МАҲАЛЛАЛАРДА 13 ТА СПОРТ МАЙДОНЧАСИ ҚУРИЛАДИ

Ўз маҳаллангизга спорт майдончасини ўзингиз совға қила оласиз. “Ташаббусли бюджет” тажрибасига эга халқимиз учун бу янгилик бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳозир “Ташаббусли бюджет” услубидаги яна бир янги лойиҳа ҳақида гап кетмоқда: воркаут ва стиритбол майдончалари қуриш.    

Бу йил Спорт вазирлиги ташаббуси билан илк бор 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида республикамизнинг барча туман, шаҳарларининг ҳар бирига биттадан спорт майдончаси қуриб бериш бўйича танлов ўтказилди. Спорт майдончалари  овоз бериш йўли билан ғолиб бўлган маҳаллаларга қуриб берилади.  Овозлар жорий йилнинг 10 майидан 1 июнигача  tashabbus.sport.uz сайтида қабул қилинди. Бу лойиҳа илк бор ўтказилгани сабабли кўпчиликнинг бехабар қолган бўлиши табиий, аммо тушунган ва билган кишиларнинг шижоати билан вилоятимиздаги 13 та туман ва шаҳардаги биттадан маҳалла ҳудудида спорт майдончаси барпо этиладиган бўлди.

Газетамиз расмий канали бўлмиш Jizzaxnewsда ҳам лойиҳага овоз бериш муддатида тарғибот материаллари бериб борилди. Аммо фойдаланувчиларнинг аксари “Шарҳлар” қисмида бир саволни такрорлар эди: “Нима учун ўз маҳалламизни қўша олмаяпмиз?” Дарҳақиқат,  tashabbus.sport.uz сайтига овоз бериш учун кирган фойдаланувчилар ўзлари ташббус кўрсатиб, ҳудудни кирита олмас эди. (“Ташаббусли бюджет”да янги лойиҳа учун ташаббус юклаш имкони бор.) Чунки ҳар бир тумандан бир нечта маҳалла номи олдиндан кўрсатилган бўлиб, фойдаланувчилар уларнинг фақат биттасига овоз бера олиши мумкин эди. Биз овоз беришда қатнашган фуқароларнинг юқоридаги саволи билан вилоят спорт бошқармасига мурожаат қилдик.

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 апрелдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, жойларда барпо этиладиган спорт майдончаларининг камида 30% аҳолининг овоз бериш йўли орқали махсус платформада аниқланиши белгиланган, – дейди бошқарма мутахассиси Элбек Наврўзов. – tashabbus.sport.uz сайтига Жиззах вилоятидан жами 40 та маҳалла киритилган бўлиб, бу ҳудудда спорт майдончаларининг бор-йўқлиги, аҳоли сони, ўсиш динамикаси, спорт билан қамраб олинганлик даражаси каби кўрсаткичлар асосида танланган. Платформага маҳаллалар номи шу маълумотлар таҳлили асосида жойлаштирилган бўлиб, келгуси йилларда қолган ҳудудлар ҳам босқичма-босқич номзод сифатида  киритиб борилади.  

Овоз бериш якунларига кўра, Жиззах вилояти фуқаролари 8-ўринда фаоллик кўрсатишди. Вилоятдан жами 50 106 та овоз берилган. Яна  ҳам қувончлиси, универсал спорт майдончалари қуриладиган энг кўп овоз тўплаган маҳаллалар ўнталигининг еттинчиси Бахмал туманидаги Темирқадам МФЙ бўлиб, 15 581 та овоз тўплаб, бу натижага эришди.  Умуман, вилоятимиздан Сайҳон, Учқулоч, Пахтазор, Адиробод, Янги ҳаёт, Туркман, Боғишамол, Бунёдкор, Гулчамбар, Бахтли, Лолазор, Сармич ва Темирқадам МФЙларда  спорт майдончалари қуриладиган бўлди.

Жорий йил “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида вилоятимизда 9 та ташаббус спорт майдончалари ва спорт муасссаларида қўшимча қурилишларни амалга ошириш мақсадида илгари сурилиб, ғолиб бўлган. Спорт вазирлиги томонидан қуриладиган спорт майдончалари улардан нимаси билан фарқ қилади?

Бунда воркаут ва стритбол ўйнаш учун шароитлар бўлади. Воркаут майдонлари ҳаётимизга кириб келаётган янгиликлардан бири бўлиб, очиқ ҳавода тизимли машқлар бажаришни назарда тутади. У гантел каби махсус спорт жиҳозларисиз комплекс машқлар бажаришга имкон беради. “Кўча гимнастикаси” номи билан ҳам машҳур бўлган воркаут ҳаваскор спортчилар машғулотидир. Стритболнинг яна бир номи “кўча баскетболи” бўлиб, уч кишилик гуруҳларнинг ягона саватга тўп ташлаш учун курашидан иборат.

Кам сонли иштирокчилар, катта майдон ва махсус шароитлар талаб қилмайдиган спорт турларини оммалаштиришга қаратилган бу каби ташаббуслар замирида чекка ҳудудларда спортни ривожлантириш, болаларни ушбу фойдали машғулотга жалб этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш назарда тутилган.

 

Муқаддас САПАРОВА.    

   
   

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *