Кредит шартномаси нима? Кредит шартномаси — бу кредит берувчи (одатда банк ёки молия ташкилоти) билан кредит олувчи (жисмоний ёки юридик шахс) ўртасида тузиладиган ёзма келишув. Ушбу шартнома асосида кредит берувчи муайян суммадаги пул маблағини кредит олувчига белгиланган муддат ва шартларда бериб, кредит олувчи эса бу маблағни қайтариш ва шартларда кўрсатилган фоизларни тўлаш мажбуриятини олади.
Кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Қонунчиликка мувофиқ кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашни амалга оширишига йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланади.
Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.
Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Кредитор қарз олувчини тўловга қобилияциз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли.
Қарз олувчи кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли. Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.
Кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади. Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Тарафлар бир тарафнинг кредит шартномаси шартлари асосида турга хос аломатлари билан белгиланган ашёларни иккинчи тарафга бериш мажбуриятини назарда тутувчи шартномани тузишлари мумкин.
Ашёларни кредитга бериш тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартноманинг берилаётган ашёларнинг миқдори, ассортименти, тўлиқлиги, сифати, идиши ва (ёки) ўралиши ҳақидаги шартлари товарларни олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ бажарилиши шарт
Кредит шартномасининг асосий қисмлари:
– Кредит суммаси — кредит бериладиган маблағ.
– Кредит муддати — кредитни қайтариш учун белгиланган вақт.
– Фоиз ставкалари — кредит учун тўланадиган қўшимча маблағ, одатда йиллик ҳисобланади.
– Қайтариш тартиби — кредитни қандай ва қачон қайтариш кераклиги (ойлик тўловлар, бир марталик тўлов ва ҳ.к.).
– Кафолатлар ва таминотлар — кредитни қайтаришни таминлаш учун бериладиган мол-мулк ёки бошқа кафолатлар.
– Шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари — кредит бериш ва олиш бўйича томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.
– Жавобгарлик чоралари — шартнома бузилганда қўлланиладиган жазо ва жарималар.
Кредит шартномасининг аҳамияти:
– Ушбу шартнома томонлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни аниқлайди.
– Кредит олувчи ва кредит берувчи ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
– Қарзни қайтариш тартибини ва шартларини расмийлаштиради.
– Низолар ва келишмовчиликлар юзага келганда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қўшимча маълумотлар:
– Кредит шартномасини имзолашдан олдин уни диққат билан ўқиб чиқиш муҳим.
– Агар шартнома шубҳали ёки тушунарсиз бўлса, ҳуқуқий маслаҳат олиш тавсия этилади.
– Кредит тўловларини ўз вақтида амалга ошириш қарзга боғлиқ қарздорлик ва молиявий муаммолардан сақлайди.
М.Саидмуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах
туманлараро суди судьяси