Бугунги кунда юртимизда илм-фан, маданият ва ижод соҳаларида юксак натижаларга эришаётган ёшлар сафида Муҳсина Жўрабоева алоҳида ўрин эгаллайди. У ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва ижодий салоҳияти билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Муҳсина Жўрабоева 2000 йил 29 апрель куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида таваллуд топган. У 2021 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети География ва геоахборот тизимлари факультетига талаба сифатида қабул қилинган. Бугунги кунда мазкур олий таълим муассасасини муваффақиятли тамомлаб, табиий география кафедрасида кабинет мудири лавозимида фаолият юритмоқда.
Ёш мутахассис нафақат таълим соҳасида, балки жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан “Қизлар академияси”, “Геофакт” ва “Ёш сайёҳлар” каби лойиҳалар амалга оширилиб, ёшларнинг илмга ва маданиятга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида турли миллат вакилларининг ҳам фаол иштирок этаётгани эса жамоада дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.
Муҳсина Жўрабоева бир қатор нуфузли танлов ва лойиҳаларда муваффақиятли иштирок этган. Жумладан, у “Илҳом” мукофоти совриндори, 40 миллион сўмлик давлат гранти ғолибаси ҳисобланади. Шунингдек, “Йил талабаси” танловида “Йилнинг ижодкор талабаси” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллаган. Муҳсинанинг ижодий фаолияти ҳам диққатга сазовор. Муҳсина бир неча шеърий тўпламлар муаллифи бўлиб, унинг “Орзулар осмони”, “Туйғулар жарангги” каби китоблари нашр этилган. Халқаро миқёсда ҳам ижод намуналари чоп этилгани Муҳсинанинг салоҳияти қанчалик юксак эканини кўрсатади. Бундан ташқари, у туризм, маданий мерос ва ижтимоий ривожланиш соҳаларида илмий изланишлар олиб бориб, қатор мақолалар ва тадқиқот ишларини эълон қилган. Хусусан, Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш, соҳани ривожлантириш мавзулари унинг илмий ишларида асосий ўринни эгаллайди.
–Менинг илмий йўлим – юртга хизмат йўли, –дейди Муҳсина. – Ўз ҳаётимни илм-фан ва ижодга бағишлаган инсон сифатида, ҳар бир қадамимда юртим равнақига ҳисса қўшишни ўзим учун энг улуғ мақсад деб биламан. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети География ва геоахборот тизимлари факультетида фаолият юритар эканман, табиий география соҳасидаги изланишларим орқали нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга эга бўлган натижаларга эришишга интилмоқдаман. Менинг илмий ва ижодий ишларим турли халқаро майдонларда эътироф этилаётгани мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Жумладан, “The song of felling”, “Дорилфунунга” каби ишларим дунё илмий жамоатчилигига тақдим этилди. Айниқса, ўзбек адабиётининг йирик вакилига бағишланган “Erkin Vohidov” асарим дунёнинг турли мамлакатларида – АҚШ, Канада, Австралия, Япония, Италия, Туркия ва бошқа давлатларда чоп этилгани менинг ижодий меҳнатимга берилган юксак баҳодир. Мен учун илмий иш – бу фақат мақола ёзиш ёки тадқиқот ўтказиш эмас. Бу – миллатни англаш, табиатни асраш, келажак авлодга муносиб мерос қолдириш демакдир. Шу маънода, Жиззах вилояти Арнасой туманининг туризм ва рекреация имкониятларини баҳолашга бағишланган тадқиқотим орқали ҳудудларнинг иқтисодий ва экологик салоҳиятини очиб беришга ҳаракат қилдим. Ҳар бир ёш олим каби мен ҳам доимо изланишдаман. Илм йўли машаққатли бўлса-да, унинг самараси – халқ фаровонлиги ва юрт тараққиётида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам ўз билим ва тажрибамни янада бойитиб, халқаро миқёсдаги илмий ҳамкорликларни кенгайтиришни мақсад қилганман. Мен ишонаманки, илм ва ижод уйғунлиги орқали биз Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишда муносиб ўрин эгаллай оламиз.
Муҳсина Жўрабоева хорижий тилларни ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратади. У рус, инглиз ва япон тилларини ўрганиб, жаҳон адабиёти ва маданияти билан яқиндан танишиб келмоқда. Шу билан бирга, у турли ижодий ва илмий уюшмалар аъзоси бўлиб, ёшлар ўртасида маънавият ва маърифатни юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаолиятини кенг ёритиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Муҳсина Жўрабоева бугунги куннинг билимли, фаол ва ижодкор ёшларидан бири бўлиб, у келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз. Унинг ютуқлари ва интилишлари “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига муносиб номзод эканини яққол намоён этади. Унинг келгусида янада юксак марраларни забт этишига ишончимиз комил.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.