КУЙДИРГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Куйдирги — одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, зооноз инфекциялар гуруҳига киради. Унинг қўзғатувчиси Bacillus anthracis бактерияси бўлиб, ҳосил қиладиган споралари ташқи муҳитда, айниқса тупроқда, ўнлаб йиллар давомида сақланиши мумкин.
Касаллик одамга асосан касал ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўлиш, уларни эркалаш, гўштини нимталаш, шунингдек, зарарланган сув, тупроқ ва чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади. Инфекция организмга тери, нафас йўллари ёки оғиз орқали тушиши мумкин. Шу боис, чорвадорлар, қассоблар ва ҳайвон маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчилар хавф гуруҳига киради.

Куйдиргининг тери, ўпка ва ичак орқали юқувчи шакллари мавжуд. Тери шаклида инфекция тушган жойда дастлаб пуфакча пайдо бўлиб, кейин қора қўтирга айланади. Унинг атрофида шиш кузатилади. Бундан ташқари, тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик юзага келади. Ўпка орқали юққанда нафас олиш қийинлашиши, йўтал ва кўкрак оғриғи, инфекция ичакка тушганда эса кўнгил айниши, қусиш ва қорин оғриғи билан намоён бўлади.

Ушбу касаллик пеницилин ва куйдирги гамма-глобулини ёрдамида даволанади. Профилактика мақсадида чорвадорлар, қассоблар ва тери ошловчилар каби хавф гуруҳига кирувчи касб эгалари вакцинация қилинади.

Куйдирги, асосан, от, қорамол, қўй, эчки ва буғуларда учрайди ва ҳайвонларда касалликнинг яширин даври, одатда, 1–3 кун давом этади.
Касаллик қўзғатувчиси ҳайвон организмига ифлосланган ем-хашак, сув ва ҳаво орқали, шунингдек, қон сўрувчи ҳашаротлар чақиши натижасида юқиши мумкин. Организмга тушган микроб қон ва лимфа орқали тарқалиб, умумий септицемияни келтириб чиқаради. У кучли токсинлар ишлаб чиқариб, организмни заҳарлайди.

Микробнинг организмга кириш йўлига қараб касалликнинг тери (карбункулёз) ва ичак шакллари фарқланади. Ўткир кечган ҳолатларда ҳайвон бир неча соат ичида, баъзан эса бир соат давомида нобуд бўлиши мумкин. Ҳайвон нобуд бўлганидан кейин ҳам унинг танасидан қон оқиш ҳолати кузатилиши мумкин.

Куйдиргидан гумон қилинган ҳайвонни сўйиш мумкин эмас. Чунки қўзғатувчи ташқи муҳитга тушгач, ўта чидамли спора шаклига ўтиши ва тупроқда узоқ йиллар, ҳатто 100 йилгача сақланиб қолиши мумкин.
Касалликка ташхис эпизоотологик маълумотлар ва клиник белгилар асосида қўйилади. Якуний хулоса эса лаборатория текширувлари орқали тасдиқланади. Даволашда махсус гипериммун зардоб, гамма-глобулин ва антибиотиклар, жумладан, пенициллин қўлланилади.

Куйдирги касаллигининг олдини олиш учун ветеринария-санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш, шубҳали ҳолатларда эса зудлик билан мутахассисларга мурожаат этиш зарур.

Баҳром АЧИЛОВ,

Гулбаҳор АРТИКОВА,

Зарбдор туман озиқ-овқат маҳсулотлари

хавфсизлиги инспекцияси мутахассислари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *