Бахмал туманининг Темирқадам маҳалласида яшовчи 18 ёшли Беҳрузжон Исақов асаларичилик билан шуғулланиб унинг ортидан 100 млн сўмгача даромад топмоқда.
У билан суҳбатлашар эканмиз, 7 йилдан буён асаларичилик соҳаси билан шуғулланаётганлиги, қизиқиши тобора ортиб бораётгани, ҳар бир қути ортида катта меҳнат ётиши ҳақида сўз юритди:
— Асалари қутиларини 3 ойдан 6 ойгача далаларда олиб юраман. Ҳозирда Германиядан олиб келинган асалариларни Бахмал иқлимига мослаштириб кўпайтириш учун ҳаракат қиляпман. Сабаби, Германия асаларилари ўзимизнинг жайдари асалариларга қараганда кўпроқ асал беради. Ҳозирда 100 га яқин қутиларим бор. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида маҳалладаги 4 нафар ёшларни иш билан таъминлаганман.
Бахмалнинг табиий шароити қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари учун имконият яратади. Бу жиҳат асаларичилик учун ҳам муҳим. Чунки асалари учун озуқа базаси қанчалик бой бўлса, хўжаликнинг имконияти шунчалик кенгаяди. Асалари эса фақат асал бермайди. У табиатдаги чангланиш жараёнининг муҳим иштирокчиси. Қишлоқ хўжалиги экинларини асалари ёрдамида чанглатиш ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам асаларичиликни ривожлантиришга оид давлат сиёсатида асаларилардан экинларни чанглатишда фойдаланиш алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Демак, асалари уясининг иқтисодий қиймати фақат унинг ичидаги асал билан белгиланмайди. Унинг ортида боғнинг ҳосили, экиннинг чангланиши, табиатдаги биологик мувозанат каби бир-бири билан чамбарчас боғлиқ жараёнлар турибди.
Хулоса қилиб айтганда, баҳорда бошланган меҳнатнинг натижаси ёзда, ёздаги парваришнинг самараси эса мавсум якунида кўринади. Шунинг учун бу соҳа ёш тадбиркордан пулдан кўра кўпроқ сабр ва масъулият талаб қилади.
Ойша ИСАҚОВА,
Бахмал тумани.