ШУҲРАТИНГ ПОРЛАСИН ТОКИ БОР ЖАҲОН!

Буюк Ватан мадҳияси миллатни  ўз озодлик йўлида, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаидир. Шунинг учун ҳам юртсевар инсонлар ўз давлати мадҳиясини нафақат тантанали ва мунаввар кунларда, ҳатто энг заҳматли ва синовли онларида ҳам тик туриб мардона куйлайдилар. У миллатни, халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган енгилмас кучга, юксак ирода ва қатъият, жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир.

Кўпгина Европа тилларида бу атама “гимн” сўзи билан ифодаланади. Бу юнон тилидаги “hymnos” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “қўшиқ” деган маънони англатади. Давлат мадҳиялари ҳам ўзига хос тарихга эга бўлиб,  улар дастлаб  ҳукмдорларни шарафлашга қаратилган. Дунёдаги энг қадимги гимн – Япония давлат мадҳияси бўлиб, унинг матни Япония тарихининг Хэйан даврида (794–1185) яратилган. Фақат 1880 йилга келиб, унга куй басталанган. Европада давлат гимнлари асосан XVIII аср ўрталарида, миллий давлатлар тузила бошлаган пайтда юзага келган. Жумладан, Буюк Британия давлат мадҳияси 1619 йилда,  Франциянинг илк давлат мадҳияси – “Марсельёза”  1792 йилда ёзилган. Бугунги кунда ҳар бир давлат мадҳияси ўша юртнинг давлат тилида ёки энг кўп қўлланиладиган тилларнинг бирида ижро этилади. Масалан, Швейцарияда давлат мадҳиясининг ҳар тўрттала (француз, итальян, немис ва фламанд) тилдаги варианти яратилган. Сингапурда тўртта давлат тили бўлгани ҳолда, мадҳия фақат малай тилида ижро этилади. Испанияда давлат мадҳиясининг матни йўқ, фақат мусиқанинг ўзи ижро этилади.

Ўзбек давлатчилиги тарихида миллий мадҳиялар ҳам алоҳида ўрин тутиб келган. Қадимги Турк ҳоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар даврида қўшинларнинг алоҳида саф қўшиқлари, ҳарбий маршлари бўлган. Замонавий кўринишдаги давлат мадҳияси илк бор юртимизда Туркистон Мухторияти даврида яратилган. Гарчи Туркистонда турли халқлар ва миллатлар яшаса-да, мадҳия матни айнан ўзбек тилида, буюк шоиримиз Абдулҳамид Чўлпон томонидан битилган.  

Мустақил Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси эса 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган. 31 йилдирки, ушбу мадҳия кўпмиллатли халқимизнинг руҳиятини осмон қадар юксалтириб, ҳар тонг ва ҳар йил бошида эзгу ва нурли марралар сари чорлайди. Ҳеч бир инсон йўқки, ўз юрти мадҳияси янграганида юраги ҳапқириб кетмаган ва ёки танини титроқ босмаган бўлсин. Чунки бу Ватан ҳақидаги қўшиқдир, бу ўтмишдаги минглаб йилларни, келгусидаги минглаб йиллар руҳини ўзида қамраган ва айнан ҳозир ижро этилаётган санъат асаридир. Ҳар гал Ўзбекистон давлат мадҳиясини тинглар эканман, озодлик ва иқбол, илм ва истиқболли келажак, фахр ва инсон қадри ҳақидаги тасаввурларим мусиқа ва юксак ижро орқали кўз ўнгимда гавдаланади. Мадҳиянинг давлат рамзи сифатидаги ўрни ана шундай бебаҳо.

   Раъно НОРБЕКОВА,

ЖДПУ инглиз тили амалиёти кафедраси катта ўқитувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *