КЎЧАТНИ САРАТОНДА ҲАМ ЭКИШ МУМКИН

Вилоятимизда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини сифатли ўстириш, ўтган йиллар мобайнида вилоят ҳудудида экилган кўчатлар ўз вақтида суғорилмаганлиги ва об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида кўчатларнинг қуриб қолганлиги сабабли кўчат етиштиришнинг ўзгача усулларидан фойдаланиш бўйича янгича ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Бундай тажрибалар дунё мамлакатлари бўйича кўп йиллардан буён қўлланилиб келаётгани кўпчиликка маълум. АҚШ ҳамда кўплаб чет давлатларда дарахт ва буталар ниҳоллари тувак (контейнер) усулида етиштирилади. Хусусан боғдорчилик, шаҳарларнинг яшил ҳудудлари ва йирик дендропаркларда асосан шу усулдан фойдаланиб, яшиллик олами кенгайтирилади.

Европа мамлакатлари, жумладан, Германия, Франция, Нидерландия, Буюк Британия мамлакатларида кўчат етиштиришда тувак (пот/cонтаинер) усули стандарт ҳисобланади. Масалан, Германияда шаҳарларни яшиллантириш ишларининг 80 фоиздан ортиғи тувакда етиштирилган кўчатларни экиш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, қўшни Қозоғистон, Қирғиэистон ҳамда Тожикистон республикаларида ҳам йилига ўртача 12-15 миллиондан ортиқ дарахт ва бута ниҳолларини тувак (контейнер) усулида етиштириш ва экиш йўлга қўйилган.

Ўрганишларга кўра, вилоят шароитида ҳам тувак усулида кўчат етиштиришни ташкил қилиш мумкин. Бу эса ҳозирги иқлим шароитида жуда зарур ва фойдали ҳисобланади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг келгуси мавсумларида вилоятда фаолият кўрсатаётган 6 та ўрмон хўжаликлари, яъни Жиззах, Бахмал, Фориш, Зомин, Хўжамушкент ҳамда Ғаллаорол давлат ўрмон хўжаликлари ва кўчатчилик билан шуғуланувчи тадбиркорлар билан ҳамкорликда ҳар бир туманда 10 минг донадан тувак (контейнер) усулида кўчат етиштириш йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бунда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шерикчилик тартибида замонавий технологиялар асосида вилоятимизда ҳосил бўлаётган иккиламчи хом ашёдан кўчатлар учун тувак (контейнер)лар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш айни муддао бўлади.

Ҳозирги кунда вилоятимизда чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланиб келаётган “Эко-сфера” МЧЖ Вазирлар Маҳкамасининг 4845-сонли қарорига асосан аҳолига давлат хусусий шерикчилик асосида санитар тозалаш хизматини кўрсатиш бўйича тендер танлови ғолиби бўлиб, корхона томонидан иккиламчи чиқинди хом ашёсини йиғиш, тўплаш, саралаш ва қайта ишлаш учун имконияти бор. “Эко сфера” МЧЖ 120 минг АҚШ доллари эвазига ускуна харид қилса, тувак маҳсулотини ишлаб чиқариш амалиёти йўлга қўйилади. Натижада туваклар нархи бозор нархидан 15-20 фоизга арзонлашади.Йил давомида эса 50-60 минг тувак ишлаб чиқариладиган бўлса, ёз фаслида ҳам тувакда ўстирилган кўчатларни экиш мумкин бўлади. Бу усул Бахмал ва Зомин туманларида шу йил жорий этилди.

Бу ташаббусни амалиётга татбиқ этиш учун Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида вилоятдаги мавжуд ўрмон хўжаликлари, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси ва “Эко-сфера” МЧЖ раҳбарлари ҳамкорлигида йиғилиш ўтказилиб, ушбу масаланинг ижобий ечимини келишиб олишди.

 Энг муҳими, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ёзги мавсумда ҳам кўчат экиш ишларини амалга оширишга эришиш мумкин бўлади.

Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *