СУМАЛАК САЙЛИ ЯНА ТРЕНДДА

Мақоланинг ёзилишига ижтимоий тармоқда мактаб ўқувчиларининг уюшган ҳолда сумалак тайёрлашларини таъқиқлаган ўқитувчи акс этган материал сабаб бўлди. 

Баҳор наврўз ва сумалак сайли мавсуми ҳисобланади. Наврўз байрами кунларида момоларимиздан қолган тансиқ неъмат саналмиш сумалакни севиб истеъмол қилмайдиган одам бўлмаса керак. Сумалакни ҳузур қилиб истеъмол қилаётганда: “Сумалак тайёрлаш технологиясини ким ишлаб чиққан бўлса?”, деган савол туғилиши табиий. Шарқ мамлакатлари халқларининг тансиқ таоми бўлмиш сумалак ва унинг яратилиши тарихи ҳақида халқ орасида турли-туман ривоятлар юради. Сумалак ширинлигининг тарихи Наврўз байрами нишонланиши тарихи билан чамбарчас боғлиқлиги, Наврўз эса қарийб 3000 йилдан бери маълум эканлигини эсга олсак ва сумалак технологиясининг мукаммал ҳамда пухта эканлиги ушбу ширинликнинг халқ ижоди маҳсули эканлиги аён бўлади.

Сумалак ширинлигининг кимёвий таркиби билан таниш одам ундирилган буғдой майсаси таркибидаги ферментлар таъсирида, яъни биотехнологик жараёнлар натижасида тотли бўлиб қолганлигини тушуниб етади. Сумалак шифобахш неъмат. Унинг таркибидаги оқсил, мой, углеводлар, органик кислоталар, сувда ва мойда эрийдиган витаминлар, макро ва микроэлементлар киши организмига куч-қувват ва саломатлик бахш этади.

Уй шароитида сумалак тайёрлашнинг бир қанча нозик жиҳатлари бор. Жумладан, сифатли қайроқи навли буғдой дони топиш, қуёш нури тикка тушмайдиган жой танлаш, ҳароратларда сакрашлар бўлмайдиган шароитда кўкартириш, майсаларни санитария талаблари асосида майдалаш, майдаланган массадан  шарбат олиш, қўшиладиган ун нави ва миқдорини танлаш, узоқ муддат бир текис қайнашини таъминлаш, моҳир сумалакпаз топиш.

Ўтган асрнинг 90 йилларигача наврўз байрамини нишонлаш, жамоат билан сумалак тайёрлаш, яъни сумалак сайллари ўтказиш таъқиқланган эди. Таъқиқлар олиб ташлангач, оммавий тарзда наврўз байрами нишонланиши йўлга қўйилди, сумалак сайллари уюштириладиган бўлди.

Элчилик, оилада ҳомиладор ва эмизикли аёллар, қариялар, ногиронлар, врачлик амалиётидан кейинги ҳолдаги беморлар бўлиши мумкин. Шу тоифа кишиларнинг нозик кўнгли сумалак тилаб қолганида тақдим этиш муаммоси ўз ечимини кутаётган эди. Буғдой майсаси фақат баҳор ойларида ўстирилганидагина керакли ферментларни тўплаши бу таомни бошқа фаслларда тайёрлаш муаммосини келтириб чиқарган эди.

Кейинги йилларда мамлакатимиз озиқ-овқат саноати олимлари ва тадбиркорлар ҳамкорликда сумалакни йил давомида тайёрлаш ва сифатини бузмасдан сақлаш усулларини ишлаб чиқишди ва амалиётга жорий этишди. Бугунги кунда озиқ-овқат дўконларида турли ҳажмдаги идишларга қадоқланган сумалаклар дўконлар пештахталарини тўлдириб турибди.

Айтмоқчи бўлганим шуки, бугунги тезкор технологиялар замони ёшларининг олдиларида тўпланиб олиб таом тайёрлашдан кўра долзарброқ масалалар ҳам бор. Сумалак тайёрлашни ўз ишининг усталарига қўйиб бериб, замон талабидаги илмлар билан шуғулланишсин, тил ўрганишсин, сунъий интеллектдан фойдаланишни ўрганишсин, илмий лойиҳалар тайёрлашсин, стартап лойиҳалар танловларида иштирок этишсин. Бугунги замон таҳликали бўлиб турган кунда мамлакатимизга сумалакпазлар эмас, юқори малакали инженерлар, информатиклар, технологлар, автомобилчилар, қурувчилар кўпроқ зарур.

Али Аҳмедов,

озиқ-овқат технологи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *