон-ичак, қандли диабет, гепатит ва бошқа хасталиклардан шифо излаб келувчиларнинг кети узилмайди. Ўн кун муддатли даволаниш курси довруғи ҳатто Венгрия ва Озарбайжон давлатларига ҳам етиб борганки, бу ердаги чет эллик меҳмонларни кўриб ажабланмадик.

— Туя сути кўплаб хасталикларга шифо бўлади, — дейди Азим ака. — Табиий неъматга бўлган ишонч ва эҳтиёж халқимизда йил сайин ошиб бормоқда. Энг серқатнов мавсумда бир вақтнинг ўзида 40 нафаргача мижозга хизмат кўрсатамиз. Даромадимиз кунига 100 доллардан кам бўлмайди. Топган маблағимизнинг асосий қисмини хўжаликни кенгайтириш, туялар сонини кўпайтириш ва меҳмонхона шароитини яхшилашга сарфлаяпмиз.

Туя камхарж жонивор. Мирзачўлнинг ястанган тақир чўлларида ҳам ҳатто улар учун бирор емак топилади. Яхши парвариш эвазига Азизовлар оиласи бир туядан 10 литргача сут олаётганликларини маълум қилишди. Бу эса бир туя сутининг ўзидан ўртача 300-350 минг сўмлик даромад кўриляпти деганидир. Албатта, туячилик Мирзачўл шароитида оилавий тадбиркорликнинг энг сердаромад ва истиқболли йўналишларидан бирига айланиб улгурган.

Юсуф Сайдалиев.

Шерзод Эгамқулов (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *